Рамазони шариф — раҳмат ва мағфират ойи
25

Рўза Исломнинг беш асосидан бири бўлиб, пайғамбар юборилган ҳар бир умматга фарз қилинган. Қуръони каримда “…сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди”, “…сизлардан ким бу ойга ҳозир бўлса, рўза туцин”[1] каби хитоблар билан рўзанинг фарзлиги собит бўлган ва фиқҳий асосларидан баҳс юритилган. Ҳаммага фарз қилинган рўза қамарий Рамазон ойининг рўзасидир. Диннинг устуни ва таянчи намоз бўлса, жамиятники закот, руҳники эса рўзадир.
Ҳар бир илоҳий амрда ўзига хос ҳикмат бўлади. Рўзанинг барча хусусияти ва ҳикмати ёлғиз Аллоҳга аён. Бир нарса аниқки, Рамазон — раҳмат ва мағфират ойи, ойларнинг султони ва энг улуғидир. Рўза жасадга ҳам, руҳга ҳам файз бағишлайди, уни қайта тирилтиради. Моддий ва маънавий зарарлардан муҳофаза қилади. Бошқа ойларга нисбатан бу ойда Аллоҳга яқинлашиш, улуғ ажру-мукофотларга сазовор бўлиш имкониятлари кўпроқ. Қадр кечасининг минг ойдан афзаллиги, бу кечада қилинган ибодатнинг савоби минг ойлик қилинган ибодатнинг савобидан ортиқлигини бир тасаввур қилиб кўрсак. Бу ойда ихлос, самимият ила тавба қилсак, гуноҳларимиз кечирилади, дуолар қилсак, ижобат бўлади, иншааллоҳ! Ҳатто, фаришталар ҳам бу ойда Аллоҳнинг махсус фармонини бажариш учун ерга тушадилар…
Қуръони карим шу ойда нозил бўлди. Аллоҳнинг расули одамларни ислом динига даъват қилишни шу ойда бошлади. Шу ойдан бошлаб ислом дини зафарга куч-қувватга, нурга тўлаверди. Шунинг учун ҳам Рамазон ойи ва Рамазон рўзаси бутун уммат тарафидан буюк бир муҳаббат ва айрича ҳурмат билан еъзозланади.
Бу ойда ер юзининг турли тарафидаги мусулмонлар муштарак туйғу ва муштарак қарашлар билан бирлашадилар: бир хил вақтда очиқадилар, чанқайдилар, жамоат бўлиб тартибли, эътиқодли ҳолатда Аллоҳга таслим бўладилар, муҳаббат намунасини кўрсатадилар. Яхшилик, хайру саховат эшиклари барчага баробар очилади. Аллоҳнинг авф ва мағфират хазинасидан ҳар бир мўмин ўз улуш ва насибасини олишга ҳаракат қилади. Мўмин-мусулмонлар рўза давомида руҳларини сабр-қаноат, машаққат ва қийинчиликларда тоблайдилар. Аллоҳ берган неъматларнинг қадрига этиш ҳақида ўйлай бошлайдилар…
Рўза исломнинг бошқа аҳкомлари ва ибодатлари каби жамият ҳаёти ва тараққиётига ҳам шубҳасиз ижобий таъсир кўрсатади. Хатми Қуръон, таровеҳ намозлари ва ифторликлар мусулмонларни янада жипслаштиради, уларда меҳр оқибат, дину-диёнат туйғуларини жунбушга келтиради.
Рамазони шариф ҳар бир мусулмон яхши кутиб олиб, ҳурмат ва иззатини ўз жойига қўйган ҳолда кузатишни орзу қилади. Бунинг учун, аввало, биз бу муборак ойнинг хислат ва фазилатларидан хабардор бўлмоғимиз лозим. Чунки, рўза ойи ҳар йилда бир келиб кетадиган азиз меҳмон. Уйимизга бир меҳмон келадиган бўлса, уни яхши кутиб олиб, ҳурматини жойига қўйиб, кўнгилдагидек кузатиш учун бор имкониятларимизни ишга соламиз.
Худди шунингдек, моҳи Рамазонни ҳам иштиёқ ва ихлос билан кутиб олиб, унда қўлимиздан келганча солиҳ амалларни қилишга ҳаракат етмоғимиз лозим. Ҳар бир мусулмон бу ойда ўзининг имон ва ихлосини чархлаб, унга сайқал бериб, еътиқоду имон нурини зиёда қилиб олиши зарур. Зеро, ҳар қандай мусулмон одам ҳам йил мобайнида нафсоний иштиёқларини қондириш билан овора бўлиб, кундалик турмуш жараёнида содир бўлаётган турли салбий ҳолатлардан таъсирланиши натижасида унинг нури, имони анча хиралашиб, ақидаси ҳам анча-мунча заифлашиб қолади. Шунинг учун ҳам жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам васиятларида “Тез-тез уламо ва фузалоларнинг илмий суҳбатларини топиб турингизлар. Гоҳ-гоҳида Қуръон оятларининг тиловати ёки уларни қулоқ солиб тинглаш билан машғул бўлинглар. Шундай қилсангиз, занглаб қолган дилларингиз сайқалланиб, нури зиёда бўлиб туради”,-деб марҳамат қилган еканлар. Худди шу сингари, Рамазон ойи ҳам дилларимизни йиғилиб қолган ғуборлардан тозалаб, вужудимизни ахлоқий фазилатлар касб этишга тайёрлаб оладиган ғанимат бир фурсатдир. Бинобарин, бу ой бошқа ўн бир ойдан фарқ қилиши керак. Шунинг учун масжидларда хатми Қуръон жорий этилади. Бундай маросимларда Қуръони карим бир карра тўлиқ ўқиб, ешиттирилади. Қуръони карим эса ер юзидаги барча мусулмонларнинг енг муқаддас китоби ва диний ҳаётлари учун дастуруламал ҳисобланмиш илоҳий қонун-қоидалар мажмуасидир. Мусулмон бўла туриб мусулмончиликдаги қонун-қоидаларни билмайдиган одам ҳар қадамда билиб-билмай гуноҳу-маъсиятга йўл қўйиши мумкин. Шунинг учун мусулмонлар ўзлари билмайдиган масалаларнинг ечимини биладиганлардан сўраб, билиб олишлари керак бўлади.
Зотан, бу ҳақда Аллоҳ таоло ҳам Қуръони каримда қуйидагича марҳамат қилган:
فَسَۡٔلُوٓاْ أَهۡلَ ٱلذِّكۡرِ إِن كُنتُمۡ لَا تَعۡلَمُونَ ٤٣
“Агар ўзларингиз билмасангизлар, биладиган аҳли илмлардан сўраб, билиб олинглар”[2] .
Калимаи шаҳодатдан сўнг келадиган амрларнинг биринчиси намоз, иккинчиси закот, учинчиси рўза. Рўза руҳнинг озуқаси, қалб юксалишининг энг буюк омили. Ҳам жасадга ҳам руҳга фойдалидир. Инсонлар рўза туфайли нафсларига ҳоким бўлишга интиладилар. Бошқа ибодатлар эса нафсини жиловлашга асосий ёрдамчилардир, зеро, фақат рўза билангина нафсни идора қилиб бўлмайди. Рўза руҳга маънавий озуқа беради, инсонни малакут оламига йетказади. Ҳақ жалла жалалуҳунинг пинҳоний марҳаматларига ериштиради.
Аслида рўза ваҳимали, қўрқинчли нарса емас. Соғлиққа энг фойдали ибодат ҳам рўзадир. Зотан одатдаги ҳар кунги овқатланишимиз бизга ортиқчалик қилади.
Зеро, кўп ейиш сабабли бир қанча хасталиклар ўз-ўзидан келиб чиқади.
Рўза қиёмат куни рўзадорларни шафоат қилиб: “Ё, Роббим, булар сенинг розилигинг учун ейиш ва ичишни, шаҳватни тарк қилиб рўза тутдилар, буларни бизга бағишла!”-дейди.
Қуръон ҳам Қуръон ўқувчиларни: “Ей роббим, булар кечалари уйқуларини, кундузлари ишларини ташлаб, сенинг китобингни ўқиш билан машғул бўлдилар. Буларни ҳам бизга бағишла!”-деб шафоат қилади.
Буларнинг шафоати ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шафоатлари каби рад етилмайди, қабул бўлиб, мағфирати илоҳийга ва жаннатга киришига сабаб бўлади.
Ҳазрати Умома розияллоҳу анҳу:
-Эй, расулуллоҳ, менга бир вазифа буюринг,-дебди.
-Рўза тутишда давом етинг, шубҳасиз, унинг савобининг тенги йўқдир,- деб марҳамат қилганлар.
У киши такроран уч бор сўраганида ҳам, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Рўза тутишда давом етинг, зеро, рўзанинг баҳоси йўқдир” дедилар. Шунинг учун Умоманинг уйида ўчоқ ёқилмасди. Фақат меҳмон келгандагина ўчоқларига олов ёнарди. Лекин рўзани ўз қоидасига мувофиқ тарзда тутишга диққат ва аҳамият бериш керак. Бундай тутилган рўза (фарзни, нафлни) соҳибини ҳам жаҳаннам оловидан қутқаради, ҳам жаннатга дохил қилади.
Рамазонда рўзадорга беш хислат берилдики, булар бошқа умматларнинг ҳеч бирига берилмаган:
- Рўзадорнинг оғзидан келадиган ҳид Аллоҳ таоло наздида мушк ҳидидан ҳам яхшироқдир.
- Ифтор қилингунча фаришталар ҳам рўзадор учун истиғфор айтиб, унга мағфират талаб қиладилар.
- Ҳақ таоло ҳар куни жаннатнинг зийнатини оширади.
- Шайтонларнинг саркашлари банд этилади.
- Охирги кечада бутун рўзадорлар мағфират қилинадилар.
Раҳмати илоҳий шунчалар кенгки, уни тасаввур қилишга инсониятнинг ақли етмайди. Беш вақт намоз ҳар намоз орасидаги хатоларга, жума кунги намоз икки жума орасидаги хатоларга, Рамазон ойи ибодатлари бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Фақат мўмин киши гуноҳи кабирадан, яъни катта гуноҳлардан ўзини сақлаши керак.
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Алимардон Кароматов (Манбалар асосида тайёрланди).
[1] Bаqаrа surаsi, 183-184-оyatlаr.
[2] Nаhl surаsi, 43-оyat.
