Ота-онани рози қилиш – фарзандлик бурчи
95

Одам боласининг барчаси ота-онадан дунёга келади. Ота-онани танлаш имкони йўқ, бу илоҳий бир тақдирдир. Ота-онага чиройли муомила қилиш, уларнинг розилигини олиш ва ҳар бир сўзига итоат қилиш шартдир. Инфоқ-эҳсон қилишга ҳам энг ҳақли зотлардан бири ота-онадир. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: Айтинг: «Ниманики хайр-эҳсон қилсангиз, ота-она, қариндошлар, етимлар, мискинлар, мусофирларга қилингиз!» (Бақара сураси 215-оят). Ота-она кексайиб, фарзандлар балоғатга етганда, ота-онанинг нафақа таъминоти болаларнинг зиммасидадир.
Она яратилишидан меҳрибон ва раҳмдилдир. Ота эса табиатига кўра қаттиққўлдир. Боладан бир айб ўтса, она кечиради. Аммо ота кечирмайди, керак бўлса жазолайди. Она эса жазоламасликнинг йўлини излайди. Шунинг учун ҳам шариатимиз оналарни ҳурматлашга буюради. Улар билан муомалада ҳалимликка ҳалимлик билан жавоб беришга ундайди.
Она шундай зотки, боласи ҳаддан зиёд дилини оғритиб, оқ бўлиш даражасига борса-ю, аммо бирон дардга чалиниб қолса, она барча ўтган ишларни унутади, боласини бағрига босади, унга талпинади. Чунки бола она вужудининг бир парчаси.
Бизларни дунёга келтириб, авайлаб ўстирган, нимани хоҳласак, муҳайё қилган, бизларга одоб-ахлоқни ва касб-ҳунарни ўргатган, илм берган, ҳаётга йўллаган, уйлаб-жойлаган, одамлар қаторига қўшган, умрлари ниҳоясигача ардоқлаб ўтган ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилиш, меҳрибонлик кўрсатиш ҳар бир инсоннинг энг шарафли бурчи саналади.
Бу Аллоҳ томонидан барча инсонларга буюрилган, Унинг пайғамбари томонидан кўп бора тавсия қилинган гўзал инсоний фазилатдир. Қуръони каримнинг бир неча сураларида ота-онага яхшилик қилиш, уларга эҳтиром кўрсатиш, эҳтиёжларини қондириш фарзанд зиммасидаги энг муҳим бурчлардан экани таъкидланган ҳамда бу нарса худди намоз каби ибодат даражасига кўтарилган. Аллоҳ таоло бундай мараҳмат қилади: “Раббингиз Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон), агар улардан бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етишса, уларга “уф!” дема ва уларни жеркима! Уларга доимо ёқимли сўз айт! Уларга меҳрибонлик билан хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: “Эй Раббим, мени гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қил!” (Исро сураси, 23-24-оятлар). Демак, ота-онанинг ҳурматини жойига қўйиш, улар олдида ҳамиша ўзини ҳоксор,уларга ёқимли гапларни сўзлаш, уларнинг ҳаққига дуолар қилиб туриш фарзанднинг энг муҳим бурчларидандир.
Энг олдин ота-онага яхшилик қилишга буюрилмоқда. Ота-онага яхшилик қилиш уларга чиройли муомала қилиш, улардан малолли гап ўтса, “уфф” демаслик, уларни хафа қиладиган сўз ёки иш қилмаслик, уларга ҳамиша ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиб, яхши сўзларни айтиш, уларга шафқат кўрсатиб, ўзини камтар тутиш, ҳожатлари бўлса, дарров адо этиш, муҳтож бўлишмаса ҳам ҳадялар бериб туриш, Аллоҳдан уларга раҳмат тилаб дуода бўлиш билан амалга оширилади.
Ота-онани ҳурматлаш, уларга яхшилик қилишда охирзамон Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссалом бутун умматга, барча инсониятга ибрат ва намуна бўлганлар. У зотнинг ота-оналари илоҳий ирода туфайли дунёдан эрта ўтиб кетишса-да, Пайғамбаримиз ўзларига сут берган оналари Ҳалимаи Саъдияга бир умр эҳтиром кўрсатганлар, қачон бу аёл Расулуллоҳ (алайҳиссалом) ҳузурларига келсалар, устларидаги тўнларини ечиб, унга ўтқазганлар, ҳурматларини жойига қўйганлар, кейинчалик ҳам ҳолларидан хабар олиб, ҳадялар юбориб турганлар. Шунинг учун ҳам Расули акрам умматни ҳамиша ота-онага яхшилик қилишга чақириб, ота-онасининг ҳурматини жойига қўйиб эъзозламаган, уларни рози қилолмаган фарзандни жуда оғир оқибат кутиши ҳақида огоҳлантириб ўтганлар. Бу борада Фахри коинотдан жуда кўп кўрсатма ва тавсиялар борки, қуйида улардан айримларини келтириб ўтамиз:
“Ота-оналарининг кексалик вақтида ҳар иккисини, бирорталари вафот этишган бўлса ҳаётдагисини рози қилмаган фарзанд хор бўлсин, хор бўлсин, хор бўлсин”. “Яхшиликни аввал онангга, онангга ва яна онангга, сўнгра отангга ва яқин қариндошларингга қил”. “Жаннат оналарнинг оёғи остидадир”. “Отага муҳаббатингни сақла, агар сен отага бўлган муҳаббатингни йўқотсанг, Аллоҳ сени турли файзлардан маҳрум қилади”. “Отага итоат қилмоқ Аллоҳга итоат қилмоқдир”.
“Ота-онага осий (оқ) бўлиш гуноҳларнинг ширкдан кейинги энг улканидир”. “Ота-онани ҳақорат қилиш одам қиладиган қабоҳат ишларнинг энг ёмонидир”. “Бир одам касалманд онасини ўзи овқатлантирса, сув ичирса, таҳоратига қараса, орқасида опичлаб кўтариб юрса ҳам она ҳаққининг юздан биринигина адо этган бўлади”.
Ўтган солиҳ аждодларимиз ҳам ота-онага эҳтиром кўрсатишда ўрнак бўлиб-гина қолмай, инсонларга ҳам буни васият қилиб кетишган.
Масалан, Фарқад ус-Санжий: “Баъзи китобларда ўқидимки, боланинг ота-она ҳузурида изнсиз гапириши, олдилари ва икки ёнларида юриши мақбул эмас”, дейди. Абдуллоҳ ибн Умар бундай деганлар: “Ота-онанинг йиғлаши боладан норози бўлганидан хабар беради ва бу энг катта гуноҳлардандир”.
Ота-онани ҳурматлаш ва рози қилиш борасида исломий одобимиз тавсия этган жуда кўп кўрсатмалар мавжуд. Улардан айримларини эслатамиз: Ота-онанинг оғирини енгил қилиш, уларни турли ёмонлик ва нохушлик-лардан ҳимоя қилиш ҳар бир фарзанднинг бурчидир. Агар улар овқатга муҳтож бўлишса овқатлантирилади, кийимга муҳтож бўлишса, кийинтирилади, уларнинг иссиқ-совуғидан доим хабардор бўлинади, сўрамасалар ҳам пул ёки буюмлар бериб турилади. Ота-она билан ҳалимлик ва одоб билан гаплашилади, уларга овоз баланд-латилмайди, ёлғон гапирилмайди, сўзлари бўлиб ташланмайди, сўз қистириб, буйруқ, таъна, қаҳр оҳангида гапирилмайди. Ота-она розилигисиз ҳеч қаёққа, ҳатто сафарга ва илм олишга ҳам борманг. Агар ота ёки онангиз олдингизга кириб келишса, ўриндан туриб эҳтиром билан кутиб олмоқ керак, юқорига ўтқазмоқ жоиз. Улар олдида чўккалаб, тавозеъ билан ўтирилади, оёқ узатиб ёки ёнбошлаб олинмайди. Ота-онангиз хурсанд бўлишса, сиз ҳам хуш кайфиятда туринг, хафа бўлишса, ғам-ташвишларига шериклик қилинг. Сўзларини жим туриб тингланг, улар ҳузурида ака-ука, опа-сингиллардан бирортасини жеркимаслик ва сўкмаслик даркор. Имом Бухорий Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Бир киши Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб:
–Ё Аллоҳнинг расули, энг аввал яхшилик қилишга ким ҳақли? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Онанг, – дедилар.
–Сўнгра ким? – деди.
–Отанг, – дедилар.
Ибн Касир ўзларининг “Тафсир” китобларида Сулаймон ибн Барид (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади:
Бир киши елкасига онасини кўтариб, Каъбани тавоф қилди. Сўнгра Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Онамнинг ҳақини адо этдимми?” деб сўради. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Йўқ, бир оҳ, деганчалик ҳақини ҳам адо этмадинг”, дедилар.
Ислом икки сабабга кўра она ҳурматини отадан юқори қўяди:
Биринчиси, она фарзандни дунёга келтиришда отадан кўра кўп машаққат чекади, уни тўққиз ой қорнида кўтариб юради, эмизади, кечалари бедор бўлади, тарбияси билан машғул бўлади.
Аллоҳ таоло барчамизни солиҳ фарзандлардан қилиб, доим ота-оналаримизга яхшилик қилувчилардан қилсин!
Хожа Бухорий ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси Жўраев Беҳзод
