ФИҚҲ ВА УНИНГ ИЛМИЙ ТАЪРИФИ

41

“Фиқҳ” атмасини биринчи бўлиб таърифлаган, яъни унинг истилоҳий маъносини ёритиб берган Абу Ҳанифа Нўмон ибн Собит бўлган. Унинг таърифи қуйидагича:

الفقه معرفة النفس ما لها و ما عليها

Яъни, фиқҳ илми ҳар бир мукаллаф кишининг ўз фойдасига ва зарарига бўлган нарсалар ҳақидаги шариат ҳукмларини билиб олишидир.        Абу Ҳанифанинг таърифи улуми шаръия аниқ шаклланиб, бир-биридан ажралмаган замонда берилгани эътиқод ва аҳлоқ илмларини ҳам қамраб олади. Лекин кейинроқ аҳлоқ ва эътиқодга  тегишли меёрлар ҳар қайсиси бир илм сифатида фиқҳдан ажрала бошлаб, илмут-тавҳид ёки калом илми ва илмул-аҳлоқ номлари билан алоҳида фанларга айланди ва фиқҳ эса аҳкоми фаръия ва унинг ўрганиш услубини ўз ичига қамраб олди. Шунинг учун охирги давр фақиҳлари Имоми Аъзам таърифига ъамалан” (амалий жаҳатдан) сўзи қўшилишини зарур деб топдилар ва мазкур таъриф қуйидаги шаклни олди: “Фиқҳ илми – ҳар бир мукаллаф кишининг амалий жиҳатдан фойдасига ва зарарига бўлган нарсалар ҳақидаги шариат ҳукмларини билиб олишдир”.

Имоми Шофиъий таърифига кўра, фиқҳ – шариатнинг амалий ҳукмларини адиллаи тафсилиядан (асосий манбаларидан) чиқариб олишдир.

Фақиҳларларнинг таъкидлашларича, фиқҳга берилган ҳар иккала таъриф бир натижага олиб боради. Буюк ватандошимиз, машҳур фақиҳ ва мужтаҳид, ўн бир жилдлик йирик китоб – “ал – Мабсут” ва машҳур асар “Усулул-Баздавий” нинг муаллифи Имом Фахрул-ислом Баздавийнинг айтишича, фиқҳнинг уч тамони бор:

Биринчидан, шариат ҳукмларини ўрганиш;

Иккинчидан, қўлга киритилган билимни ўзлаштириш, яъни шариатнинг барча усул ва қоидаларини жузъиёти билан чуқур англаб, ҳар бирининг сабаблари ва қайси мақсад учун вазъ этилганлиги (ишлаб чиқилганлиги) ни тушуниш;

Учинчидан, ўзлаштирилган ушбу илмни амалга татбиқ этишдир.

Айтиб ўтилган таърифларга биноан, фиқҳ илмининг мавзуи ислом ҳуқуқшунослигининг асосий манбаларидан ижтиҳод орқали белгилаб олинган ҳуқуқ тармоқлари, яъни фаръий ҳукмларни (жузъий ва амалий масалаларни) ўрганишдан иборатдир.

Ундан кўзда тутилган мақсад шариатнинг асосий қоидаларига таяниб чиқарилган ҳукмларларга амал қилиш билан икки дунё бахту саодатига эришишдир.

Бу дунёда (дунёвий) бахту саодатдан мақсад ривожланган, сиёсий жиҳатдан мустаҳкам бўлиб, барқарорлик ҳукм сурган, моддий ва маънавий тараққиётга эришган  ва  барча фуқоролари олий инсоний фазилатларга эга бўлган жамиятда яшашдан иборатдир.

Фиқҳ илми икки асосий қисмга бўлинади: Усулул- фиқҳ ва Фуруъул-фиқҳ.

Фиқҳ илмининг таърифини изоҳлаб ўтдик.

Усулул-фиқҳ  эса Ибни Ҳумом “Ат-Таҳрир” китобида изоҳ берганидек,

ادراك القواعد التى تبين طريقة استخراج الاحكامية

Яъни, асосий манбалардан ҳукмларни истихрож этиш (чиқариб олиш) йўлларини белгилаб берувчи қоидаларни билиб олишдир.

Фуруъул-фиқҳ эса усулул-фиқҳда белгилаб берилган қоида ва усуллар орқали асосий манбалардан чиқариб олинган фаръий (амалий) ҳукмлар мажмуаси бўлиб, фиқҳ илмининг тармоқлари ёки соҳаларини ташкил этади.

Усулул-фиқҳ бир қатор қоида ва услублардан иборат бўлиб, фақиҳлар фақат унда белгиланган қоидаларга асосланган ҳолда ҳукмларни истинбот қилишади.

Табарий фикрича, усулул-фиқҳ ёки усул номи билан юритилган фанга асос солишдан мақсад, шариат ҳукмларини белгилаб олиш жараёнида юзага келган қоидалар ва ҳолатларни классификация (тасниф) қилиш ва умумийлаштириш эди. Ушбу фаннинг қоидаларини яхши англаб олиш ижтиҳод қилишга ёрдам беради, шу сабабдан усул илми фиқҳ илмининг бир бўлаги ҳисобланади.

Шайх Муҳаммад Хузарийбекнинг фикрича, биринчи бўлиб усулул-фиқҳ зарурлигини англаб етган олим Имом Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофиъий бўлиб, “Китобул-Умм”га муқаддима сифатида киритилган ўзининг “ар-Рисола” номли асарида ушбу фаннинг асосий атамаларини ёритиб ўтган.

Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, Имом Шофиъий усулул-фиқҳ бўйича истинбот қоидаларини ўзи яратиб ижод қилгани йўқ, балки фақиҳлар ишлатган манҳажлар – метод ва услубларни тўплаб бирлаштирди ва уни бир илмий тизимга солди.

Усулул-фиқҳда икки йўналиш мавжуд.

Биринчиси, Шофеъийга мансуб назарий йўналиш бўлиб, мазҳаблардаги фаръий ҳукмларга аралаштирмасдан фақат асосий қоидаларни белгилаб беради. Ушбу соҳа бўйича кўп мутакаллим олимлар иш олиб борганликлари учун, уни мутакаллимлар йўналиши ҳам деб атайди.

Иккинчиси, Ҳанафийлар йўналиши бўлиб, унда асосий қоидалар мазҳабнинг фуруъот ва жузъиётига боғлаб текширилади. Ушбу соҳа мутахассислари жузъий масалалар бўйича қилинган ижтиҳоднинг тўғрилиги ва мутақаддимлар ишлаб чиққан ҳукмларнинг асослилигини исботлашга уринадилар.

Ҳанафийлар айрим жойларда шофиъийларга қарши ўлароқ бир неча қўшимча усулларни усулул-фиқҳга киритганлар. Масалан, Истеҳсон ва Урф. Моликийлар ҳам Масолиҳий мурсалани қўшганлар. Лекин Шофиъий истеҳсон ва масолиҳи мурсалани инкор этади.

Ҳар ҳолда аҳли сунна вал жамоага тегишли тўрт мазҳаб томонидан Шофиъий белгилаган тўртта асосий манба яқдиллик билан қабул қилинган. Улардан ташқари қоидалар бўйича ихтилофлар мавжуд.

Олимлар фикрига кўра, усулул-фиқҳ бўйича Ҳанафийлар йўналиши умуман фиқҳий-ҳуқуқий тафаккурнинг кучайишига ёрдам бериб келган. Кейинроқ барча мазҳаблар (моликий,шофиъий, ҳанбалийлар ва жаъфарий мазҳаби) ҳам ҳанафийлар йўналишидан фойдаланиб ўз мазҳабларида усул бўйича китоблар ёзиб келганлар.

Абулҳасан Кархийнинг “ал-Усул “китоби, ал-Жасоснинг “ал-Усул”китоби, Дабусийнинг асарлари,Фахрул-ислом Баздавийнинг “Усулул-Баздавий” китоби, Сарахсийнинг икки жилдлик “Усулул-Сарахсий” китоби, Мотурудийнинг “Маъхазуш-шар” ва “ал-Жадал” номли китоблари, ҳанафийлар йўналишда ёзилган энг муҳим китоблар сирасига киради. Садруш-шариа Убайдулло ибн Масъуднинг “Танқийҳул-усул” ва унинг устидан ёзган шарҳи “ат-Тавзийҳ” китоблари иккала йўналишни бирлаштириб ёзилган асарлардир.

Бир қатор фиқҳ тарихчиларининг фикрларига кўра, ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ) ўз тараққиёт жараёнида қуйидаги олти даврни босиб ўтган:

Биринчи босқич:  Пайғамбар даври;

Иккинчи босқич:  Саҳобалар даври;

Учинчи босқич: Тобеин даври;

Тўртинчи босқич: Мужтаҳидлар даври;

Бешинчи босқич: Мухаррижлар  даври;

Олтинчи босқич: Муқаллидлар, яъни тақлид қилувчилар ёки тақлид даври.

Абдулҳай Лакнавий Ҳанафийлик фақиҳларини табақалаштиришда мухаррижлар даврига ашобут таржиҳ, яъни буюк фақиҳлар томонидан ёзиб қолдирилган ҳукмлар ва фатволардан айримларини заруратга биноан бирини биридан устун қўйиш ваколатига эга бўлган олимлар даврини ҳам қўшиб қўйган.Лекин бизнинг фикримизча, мухаррижлар ва ашобут-таржиҳ даврида бир босқич деб ҳисоблаш мумкин, чунки улар кўпинча  бир даврда яшаб, ўз вазифаларини бажариб келганлар.

Замон ўтиши, давр тақозоси билан ислом ҳуқуқшунослиги, яъни фиқҳ илми ривожланиб, аста-секин тафсир,ҳадис ва бошқа исломий илмлардан ажиралиб борди.

Пайғамбаримиз ҳазрат Муҳаммад (с.а.в.) вафотларидан кейин саҳобалар даври ва ундан кейин тобеин даври қарор топди.

Иккинчи ҳижрий асрнинг дастлабки ўн йилликларида  илк ҳуқуқий мактаблар юзага кела бошлади.“Исломда ҳуқуқ” китобида улар  “қадимий ҳуқуқий мактаблар” деб аталаган. Биз уларни “илк ҳуқуқий мактаблар” деб атадик. Мазкур мактаблар ҳеч қандай мушаххас ва конкрет ташкилотни кўрсатмайди, укларнинг фойдаланиладиган усул ва қоидалари тизимга солинмаган ва ҳеч қандай расмий тус олмаган эди.

Фиқҳ тарихи мутахассислари таъкидлашларича, Ироқ ислом ҳуқуқининг муҳим марказларидан бири эди.Иккинчи ҳижрий аср давомида ҳам Ироқ бу устунлигини сақлаб   қолди. Доктир Муҳаммад Юсуф Мусо турли шаҳарларда ташкил топган ҳуқуқий мактаблар қаторида Мисрда ҳам шундай мактаб бор эканлигини қайд этиб ўтади.

Илк ҳуқуқий мактабларнинг энг муҳим жиҳатлари шундан иборат эдики, биринчидан, улар Қуръонга асосланарди ва Сунанга катта эътибор қаратарди. Ўша даврларда қиёс шариатнинг асосий манбаи сифатида ўз ривожланиш босқичларини босиб ўтмагани учун, улар ушбу методдан кенг кўламда фойдаланмасдилар дейиш мумкин.

Замон ўтиши билан ислом дини кенг миқёсда тарқалиб, турли динларга мансуб кишилар унга ўтгани, айрим сиёсий, ижтимоий ва ақидавий сабабларга кўра мусулмонлар орасида юзага келган қарама-қаршиликлар оқибатида, ислом мухолифлари томонидан кўп тўқима ҳадислар ишлаб чиқилиб тарқатила бошлади ва бу ҳодиса ушбу манбадан қатъий ишонч билан фойдаланишни оғирлаштирди. Шу вақтларда ҳадисларни чуқурроқ ўрганиб, таҳлил қилиш, орасидан тўқима ҳадисларни чиқариб ташлаш ва фақатгина ҳақиқий ҳадислар яъни ислом Пайғамбаридан ривоят қилинган ҳадислардан ҳуқуқий манба сифатида фойдаланиш зарурати юзага келди. Бундай ёндашув бир тамондан ҳадисшунослик илмининг ривожланишига сабаб бўлган бўлса, иккинчи томондан, янги ҳуқуқий мактаблар (мазҳаблар)нинг юзага келиши учун замин яратиб берди.

Илк ҳуқуқий мактабларнинг иш услубига танқидий ёндашилиб, ҳар мактаб таркибида янги услуб тарафдори бўлган олимлар юзага келди. Шундай қилиб, илк ҳуқуқий мактаблар негизида тўртта асосий сунний ҳуқуқий мактаблар шаклланди ва ҳар бири ўз муҳитидаги шароитга мувофиқ ривожланди шу йўсинда аҳли сунна вал жамоа фиқҳи, яъни ислом фиқҳшунослиги бир мукаммал ва ривожланган ҳуқуқий тизим сифатида ўз тараққиёт босқичларини босиб ўтди.

Манбалар асосида “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 3-курс талабаси Алимардон Кароматов тайёрлади.