Мазҳабларни лозим тутиш
18

Пайғамбаримиз ﷺ ҳаётлик пайтларида шариатга боғлиқ барча масалаларнинг ечимини У Зот ﷺнинг ўзлари кўрсатар эдилар. Саҳобаи киромлар эса, У Зот ﷺдан содир бўлган ҳар бир гап ва ишларни катта эътибор билан қабул қилиб, ўз ҳаётларига тадбиқ қилардилар. Аста-секин мусулмонларнинг сафи кенгайиб, ислом дини бошқа ўлкаларга ҳатто араб бўлмаган диёрларга ҳам етиб борди. Натижада, шариат ҳукмларини яхши ўрганган инсонларни кўмагига эҳтиёж сезилди. Мазҳаблар айнан шу пайтдан бошлаб пайдо бўлди.
Фиқҳий мазҳаблар муайян фиқҳий қоидалар ва принциплар асосида Қуръон ва суннатда келган далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариб олишга асосланган. Мазҳаблар орасида чиқарилган ҳукмлар борасида бироз фарқ бўлиши мумкин. Аммо, улар жузъий масалаларда бўлиб, ўша ҳукмлар орасидаги ихтилоф мусулмонлар ўртасига тафриқа солмайди.
Мусулмонлар орасида кенг тарқалган ва аксарият катта китобларда расмий деб тан олинган мазҳабларнинг энг машҳурлари Аҳли сунна вал жамоадан бўлган тўрт имомнинг мазҳабларидир.
Улар тарихий келиб чиқишига кўра қуйидагилардир: Имом Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собитнинг “Ҳанафий” мазҳаби. Имом Молик ибн Анаснинг “Моликий” мазҳаби. Имом Муҳаммад ибн Идрис Шофиъийнинг “Шофиъий” мазҳаби. Имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “Ҳанбалий” мазҳаби. Энди ҳар бир мусулмонга ана ўша мазҳабларнинг бирига эргашиш лозимдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Агар билмасангиз, зикр аҳлидан сўранг”, деб марҳамат қилади. Ушбу оятдан, билмайдиган кишилар билмаган нарсаларини доимо олимлардан сўраши ва уларга эргашиши лозимлиги маълум бўлади. Дарҳақиқат, барча усул уламолари оми одам мужтаҳид олимга тақлид қилиши кераклигига биринчи далил сифатида мана шу оятни келтирадилар. Бу ҳақиқат бизларнинг Расулуллоҳ ﷺга қилган иқтидомизда ҳам ўз ифодасини топади. Зеро, биз У зотга оддийгина бир шахс сифатидаги Муҳаммад ﷺ бўлганлари учун эмас, балки Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг (буйруқ ва қайтариқларини бандаларга) етказувчиси бўлганлари сабабли иқтидо қиламиз, холос. Худди шундай саҳобалар даврида ҳам ислом уммати олим саҳобага эргашган. Ўзларига мавҳум бўлган бирорта масалага жавобни фақиҳ саҳоба орқали топишган ва ўзи учун ўша саҳобага эргашишни лозим тутган. Шу тариқа турли ҳудудларга юборилган фақиҳ саҳобалар ўша ҳудудларнинг мусулмонлари учун эргашиладиган йўлчи юлдуз вазифасини ўташган.
Саҳобалар даврида Абу Мусо Ашъарий, Абдуллоҳ ибн Масъуд, Муоз ибн Жабал, Абдуллоҳ ибн Аббос, Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳумлар, ундан кейинги даврда Имом Ҳасан Басрий, Муҳаммад ибн Сийрин, Муҳаммад ибн Муслим Зуҳрий, Икрима, Ато ибн Абу Рабоҳ, Товус ва Саид ибн Жубайрлар турли ҳудудлардаги мусулмонлар эргашадиган кишилар бўлдилар.
Бора-бора одамлар юқорида айтиб ўтилган тўрт фиқҳий мазҳаб имомларига эргашишни ўзларига лозим тутдилар. Чунки, ўша тўрт имом ўз даврининг энг етук олимларидан эди. Уларга эргашувчиларнинг сони кўпчиликни ташкил этар эди.
Бу эргашишни янада аниқроқ айтадиган бўлсак, ўша имомлар бутун ислом умматининг, гўёки шогирдлар эргашадиган устозларига айланишдилар.
Ушбу тўрт мазҳаб муаммо ва масалаларни кенг тарзда қамраб олиши билан бирга, ўша мазҳаб имомларининг шогирдлари ҳам устозлари асос солган мазҳабларини ривожлантириб бордилар. Шу тариқа, Ҳанафий, Шофиъий, Моликий ва Ҳанбалий мазҳаблари Ислом миллати учун асл бўлиб қолди. Мусулмон киши маълум бир мазҳабга эргашмай туриб ўзича исломга амал қила олмайди. Қуръон ёки ҳадисдан тўғридан-тўғри бирор бир ҳукм чиқара олмайди. Бунинг учун мужтаҳид даражасидаги олим бўлса, бошқа гап. Аммо ҳозирги кунда етук олим бўлишига қарамай улар ҳам бирор бир мазҳабни тутиши лозим. Давр нуқтаи назаридан ҳам ушбу тўрт имом Набий ﷺга яқин даврда яшаган.
Шу туфайли, мазҳаб имомлари бирор бир масала ёки муоммога дуч келишса, энг ишончли манбалар ва далил-ҳужжатларга таянган ҳолда уларга ечим топиш имкониятига эга бўлишган. Улар Пайғамбаримизга икки ёки уч киши орқали етиб боришган, холос.
Кейинчалик ислом уммати орасида турли ихтилоф ва келишмовчиликлар чиқиб, турли оқим ва фирқаларнинг ислом шариати асосларига салбий таъсирлари сабабли, ўша тўрт фиқҳий мазҳабдан бирини тутиш лозим бўлиб қолди. Чунки, Аҳли сунна вал жамоани ташкил қилган ўша тўрт мазҳабнинг йўли айни салафи солиҳларнинг йўли эди. Расулуллоҳ ﷺ исломни одамларга қандай етказган бўлса, у худди шу тарзда ана ўша тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида сақланиб қолди.
Дарҳақиқат, ушбу тўрт мазҳаб ҳам исломни худди Расулуллоҳ ﷺ давридагидай соф ҳолда сақлаб қолиш мақсадидаги фаолият натижасида шаклланган.
Шайх Рамазон Бутий айтадилар: “Мазҳабсизлик диндан чиқиб кетишга олиб борувчи кўприкдир”. Имом Аҳмад айтадилар: “Ким динда тақлид (эргашиш) йўқ деса, Аллоҳ ва Унинг Расули олдида фосиқдир. Бу билан у сунна ва салафи солиҳлар қарашларини рад қилади”.
Мужтаҳид Абдуллоҳ ибн Ваҳб айтади: “Мен 360 та уламони учратдим. Агар Имом Молик ва Имом Лайс бўлмаганида уларнинг илмларида адашиб кетардим”. Бу билан ибн Ваҳб, ҳадисларни тушуниш ва уларни танлашда Имом Молик тушунча бермаса эди адашиб кетар эканман, деб айтмоқчи бўлган. Яна у шундай дейди: “Агар фиқҳ имоми бўлмаса ҳадис илмлари кишини адаштирар эди. Имом Таҳовий, ибн Сурайж, Қудурий, Сарахсий, Жувайний, Ғаззолий, Нававий ва кўплаб мужтаҳид уламолар тўрт мазҳабдан бирига эргашган. Ваҳоланки, уларнинг илмлари денгиз бўлиб, бугунги кунда барча мусулмонлар уларнинг илмларидан фойдаланиб келмоқдалар”.
Шу сабабли, ҳар бир мусулмон киши исломга тўғри амал қилиши учун ўша мазҳабларнинг бирига эргашиши лозимдир. Шуни айтиб ўтиш керакки, ўлкамизнинг аксарият аҳолиси қадимдан то ҳозирги кунга қадар ўша тўрт мазҳабнинг Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит асос солган Ҳанафий мазҳабига ергашиб келади. Юртимиздаги деярли барча китоб ва манбалар ҳам ушбу мазҳаб доирасида ёзилгандир.
Оллоёр ОМОНОВ
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
