Бир ҳадис шарҳи

29

عَنْ مُعَاوِيَةَ رَضِىَ اللهُ عَنْهُ: عَنِ النَّبِيِّ  صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ يُرِدِ اللهُ بِهِ خَيْرًا يُفَقِّهْهُ فِي الدِّينَ وَ اِنَّمَا اَنَا قَاسِمٌ وَاللهُ يُعْطِي وَلَنْ تَزَالَ هَذِهِ الاٌمَّةُ قَائِمَةً عَلَى اَمْرُ اللهِ لاَ يَضُرُّهُمْ مَنْ خَالَفَهُمْ حَتَّى ياْتِيَ اَمْرُ اللهِ.     رَوَاهُ الاَرْبَعَةُ.

 

          Муовия розияллоху анхудан ривоят қилинади:

          Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам:

     «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди. Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради. Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида  қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Тўртовлари ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ кимга яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди», демоқдалар.

Демак, дин талълимотларини яхши тушунадиган бўлиш банда учун катта бахт-саодатдир. Унга Аллоҳ таоло яхшиликни ирода қилганининг аломатидир. Демак, диний илмни бандага Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи васаллам гапларининг давомида:

«Албатта, мен тақсимловчиман, холос, Аллоҳ беради», демоқдалар. Яъни, мен Аллоҳ берган илмни етказаман холос, ҳақиқий берувчи Аллоҳнинг Ўзи, деганлари тушунилади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам  ушбу ҳадиси шарифнинг давомида сиз билан биз умматларига улкан башорат қилмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам  мусулмон умматининг келажаги ҳақида сўз юритиб:

«Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди», дедилар.

Бу дарҳақиқат улкан башоратдир. Мусулмон уммати қиёмат қоим бўлгунча Аллоҳнинг амрини тутиб туриши ҳақидаги таъкидли хабардир. Эҳтимол ҳамма мусулмонлар Аллоҳни амрини бирдек тутмаслар. Баъзилари ва баъзан кўплари Аллоҳни амрини тутмаслар. Аммо Ислом уммати ичида Аллоҳни амрини доимо тутувчилар қиёматгача бўлиши аниқ. Шу билан бирга, Ислом умматига хилоф қилувчилар бўлиши ҳам аниқ. Энг муҳими, хилоф қилувчилар Ислом умматига зарар етказа олмайдилар.

Бу башорат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизалари экани ҳам очиқ ойдин. Агар у зотдан бошқа одам бўлганида бу гапни Ислом уммати заиф бўлиб турган пайтда айта олмас эди. 1400 йилдан ортиқ муддатли тажриба Пайғамбаримиз с.а.в.нинг ушбу башаротларини тасдиқлаб келмоқда.

Араб мушриклари аввал бошдаёқ аҳд ва кучларини бир қилиб, Ислом ва мусулмонларни ер юзидан супуриб ташлашга қаттиқ ҳаракат қилдилар. Барча далолатлар, барча ўлчовлар мусулмонларнинг мағлубиятидан дарак берар эди. Лекин Аллоҳнинг тадбири ила оз сонли, кучсиз мусулмонлар ғолиб, кўп сонли, кучли мушриклар мағлуб бўлдилар. Арабистон ярим оролида ширк байроғи йиқилиб, Ислом байроғи ҳилпиради.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг башоратлари ҳақ:

 «Албатта, бу уммат Аллоҳнинг иши (қиёмат) келгунча Аллоҳнинг амрида қоим бўлади. Уларга хилоф қилганлар зарар етказа олмайди»

  Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

  1. Исломни яхши англаб, фақиҳ бўлишга тарғиб.
  2. Исломда фақиҳ бўлишлик -Аллоҳнинг яхшилиги экани.
  3. Ислом уммати қиёматгача Аллоҳнинг амрида қоим бўлиши.
  4. Ислом умматига биров зарар етказа олмаслиги.

Ҳозирги ҳаётимизда бу ҳадиси шариф ҳикматига қанчалар муҳтожмиз.

Агар биз ўзимизни мусулмон ҳисобласак, Аллоҳдан, қиёмат кунидан умидвор бўлсак, Исломни яхши тушинишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Аллоҳ таоло яхшиликка ирода қилган кишилардан бўлишга уринмоғимиз лозим.

 

Алимардон Кароматов

“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси