АМАЛ ИЙМОНДАНМИ?
53

Дунёда ва охиратда саодатга эришиш учун ҳар бир мусулмон киши ақоид илмини пухта билиши лозим. Имом Ғаззолий ўзининг “Иҳёу улумуд дин” номли китобида ақоид илмига шундай таъриф беради: “Ақоид” тавҳид идрок этиладиган, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг зоти ва сифатлари билинадиган илмдир”.
Мулла Алий Қори ақидага таъриф бериб, “Эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс қилинадиган илмдир”, деган.
Амал иймоннинг моҳиятидан бир бўлакми ёки йўқми деган масалада мусулмонлар ўртасида ихтилоф борлиги учун ҳам бу борада турли хил қарашлар келиб чиққан.
Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ:
[1](الإيمان إقرار باللسان تصديق بالجنان)
“Иймон тил билан иқрор бўлиб, қалб билан тасдиқ қилиш” деган. Аллома Акмалиддин Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Бобартий: “Иймон луғатда “тасдиқлаш” маъносида деган. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломнинг акалари ҳақида хабар бериб шундай дейди.
(وما أنت بمؤمن لنا)
“Сен бизни тасдиқловчи эмассан” (Юсуф сураси, 17-оят)
Мутакаллим уламоларнинг наздида иймон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таолонинг ҳузуридан келтирган нарсаларни тасдиқлаш ва уларга ишонишдир. Яъни Аллоҳга, фаришталарга, китобларга, расулларга, охират куниига ва бундан бошқа батафсил иймон келтириш вожиб бўлган нарсаларга иймон келтириш, ишониш иймон дейилади. Ким шуларни тасдиқласа, у мусулмон дейилади.[2]
Имом Абу Ҳанифа, Абу Мансур Мотурудий, Абул Ҳасан Ашъарий, қози Абу Бакр Боқиллоний ва Абу Исҳоқ Исфиройинидан қилинган ривоят (нақл)да тил билан иқрор қилиш дунёда ислом ҳукмларини жорий қилиш учун шартдир.
Иймон икки хил бўлади:
1) мутлоқул иймон.
2) иймонул мутлоқ.
Мутлоқул иймон деганда, кичик миқдордаги иймон – тасдиқ назарда тутилади ва инсон мусулмон ҳисобланади ҳамда жаҳаннамда абадий қолишдан халос бўлади.
Иймонул мутлоқ деганда, иқрор ва амални қамраган комил иймон назарда тутилади. Бундай иймон жаҳаннамга киришдан сақлайди[3].
Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ: “Амал иймондан, иймон амалдан бошқадир” деган. Бу гапнинг далили шулки, кўпинча мўмин кишидан амал кўтарилиб туради ва бу вақтда ундан иймон кўтарилиб турибди дейилмайди. Масалан, ҳайз кўрган аёлдан намоз соқит қилинади. Лекин Аллоҳ таоло бу аёлдан иймонни кетказиб туради ва иймонни тарк қилиб туришга буюради, дейилмайди-ку, ёки ҳайз кўрган аёлга рўзани тутмай тур кейин қазо қилиб берасан дейилади, лекин иймонни қўйиб тур кейин қазо қилиб берасан дейилмайди-ку, ёки фақир кишига закот бериш вожиб эмас, лекин фақир кишига иймон келтириш вожиб эмас, дейиш ҳам жоиз эмас-ку.
Имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ ва аҳли ҳадислар амал иймоннинг бир бўлаги эмас, дейишган. Имом Шофеий, Авзоий, Аҳмад ибн Ҳанбал ва аҳли зоҳирлар иймон қалб билан тасдиқлаш, тил билан иқрор қилиш ва рукнларга амал қилиш дейишган.
Амал иймонга киради деганлар ўзаро ихтилоф қилишган. Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ амални тарк қилиш иймондан чиқармайди деган. Бу гап жуда ғалати гап, чунки тасаввур қилинг, агар бир нечта маълум нарсаларнинг тўпламига иймон дейилса, шу иймон тўпламининг баъзиси топилмаслиги билан, иймон тўплами топилмаган ҳисобланади, натижада амални тарк қилган киши иймон келтирган ҳисобланмайди. Аммо Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ амал иймон моҳиятининг бир қисми демаган.
Имом Ҳофиз ибн Ҳажар “Фатҳул Борий” китобининг 46 саҳифасида: “Салафлар иймон қалб билан эътиқод қилиш тил билан иқрор бўлиш ва рукнларга амал қилишдир. Бундан улар амаллар иймоннинг комил бўлишидаги шарт эканлигини назарда тутишган” дейди[4].
Аллома Мулла Алий Қори роҳимаҳуллоҳ “Шарҳу Бадъул амалий” китобининг 32 саҳифасида: “имом Моликдан, Шофеийдан, Авзоийдан “амаллар иймон моҳиятининг остига киради” деб нақл қилинган” дейди. Яна у киши айтадиларки: “Бу гапнинг зоҳирий маъноси, баъзи муҳаққиқ уламолар айтганидек, амал комил иймоннинг остига киради, мўътазила ва хаворижлар даъво қилганидек, амални тарк қилиш билан иймондан ажраб қолинмайди”.
Аллоҳ таоло Қурони каримда амалларни бир нечта ўринда иймонга атф қилиб келтирган.
(الذين يؤمنون بالغيب ويقيمون الصلاوة)
“Ғайбга иймон келтирадилар ва намозни қойим қиладилар” (Бақара сураси, 3-оят)
(إن الذين آمنوا وعملوا الصالحات)
“Иймон келтирганлар ва солиҳ амал қилганлар” (Бақара сураси, 277-оят)
Қуръони каримда бунга ўхшаган оятлар талайгина. Наҳвшунос олимларнинг айтишича, “маътуф” ва “маътуфун алайҳи” бошқа-бошқа нарса ҳисобланади[5]. Демак, амал иймондан бошқа нарса экан.
Бошқа бир оятга кўра иймон, амаллар дуруст бўлиши учун шарт ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ таоло Қурони каримнинг бир неча ўринларида шарт қилиб келтиради. Аллоҳ таоло айтади.
ومن يعمل من الصالحات وهو مؤمن
“Ким мўмин бўлган холида солиҳ амал қилса” (Тоҳа сураси, 112-оят)
Шарт бошқа, шарт қилинган нарса бошқа ҳисобланади. Яна Аллоҳ таоло иймон исми билан хитоб қилиб, сўнгра амалларни вожиб қилди. Бу оят ҳам амаллар иймондан бошқа эканига далил бўлади.
يا أيها الذين آمنوا كتب عليكم
“Эй иймон келтирганлар сизларга фарз қилинди” (Бақара сураси, 178,183-оятлар).
Ушбу оятда ҳам шарт бошқа, шарт қилинган нарса бошқа экани ва иймоннинг рукни тасдиқ эканига далил бор. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таолонинг душманлари азоб ҳақ эканлигини кўрганларида ва жанг вақтида биринчи бўлиб амалга эмас, иймон калимасини айтишга шошилишган. Шунингдек, Қуръони каримда Фиръавннинг сувга ғарқ бўлиши аниқ бўлганида, иймон калимасини айгани келтирилган.
«ءامنت أنه لآ إله إلا الذي ءامنت به بنوا إسراءيل»
“Ундан ўзга Илоҳ бўлмаган Бану Исроил иймон келтирган Илоҳга иймон келтирдим” (Юнус сураси, 90-оят)
Имом Таҳовий “Ақийдату Таҳовийя” китобида:
“الإيمان إقرار باللسان و تصديق بال جنان”
“Иймон тил билан иқрор қилиб қалб билан тасдиқлашдир” деган. Абу Мансур Мотурудий “аслида иймоннинг ҳақиқати қалбнинг тасдиқидир. Лекин қалбнинг иши махфий бўлганлиги сабабли тасдиқнинг ўзи етарли эмас. Шунинг учун Аллоҳ таоло тил билан иқрор қилишни иймонга далил қилди ва дунёда шаръий ҳукмлар жорий бўлиши учун шарт қилди. Агар бир киши иймон келтириши вожиб бўлган нарсаларни қалбида тасдиқласа, Аллоҳ таолонинг ҳузурида мусулмон ҳисобланади. Чунки Аллоҳ таоло қалбдаги нарсаларни ҳам банданинг тасдиқини ҳам билувчи зотдир. Бироқ дунёда шариат ҳукмларида иқрори бўлмагани учун мўмин саналмайди. Чунки дунёда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.[6]
Шунингдек, Жаброил ҳадисида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан иймон ҳақида сўралганда, “Иймон Аллоҳ таолога ва малоикаларига ва китобларига ва расулларига ва охират кунига ва тақдирнинг яхшисию ёмони Аллоҳдан эканига иймон келтиришингдир, сўнгра бу жаброил дийнинггизни таълим бериш учун келди” дедилар. Агар иймон амал, тасдиқ ва иқрордан иборат бўлганида пайғамбар алайҳиссалом буни баён қилиб берган бўлар эди[7].
Ақидатут Таҳовия китобида Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ: “Қибладошларимиздан пайғамбар алайҳиссалом олиб келган барча нарсани тан олган, у зот айтган барча сўз ва ҳабарни (ёлғонга чиқармай) тасдиқлаган кишиларни “мўмин-мусулмонлар” деймиз” деган. Чунки набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бизни қибламизга қараб намоз ўқиса ва биз сўйган жонлиқлардан еса у биздандир” деб марҳамат қилганлар.
Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ: “Қибладошларимиздан бирортасини гуноҳ туфайли, модомики ўша гуноҳни ҳалол санамаса, кофирга чиқармаймиз”[8] деди. Демак ким исломдаги бирор рукнни тарк қилишни ҳалол санамас экан, уни кофир дея олмаймиз.
Имом Таҳовий роҳимаҳуллоҳ:“Бандани иймонга нима олиб кирган бўлса, ўша нарсани инкор қилган холатдагина иймондан чиқади” деди. Чунки иймон билан куфр бир-бирига зид нарсадир. Агар бир киши тасдиқ ва иқрор билан исломга кириб, мусулмон бўлса, исломни инкор қилиш ва ёлғонга чиқариш билан диндан чиқиб, кофир бўлади. Масалан, рукнлардан бири намозни инкор қилса, кофир бўлади. Гуноҳи кабира қилган бўлса-да бироқ қатиъй тасдиқи ва иқрори турган бўлса, иймондан чиқмайди.[9]
Имом Аъзам роҳимаҳуллоҳ:“Осий кишидан иймон исмини кетказмаймиз ва уни ҳақиқий мўмин деб атаймиз” дедилар. Чунки тасдиқловчи киши пайғамбар алайҳиссалом олиб келган барча нарсаларни тасдиқловчи ҳисобланади. Айнан манашу нарса иймоннинг ҳақиқатидир. Аллоҳ таоло пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга мўминларнинг ҳаққига истиғфор айтишни буюрган:
«واستغفر لذنبك وللمؤمنين والمؤمنات»
“Мўмин ва мўминаларнинг ҳаққига истиғфор айтинг” (Муҳаммад сураси, 19-оят)
Агар осий гуноҳкорлардан мўътазила ва хаворижлар даъво қилганидек, иймон исми кетганида, Аллоҳ таоло ўз набийсига уларни мўмин деб номлаб, истиғфор айтишга буюрмас эди. Агар улар мўмин бўлмасалар, бу ёлғонни тақазо қилади. Аллоҳ таолонинг ёлғон сўзлаши ижмо билан муҳолдир. Аллоҳ таоло гуноҳсиз кишиларга истиғфор айтишга буюриши ҳам муҳолдир.[10]
Билингки, солиҳ амаллар иймон моҳиятининг остига кирувчи эмас. Чунки Аллоҳ таоло иймон ва амалнинг ўртасини ажратиб зикр қилган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этган кишининг номидан ҳаж қилишга буюрганлар, иймон келтиришга буюрмаганлар. Ҳатто мусулмон маййитнинг номидан намозни, закотни ва рўзани адо қилиш мумкин. Лекин кофир ер юзини тўлдирадиган даражада олтин-кумушни қолдириб кетган бўлса ҳам, унинг номидан инфоқ қилинса ҳам фойда бермайди. Чунки иймон тоатдан бошқадир, агар тоат иймондан бир жуз бўлганда, ўлгандан кейин иймон келтириб қўйиш жоиз бўларди.[11]
Хулоса: Мазкур далиллардан бизга маълум бўлдики, амал иймон моҳиятининг бир қисми эмас экан. Бу масалага доир далиллар ва уламоларнинг хулосаларини келтиришимиздан мақсад, соф исломий ақийдани тарқатиш, аҳли сунна вал жамоа мазҳабига тарғиб қилиш ва мусулмонларнинг ўртасига тафриқа тушишига сабаб бўлаётган масалани муолажа қилишдир. Токи, мусулмонлар бир-бирларини кофирга чиқариши камайсин. Ушбу мақоладан “мусулмонлар амалларни тарк қилиб юраверсинлар” деган бўлмағур гап ҳам келиб чиқмайди. Аллоҳ таолони Расулуллоҳни яхши кўраман, мусулмонман деган киши қандай қилиб улар буюрган ишларни тарк қилиши мумкин. Зеро, мусулмон бўлиш таслим бўлиш деганидир. Юқорида айтганимиздек “мутлоқул иймон” жаҳаннамда абадий қолишдан сақласа, “иймонул мутлоқ” жаҳаннамга киришдан сақлайди. Танлаш ихтиёри ўзинггизда.
Аллоҳ таоло барчамизни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, шу йўлда собит қадам қилсин! Амийн!
Фойдаланилганадабиётлар:
1.Ақоид илми Шайҳ Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
- Зовул маолий шарҳу Бадул Амалий / Мулла Алий Қори.
3.Бадрул Анвар Шарҳу Фиқҳул Акбар/ НидолаАлаРоший.
4.Шарҳу Ақийдату Имаму Таҳовий/ Абу Ҳафс Сирожиддин Умар Ибн Исхоқ Ағознавий Алҳиндий.
5.Шарҳу васийяти Имам Абу Ҳнийфа / Акмалиддин Муҳаммад Ибн Муҳаммад Бобартий.
6.Таҳовий Матнлари Таржима ва Шарҳи/ Абдулҳамид Зайриев.
ШарифбоевАбдулатиф
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси
4-курс талабаси
[1]Sharhi vasiyyat Imam Abi Haniyfa .darul fath.m2021=h1442.
[2]Sharhi vasiyyat Imam Abi Haniyfa. 59 sahifa.Tasdiqdan maqsad qalbni bo’ynsinishi va qabul qilishisiz shunchaki bilib qo’yish emas,balki qalbning bo’ysinishi va qabul qilishi bilan tasdiqlashidir,agar bunday deyilmasa Muhammad alayhissalomni chin payg’ambar ekanliglarini bilgan kishi mo’min deyilishi lozim kelib qoladi,voqeylik bunday emas vaxolanki chunki yaxudiy va nasroniylarning ko’p olimlari Rosulullohni chin payg’ambar ekanliglarini bilishar edi lekin qalblari qabul qilib bo’ynsinib tasdiq qilishmadi va iymon keltirganlardan bo’lmadilar, balki shayton ham bilar edi shu bilan birga u qatiy kofir deyiladi.Iymon ikki narsaning majmuyi hisoblanadi: 1-xabarni yoki xabar beruvchini rost ekanligini bilish 2-bo’ynsinish vqa qabul qilish.
[3]Sharhu vasiyyati Imam Abi Haniyfa.darul fath.m 2021/h1442.73sahifa.
[4].Sharhu vasiyyati Imam Abi Haniyfa. darul fath.m 2021/h1442.83 sahifa.
[5]Sharhu vasiyyati Imam Abi Haniyfa. darul fath.m 2021/h1442.84 sahifa.
[6]“Sharhu aqiydati Al imami Attohaviy” muallif Abu Hafs Sirojiddin Umar ibn Isxoq Al g’oznaviy Al hindiy.darotul karoz.2009.Qohira Misr. 121 sahifa.
[7] “Sharhu aqiydati Al imami Attohaviy” muallif Abu Hafs Sirojiddin Umar ibn Isxoq Al g’oznaviy Al hindiy.darotul karoz.2009.Qohira Misr. 121 sahifa.
[8]“Sharhu aqiydati Al imami Attohaviy” muallif Abu Hafs Sirojiddin Umar ibn Isxoq Al g’oznaviy Al hindiy.darotul karoz.2009.Qohira Misr. 113 sahifa.
[9]“Sharhu aqiydati Al imami Attohaviy” muallif Abu Hafs Sirojiddin Umar ibn Isxoq Al g’oznaviy Al hindiy.darotul karoz.2009.Qohira Misr. 118 sahifa.
[10]Badrul anvar sharhu fiqhul akbar.Nidola Ala Roshiy.daru nurulmubiyn linnashri vattavzi’.2017.290 sahifa.
[11]Zovul maaliy sharhu badul amaliy.daral beyruti.suriya damashq.m2021/h1442.129/130 sahifa.
