Вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади

16

Аллоҳ таоло инсон учун умуман қайтариб бермайдиган неъматлар қаторига умрни  яъни вақтни қўшди. Вақт ҳам барча махлуқлар каби инсон учун ҳам чекланган бўлиб, ундан баъзи инсонлар унумли фойдаланади баъзилари эса фойдалана олмайдиган буюк неъматдир. Биз ким бўлишимиздан қатъий назар дунёга абадул-абад яшамайдиган ва икки марта келмайдиган бандалармиз.Бизку майли бошқа барча жонзотлар ҳам ҳатто фаришталар ҳам вақтинча келган ва вақтинча яшайдиган жонзотлардан ҳисобланади агарки нурдан яратилган бўлса ҳам. Бу ҳақда қуръони каримнинг Оли Имрон сурасининг 185-оятида шундай марҳамат қилинади: Ҳар бир нафс ўлим шарбатини татиб кўрувчидур. Демак Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса ҳалок ва фоний бўлгувчидур дегани.Оятдан маълум бўлишича вақт инсон умрини парчаловчи ва зое қилувчи неъматдур.Биз бу чекланган умрдан фойдаланган ҳолда уни шариъат буюрган нарсаларда сарф қилишлигимиз даркор бўлади.Шариъат инсонни инсон бўлиб яшашга, илм олишга, касбу – ҳунар ўрганишга, ибодат қилишга ва ота- онасига хизмат қилишга буюрган. Вақт жуда катта нарса ҳам эмас, бу ҳақда шундай хабарлар мавжуд: Абдул Фаттоҳ Абу Ғудда роҳматуллоҳи алайҳнинг “Уламолар наздида вақтнинг қадри” номли китоблари бор.Унда Вақтнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти ҳақида қуйидаги маълумотлар келтирилади.

Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан унинг ихтиёрига 24 соат вақт берилади. Бу унга ҳар куни бериладиган 1440 дақиқа ёки 86400 сониялик фурсатдир. Ўтаётган вақтимиз ҳақида тафаккур қилиб кўрадиган бўлсак, соат милларининг “чиқ-чиқ”лари, аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ё ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб ўтиб бормоқда. Вақтга эътибор ўта муҳим бўлганидан, динимизда кўплаб тоат-ибодатлар аниқ вақтга белгилаб қўйилган. Бир кунда адо этиш лозим бўлган беш вақт намозга алоҳида-алоҳида вақт таъйин қилинган. Уларни жамлаб бир вақтнинг ўзида адо этиш мумкин эмас. Чунки уларни белгиланган вақтда адо этиш фарздир. Бу эса вақтнинг аҳамиятли эканини билдиради.

Уламолар ўтаётган вақт ҳақида шундай деганлар: “вақт бетараф бўлмайди, ё сенга қадрдон дўст ёки ашаддий рақиб бўлади”. Яъни ўтган вақт инсоннинг ё фойдасига ёки зарарига ҳужжат бўлади. Ҳасан Басрий роҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: Бошланаётган ҳар бир кун шундай нидо қилади: “ Эй одам боласи, мен янги кунман, сенинг амалинга гувоҳман, мендан фойдаланиб қол, агар ўтиб кетсам қиёмат кунигача қайтмайман”. Демак қиёмат куни ҳар бир кун бизнинг фойдамизга ёки зараримизга гувоҳлик берар экан бундан ибрат олишимиз лозим бўлади.

Шу боис ҳам инсон ўз ҳаётининг ҳар бир дақиқа ва лаҳзасидан унумли ҳамда баракали фойдаланиб, уни яхши амаллар қилишга сарфлаши вожибдир. Ислом таълимоти ялқовлик, лоқайдлик, каби иллатлардан узоқда бўлишимизга амр қилади ва ҳар куни эрта туришга, хайрли амалларни қилишга ҳамда ёшлик, сиҳат-саломатлик, бўш вақтни ғанимат билишга чорлайди. Улуғ аждодларимиз кунларини, вақту соатларини фойдали иш қилишга, гўзал аҳлоқий ва илмий даражаларга етишиш йўлида сарфлашга уринар эдилар. Шунинг учун ҳам уларнинг бугунлари кечагисидан, эртанги кунлари бугунгисидан аъло бўларди. Улар: “Вақт қиличдир, агар сен уни кесмасанг у сени кесади”, — деган ҳикматли сўзга амал қилишган.

Доно халқимизда бир мақол бор, унда шундай дейилади: “Вақтинг кетди, бахтинг кетди”. Ҳа, вақт гўё улуғ омаддир. Фарзандларимизниинг таълим-тарбиясига эътиборимизни кучайтириб, таълим даргоҳларида олаётган билимини текшириб туриш лозим. Фарзандлар мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларига бориб келай деганда ота-онаси келажаги меваси бўлмиш жигарбандини олдидан дуо қилиб кузатади. Айрим фарзандлар инсон ҳаётидаги вақтини ғанимат билмасдан билим олиш ўрнига турли хил интернет клубларга бориб вақтини исроф қилиб бормоқда.Муҳтарам юртбошимиз ҳам бугунги кун ёшларини китобхонлиги пасайиб кетганлигини таъкидлаб ўтдилар. Жамиятимиздаги барча инсонлар, улар ким ва қандай мавқега эга бўлмасинлар, келажагимиз бўлган ёшларимизни олтиндан қиммат бўлган неъматдан унумли фойдаланишлари лозимлигини тушунтирмоқлигимиз керак. Ёши улуғларимиз, муҳтарам ота-оналар фарзандлари таълим-тарбиясига бепарво бўлмасликлари, вақтларини тўғри сарфлашга ўргатишлари керак. Чунки, бугунги кунимиз ва порлоқ келажагимиз, ана шундай салоҳиятли фарзандлар қўлидадир.

 

Бозоров Абдуғани
Хожа Бухорий ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси