“ОМИН”НИ НАМОЗДА ОВОЗ ЧИҚАРМАЙ АЙТИШ АФЗАЛМИ ЁКИ ОВОЗ ЧИҚАРИБ АЙТИШМИ?

26

Ушбу масала ўзаро ихтилофларнинг энг машҳурларидан бири десак, муболаға килмаган бўламиз. Албатта, бизда бу масала айнан шу тарзда ўртага қўйилгани йўқ. Балки “Намозда “омин” овоз чикариб айтиладими ёки йўқми?” тариқасида қуйилди. Аслида эса мазҳаббоши уламоларимиз, мужтаҳидларимизнинг ҳаммалари бир овоздан: “Намозда Фотиҳа сурасидан кейин “омин”ни айтиш суннатдир”, деб иттифок килганлар. Аммо “омин”ни овоз чикармай айтиш афзалми ёки овоз чикариб айтиш афзалми, деган масалада икки хил йўл тутганлар.

Баъзилари, жумладан, шофеъий ва ҳанбалий мазхаби уламолари “омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал деганлар.

Иккинчи бир гуруҳ уламоларимиз, хусусан, ханафий ва моликий мазҳаби уламолари: “омин”ни ичида айтган афзал деганлар. Чунки Расулуллоҳ ﷺдан қилинган ривоятларда мазкур икки ишга ҳам далил топилган. Кейинчалик ҳар бир томон нима учун шу икки ишдан айнан бирини афзал деб билганини тушунтириш мақсадида ўз далилларини келтириб, иккинчи томоннинг далиллари ҳақида ҳам ўз мулоҳазаларини айтганлар.

“Омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал”, деганларнинг далиллари ва уларнинг муноқашаси. Энди “Намозда Фотиҳа сурасини ўкиб бўлгандан кейин “омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал”, деган томоннинг далилларини келтирамиз. Бу томоннинг энг машҳур вакиллари, аввал ҳам айтиб ўтилганидек, шофеъий ва ҳанбалий мазҳабларидир. Қадимги китобларимизда хам ушбу масалада сўз кетганда мазкур томон вакиллари сифатида биринчи бўлиб улар зикр килинадилар. Шунинг учун биз “Омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал, деганлар” деганимизда шофеъийларни ҳам, ҳанбалийларни ҳам ва улардан бошқаларни ҳам назарда тутган бўламиз.

Биринчи далил:ُّ

Абу Хурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ: “Имом “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн”, деса, “Омин”, денглар, чунки кимнинг айтгани фаришталарнинг айтганига тўғри келса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, дедилар”.

Имом Бухорий ривоят қилган. Шофеъий ва ҳанбалийлар ҳамда улар билан ҳам- фикр томонлар: “Ушбу хадисда Расулуллоҳ ﷺ бизни имом “Омин”, деганидан кейин “Омин”, дейишга амр килмокдалар, шунга биноан, биз уни айтишимиз лозим”, дейишади.

“Омин”ни овоз чиқармай айтиш афзал”, деганлар, яъни асосан ҳанафий ва моликийлар эса: “Омин”ни айтиш лозимлиги жуда ҳам тўғри, шунинг учун биз хам айтамиз. Лекин ҳадиси шарифда “Омин”ни овоз чиқариб айтинг”, дейилгани йўқ-ку! Шунинг учун бу ҳадиси шарифни “омин”ни овоз чиқариб айтишга далил қила олмайсизлар”, дейишади.

Дарҳақиқат, бу ҳадис икки томонга ҳам бир хил далил бўла олади.

Иккинчи далил:

Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳу айтди:

“Расулуллох ﷺ бизга хутба қилдилар, суннатимизни баён этдилар, намозимизни ўргатдилар ва: “Намоз ўқисангиз, сафгатуринглар, бирингиз сизга имом бўлсин, у такбирайтса, сиз хам такбир айтинг, у “Ғойрил мағдубиъалайҳим валаддоллийн”, деса, “Омин”, денг, Аллоҳ ижобат қилади”, дедилар”. Имом Муслим ривоят қилган.

“Омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал”, деганлар Расулуллоҳ ﷺнинг “омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақидаги қуйидаги ҳадисни ҳам далил қилиб келтирадилар:

Воил ибн Хужр Ҳазрамий розияллоҳу анҳудан ри воят қилинади:

“Расулуллоҳ ﷺ намозни тугатганларида кўрдим. Ҳатто юзларини у тарафдан ҳам кўрдим, бу тарафдан ҳам кўрдим. Ул зот: “Ғойрил мағдуби ъалайҳим валаддоллийн”, деб қироат қилдилар ва овозларини чўзиб: “Омин”, дедилар. Буни бизга ўргатиш учунгина қилдилар, деб ўйлайман”.

Ҳофиз Абу Бишр Даволибий ривоят қилган.

“Омин”ни ичида айтган афзал”, деганларнинг ҳужжатлари. Бу фикр асосан ханафий мазҳаби томонидан айтилгани аввал ҳам айтиб ўтилган эди. Ушбу ўринда ҳанафий уламоларнинг далилларини келтириб ўтамиз. Аввало шуни айтиб кўйиш лозимки, ҳанафий уламолар, баъзиларимиз даъво қилаётганидек, одамларни ўз фикрларига юргизишга уринмаганлар.

Фақат улар ҳар бир ҳукмга Куръон ва Суннатдан аниқ бир далил келтиришга, тўғрироғи, Куръон ва Суннатдан истинбот қилинган ҳукмларни оддий кишиларга етказишга ҳаракат қилганлар, холос. Буни қуйидаги мисоллардан билиб олсак ҳам бўлади.

Биринчи далил:

“Омин” лафзи дуодир. Унинг маъноси “ижобат кил”, яъни “дуони қабул қил”, демакдир. Қандай дуо қилиш ҳақида Аллоҳ таоло Аъроф сурасида шундай марҳамат килади: “Роббингизга тазарруъ ила ва махфий дуо қилинг! Албатта, У тажовузкорларни хуш кўрмайди” (55-оят).

Демак, “омин”ни ичимизда айтсак, мазкур оятга амал қилган бўламиз.

Иккинчи далил:

“Омин” лафзи Қуръондан эмаслиги ҳаммамизга маълум. Бунинг устига, ушбу лафз арабча ҳам эмас. “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм” эса Қуръонда келган, яна Аллоҳ таоло бизга Қуръон ўқигани- мизда уни айтишни вожиб қилган. Шундай бўлса ҳам “Аъуузу биллаҳи минашшайтонир рожийм”ни намозда ичимизда айтамиз. Нима учун энди “омин”ни овоз чиқариб айтишимиз керак?!

Учинчи далил: Ҳасан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Самура ибн Жундуб ва Имрон ибн Хусойн розияллоху анҳумо эслашиб ўтиришди. Самура ибн Жундуб розияллоҳу анҳу Расулуллох ﷺ дан икки сактани (бир оз жим туришни) — такбир (тахримани) айтгач сакта қилишни ва “ғойрил мағдуби алайҳим валаддоллийн”нинг қироатидан фориғ бўлгач сакта килишни ёдлаб қолганини айтди. Имрон ибн Хусойн унинг бу гапини инкор килди. Сўнг икковлари Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳуга мактуб ёзишди. Унинг икковларига (ёзган) мактубида ёки уларга берган жавобида – “Батаҳқиқ, Самура ёдлаб олибди”, дейилган эди”. Имом Абу Довуд ривоят қилган.

Демак, Расулуллох ﷺ намозни бошлашдаги такбир айтишдан кейин ҳам, Фотиҳа сурасини ўқиб бўлганларидан кейин ҳам бироз жим туришни одат килганлар. Мана шу ҳақдаги мунозарада саҳобан киромлар ҳам айни шу ҳақиқатни тасдиқлаган эканлар. Ҳанафий уламолар ўз гапларини тасдиқлаш учун ушбу маънога яқин яна бир қанча ривоятларни келтирадилар.

Тўртинчи далил: Абу Воил розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Али ва Ибн Масъуд “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм”ни ҳам, “аъуузу”ни ҳам, “омин”ни ҳам овоз чиқариб айтмас эдилар”.  Табароний ривоят қилган.

Расулуллох ﷺ билан доимо бирга юрган ҳазрати Али ва Абдуллоҳ ибн Масъуд каби ниҳоятда илмли саҳобийларнинг “омин”ни ичларида айтишлари ҳам кучли далил ҳисобланади. Бошқа бир ривоятда ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ҳам “омин”ни ичларида айтиб намоз ўкиганлари таъкидланади.

Ҳанафий уламолар худди шу маънодаги, лекин бошқа саҳобаи киромларнинг исмлари зикр қилинган ривоятларни ҳам келтирадилар.

Бешинчи далил:

Намоз жуда ҳам машҳур ибодат ҳисобланади. Расулуллоҳ ﷺ намоз фарз бўлган кундан бошлаб ҳар куни беш вакт намозни жамоат билан ўқиганлар. Ул зот ﷺнинг хар бир намозлари минглаб кишилар томонидан синчковлик билан кузатиб борилган. Агар “омин”ни овоз чиқариб айтиш афзал бўлганида, у зот бу нарсани баён қилган бўлар ва орада ҳеч кандай шубҳа қолмас эди. Ҳолбуки, у зот ﷺнинг ўзлари имомлик қилаётганларида, баъзан таълим учун биринчи сафдагилар эшитадиган қилиб “Омин”, деганларидан бошка ҳеч бир далил йўк. Айниқса имомга иқтидо қилган кишиларнинг “омин”ни овоз чиқариб айтганлари ҳақида ҳеч қандай ривоят маълум эмас.

Азиз китобхон! Биз “омин”ни намозда овоз чиқариб айтган афзалми ёки овоз чиқармай айтган афзалми, деган масала бўйича қадимги уламоларимизнинг ижтиҳодларини жуда ҳам мухтасар равишда баён қилдик. Шу билан бирга, иккита ҳамаср уламоларимизнинг гапларини ҳам келтирдик. Энди ўз-ўзидан, шунчалик баҳс қилинган нарсани яна кўзғашнинг нима кераги бор эди, деган савол пайдо бўлиши табиий. Биз айтамизки, бирор-бир масалани яхшилаб ўрганмай, таҳлил қилмай туриб, кўпчилик ичига олиб чиқилса, ноқулай ҳолат юзага келиши турган гап. Ушбу фикрни қувватлаш учун яна бир масалада алоҳида тўхталишга ва бироз таҳлил қилишга ижозат бергайсиз.

Шарифбоев Абдулатиф

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассаси талабаси

“Ёш илмий тадқиқотчи” жамияти аъзоси