Жамоат намози фазилатлари
76

Аллоҳ таолонинг муқаддас дини исломнинг иккинчи рукни бу намоздир.
Бу ҳақда Пайғамбаримиз Муҳаммад ﷺ Ибн Умар розийяллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда:
عن ابن عمر رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: «بني الإسلام على خمس: شهادة أن لا إلاه إلا الله و أن محمدا عبده و رسوله و إقام الصلاة و إيتاء الزكاة و الحج وصوم رمضان» متفق عليه
“Ислом беш нарса устида қурилган: Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад ﷺ Аллоҳнинг қули ва элчиси эканлигига гувоҳлик бериш, намозни қойим қилиш, закотни бериш, ҳаж қилиш ва рамазон рўзасини тутиш” дедилар. Намоз бу Аллоҳ таолонинг мўмин мусулмон бандаларига берган улуғ неъматидир. Намозда дунё ва охират манфаатлари жамланган. Аллоҳ таоло бир кунда беш вақт намоз ўқишни мўмин мусулмон бандалари зиммасига фарз қилди ва уни жамоат билан адо этишга ундади, хусусан Бақара сурасининг 43-оятида:
{ و اركعوا مع الراكعين}
Яъни, “Рукуъ қилувчилар билан рукуъ қилинг” деди. Уламолар бу оятда Аллоҳ таоло намозни жамоат билан адо қилишга буюраяпди. лекин бу намозни жамоат билан адо қилиш фарзлигига далолат қилмайди, чунки “рукуъ” сўзи баъзи муфассирларнинг наздида «خضوع» яъни, итоат қилиш, бўйсуниш маъносидадир.
Фиқҳ китобларида жамоат намозининг ҳукми борасида қуйидагича баён қилинган. Хоссатан “Мухтасарул Қудурий”, “Мухтасарул виқоя”, “Фатҳу бобул иноя”, ”Мултақол абҳур”, “Фиқҳул муяссар” китобларида:
» و الجماعة سنة مؤكدة »
Яъни, жамоат намози суннати муаккададир дейилган, бу вожибга яқин деганидир. Жамоат намозини узрсиз тарк қилишга одатланган киши гуноҳкор бўлади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари “Кифоя” номли китобларида “Намозни жамоат билан ўқиш Қуръон, Суннат ва Ижмо билан собит бўлган” дейдилар.
Ашраф Али Таҳонавий роҳимаҳуллоҳ “Ал-фиқҳул ҳанафий” номли китобларида:
«الجماعة واجبة عند بعض الفقهاء و سنة مؤكدة عند البعض»
Яъни, “Жамоат намози баъзи фақиҳлар наздида вожибдир ва баъзиларнинг наздида суннати муаккададир” дейдилар.
Намозни жамоат билан ўқишнинг фазилатлари борасида жуда кўп ҳадислар келган бўлиб, уларни жамласак катта-катта китобларни ўз ичига олади, шунинг учун баъзи ҳадисларни келтирамиз.
عن ابن عمر رضي الله عنه أن رسل الله صلي الله عليه وسلم قال:»صلاة الجماعة تفضل على صلاة الفذ بسبع و عشرين درجة»
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ айтдилар: “Жамоат намози ёлғиз кишининг намозидан йигирма етти даража афзалдир”.
و قال رسول الله صلي الله عليه وسلم : «لا يزال أحدكم في صلاة ما انتظر الصلاة»
Росулуллоҳ ﷺ: “Сизлардан бирингиз намозни кутиб турган пайтида намозда бўлади” дедилар.
عن سهل بن سعد قال : قال رسول الله صلي الله عليه وسلم : «بشر المشائين في الظلم إلى المساجد بالنور التام يوم القيامة»
Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ: “Зулматларда масжидларга юриб борувчи кишиларга қиёмат кунидаги комил нур билан башорат беринг” дедилар.
عن عثمان رضي الله عنه قال: قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: «من شهد العشاء في جماعة كان له قيام نصف ليلة و من صلي العشاء و الفجر في جماعة كان له كقيام ليلة»
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ ﷺ: “Ким хуфтон намозини жамоатда ўқиса, у учун кечанинг ярмини қоим қилганлик савоби бор, ким хуфтон ва бомдодни жамоатда ўқиса, у учун кечани ҳаммасини қойим қилганлик савоби бордир” дедилар.
Жамоатнинг фазилати ва таъкиди борасида булардан бошқа яна бир қанча ҳадислар мавжуд. Шу ўринда саҳобалар ва уламоларнинг фикрларини ҳам келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади.
عن أبى الشعشاء قال: رأيت أبا هريرة و مر رجل في المسجد بعد النداء حتى قطعه فقال أبو هريرة : أما هذا فقد عصى أبا القاسم صلي الله عليه و سلم
Абу Шўшо айтадилар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳуни кўрдим ва бир киши азон айтгандан кейин масжиддан ўтди ҳатто масжиддан чиқиб кетди, шунда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бу киши батаҳқиқ Абулқосим яъни Пайғамбар ﷺга осий бўлди дедилар.
Уламоларимиз: “Жамоат намозини тарк қилувчи киши қатъий гуноҳкордир. Агар узрсиз данкасалик қилиб жамоат намозини тарк қилса уни гувоҳлиги қабул қилинмайди”
“Агар бир киши кечаю кундуз фиқҳ билан машғул бўлсаю, жамоат намозига бормаса узрли бўлмайди ва уни гувоҳлиги қабул қилинмайди” дейдилар.
Жамоат намозида бир қанча фойда ва ҳикматлар бор бўлиб, уламоларимиз жамоат намозининг фойда ва ҳикматлари ҳақида кўп ёзганлар. Уламоларимиздан Аллома Шайх Валиюллоҳ Деҳлавий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Тоатлардан бирор бир ишни оммавий қилишдан кўра манфаатлироқ ҳеч бир нарса йўқдир. Ҳаттоки шу тоат зарурий ишлардан бўлиб, одамлар уни тарк қилиши мумкин бўлмай қолсин. Энди тоатларнинг ичида намоздан кўра улуғроқ тоат йўқ, шунинг учун намознинг жамият ичида кенг ёйилиши вожибдир.
Жамиятнинг ичида олими бор ва жоҳили бор шундай экан жоҳил билмаганини олимдан ўрганади олим эса билганларини ўргатади ва олимга эргашишлик билан Аллоҳга итоат қиладилар.
Жамоат билан намоз ўқимайдиганлар билинади, натижада намозга тарғиб қилинади ва буюрилади.
Мусулмонлар жамоасининг жамоатнинг ичида Аллоҳга итоат ва ибодат қилишида барака ва раҳмат тушишининг ажойиб хусусиятлари бордир.
Аллоҳнинг мана бу умматдан ирода қилган нарсаси, бу Аллоҳнинг калимасини олий қилиш ва ер юзида бирор-бир Исломда олий бўлмаслигидир. Бу нарса фақатгина мусулмонлар оммаси бирлашгандагина бўлади, уларни бирлаштирадиган омиллардан бири ва муҳими бу жамоат намозларидир. Шунинг учун ҳам шариат жамоатга алоҳида эътибор бериб унга тарғиб қилиб, уни тарк қилишдан қайтарди”.
Шу билан бирга агар мусулмонлар бир кунда беш марта жамлансалар, бир-бирларининг ҳолатларидан хабардор ўладилар. Кимдир бемор бўлиб қолса ёки қандайдир қийинчиликка тушиб қолган бўлса бир-бирларига ёрдам берадилар натижада ўрталарида муҳаббат ва исломий биродарлик ёйилади.
Шу ўринда Ашраф Али Таҳонавий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Намозни жамоат билан ўқишга бўлган таъкидларга ва жамоатнинг фойда ва ҳикматларига қарагин. Афсуски, эртаю-кеч Қуръон ва ҳадис илмларини дарс қилишликка киришиб кетган одамлар, инсонлар оммасидан ўзларини афзал билган ҳолда батаҳқиқ жамоат намозини тарк қилишга одатландилар, жамоат ишида данкасалик қиладилар. Худдики улар кўксиларида Қуръон ва Ҳадис таъсир қилмайдиган тошларни кўтариб юрган кабидир. Қиёмат кунида жамоат борасида сўралган пайтларида уларга надомат ва ҳасрат етиши қандай бўлади!”
Аллоҳ ҳидоят қилувчидир!
Фойдаланилган адабиётлар:
- Қуръони Карим
- Тафсири Ҳилол. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
- Мишкотул Масобийҳ. Валиюддин Табризий.
- Мухтасарул Қудурий. Абул Ҳасан Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Ал Бағдодий Ал Қудурий.
- Мухтасарул виқоя. Убайдуллоҳ ибн Масъуд.
- Фатҳу бобил иноя. Мулла Алиюл Қори
- Ал фиқҳул ҳанафий. Ашраф Али Ат Таҳонавий.
- Мултақол Абҳур.Иброҳим ибн Муҳаммад ибн Иброҳим Ал Ҳалабий.
- Ал фиқҳул муяссар. Шақийқур Роҳман Ан Надавий.
- Кифоя. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.
Тўхтаев Алибек
“Хожа Бухорий” ислом таълим муассасаси мударриси
