Жума кунининг фазилати ҳақида

111

Кунларнинг энг яхшиси жума кунидир.

Жума куни Одам яратилган ва жаннатга киритилган ҳамда жума куни у ердан чиқарилган.

Жумадан жумагача агар кабира (улкан) гуноҳлардан сақланилган бўлса, бўлиб ўтган кичик гуноҳларга каффоратдир.

Чиройли таҳорат қилиб, кейин масжидга келиб, ваъзга жим қулоқ тутиб турса, икки жума ўртасидаги ва яна уч кунни қўшиб, ҳаммаси бўлиб, ўн кун ичидаги гуноҳи кечирилади.

Жума намозига келганда, ювиниб (ғусл қилиб) келиш.

Жума куни ювиниб, имкони борича тозаланиб, хушбўй ёғлардан, (атирлардан) суртиб, кейин масжидга борса, у ерда икки киши орасидан суқилиб ўтмаса, насиб қилганича намоз ўқиса, имом хутбада ваъз қилаётганда жим туриб эшитса, ўша жума билан кейинги жума орасидаги гуноҳлари кечирилади.

Жума намозига эртароқ яъни биринчилардан бўлиб масжидга боришлик, гўёки бир туяни қурбонлик қилишдек, кимки иккинчи соатда, яъни иккинчи бўлиб масжидга борса, гўё бир сигирни, кимки учинчи соатда масжидга келса, гўё шохли бир қўчқорни, кимки тўртинчи соатда масжидга келса, гўё товуқни қурбонлик қилгандек, кимки бешинчи соатда масжидга келса, гўё бир тухумни эҳсон қилиб, Аллоҳга қурбат  ҳосил қилгандек бўлади. Агар имом хутба айтиш учун жойидан чиқса, фаришталар зикр эшитиш учун ҳозир бўлишади.

Жума кунидаги дуолар қабул бўладиган бир соат бор. Агар мусулмон банданинг Аллоҳдан бирор нарсани сўраши ўша пайтга мувофиқ келса, Аллоҳ у сўраган нарсани беради.

Жума кунида салавот айтишни кўпайтириш. Зеро, Набий ﷺ: “Кунларингизнинг энг афзали жумадир. Ўша кунда менга салавот айтишни кўпайтиринглар. Чунки салавотларингиз менга кўрсатилади”, деганлар”

Пайғамбаримиз ﷺга БИР ДОНА саловат айтишнинг фазилати ҳадисларда:

Набий ﷺ:

🌱 “Жума куни менга саловот айтишни кўпайтиринглар, чунки у гувоҳликка ўтадиган кундир, малоикалар ҳам гувоҳлик берурлар. Агар бирор кимса менга саловат айтса, уни менга кўрсатилади, ҳаттоки ундан фориғ бўлгунига қадар”, дедилар. (Ибн Ҳузайма Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривояти.)

Набий ﷺ:

🌱 “Менга саловот (айтишни) ни кўпайтиринглар, чунки сизларни менга йўллаган саловотларингиз ўз гуноҳларингиз учун мағфират бўлур. Менга эса даража ва василани талаб қилинглар. Бас албатта менинг василам, Роббимнинг ҳузурида, сизлар учун шафоат бўлур”, дедилар. (Ибн Асокир Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳумодан ривояти.)

Набий ﷺ:

🌱 “Менга айтилган саловот сиротда нурдир. Ким менга жума куни саксон марта саловот айтса, саксон йиллик гуноҳи кечирилади”, дедилар. (Ал-Аздий Зуафода фақат Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

Набий ﷺ:

🌱 “Бирор банда менга саловот айтар экан, фаришталар ҳам унга саловот айтишади. Гарчи у оз бўлсин, ҳоҳ кўп бўлсин”, дедилар. (Ҳоким, Ибн Ҳузайма ва Зиёларнинг Омир бин Робийъа розияллоҳу анҳудан ривояти.)

Набий ﷺ:

🌱 “Мен кимни ҳузурида зикр қилинсам , бас менга саловот айтсин! Бас ким менга бир марта саловот айтса, Аллоҳ унга ўн бор саловот айтади”, дедилар. (Насоий Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

Набий ﷺ:

🌱 “Менга саловот айтинглар, чунки менга йўллаган саловотингиз, ўзингиз учун закотдир (яни покликдир)”, дедилар. (Ибн Мурдавайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.)

Абу Саид ал Худрийдан ривоят қилинади.

Пайғамбаримиз ﷺ айтадилар:

“Жума кунлари Қаҳв сурасини ўқиганнинг икки Жумаси ойдинлашади. (бу жума билан кейингисининг орасидаги кунлари)” Ҳоким, Байҳақий ривояти.

Пайғамбар ﷺ шундай деганлар:

“Ҳар ким Жума куни Қаҳв сурасини ўқиса, тагидан самога қадар у учун бир нур юксалади. У нур қиёматга қадар порлайди. У инсоннинг икки Жума ўртасидаги гуноҳлари авф этилади”.

            “Жума куни сура-и Қаҳвни ўқиган инсон саккиз кун барча фитналардан муҳофаза этилади. Дажжол чиқса уни найрангидан ҳам муҳофаза этилади”.

“Бир одам Жума куни ёки Жума кечаси сура-и Қаҳвни ўқиса, ўқиган жойидан Макка-и Мукаррамага қадар нур тўлади. Келгуси Жумага қадар гуноҳлари авф этилади. Етмиш минг фаришта тонгга қадар Аллоҳдан уни авфини тилашади”.

“Ҳар ким Жума намозидан кейин Ихлос, Фалақ, Нос сураларини етти маротаба ўқиса, келгуси Жумага қадар Аллоҳ субҳанаҳу ва таолони ҳимоясида бўлади”.

 

 

Манбаалар асосида

Нилуфар БЕРДИЕВА тайёрлади.

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси

“Ўқув-услубий” бўлим бошлиғи