Исломга ёт фирқа ва оқимлар тузоғига илинманг!
24

Маълумки динга эътиқод ва ишонч мустаҳкам ақида устига қурилмас экан, унинг натижаси залолатдан бошқа нарса бўлмайди. Зеро, ватандошларимиздан Сўфи Оллоёр ҳазратлари: “Ақида билмаган шайтона элдир, агар минг йил амал деб қилса елдир”, деб таъкидлаганлар.
Бугунги кунда ислом ниқобига бурканиб олган баъзи экстремистик ва террористик оқимларларнинг хатарли ғоялари ва қилмишлари сабабли бегуноҳ инсонларнинг қони тўкилмоқда.
Ислом дини ҳар қандай шароитда ҳам экстремистик ва террорчилик каби кескин ҳаракатларни амалга оширишга рухсат бермайди. Унинг таълимотига кўра, ноҳақ қон тўкилиши кимнинг қони бўлишидан қатъи назар, энг оғир гуноҳ ҳисобланиб, унинг жазоси ҳам оғир экани маълум. Ислом динида, ҳатто ёв билан жанг қилиш асносида ҳам инсоф, адолат ва инсонпарварлик қоидаларига риоя қилишга буюрилади. Ҳаддан ошиш, тажовузкорлик ва зўровонлик қаттиқ қораланади.
Ўзларини “Ислом ҳимоячиси” деб ҳисоблаётган ғараз ниятли гуруҳлар томонидан баъзи мамлакатларнинг ҳаттоки, масжидларида террорчилик ҳаракатлари амалга оширилаётганини қандай изоҳлаш мумкин? Айниқса, кейинги вақтларда Яқин шарқда террорчилар томонидан юзлаб мактаблар, аҳоли турар жойлари вайрон қилиниб, минглаб тинч аҳолининг қурбон бўлаётгани ачинарли ҳолдир. Бунинг натижасида юз минглаб ўқувчи болалар илм олишдан маҳрум бўлаётгани, террорчиларнинг жамият тараққиётига болта уришга уринаётганидан далолат беради. Буларнинг барча ҳаракатлари аслида Қуръон таълимотига зиддир. Ҳар қандай террорчи ташкилотларнинг ҳаракатлари биздан узоқ деб бепарво бўлиш бугунги кунда ҳеч бир кишига лойиқ иш эмас.
Маърифатли инсонгина эркин фикрлайди, ҳеч қачон турли бидъатларга ва хурофотга берилмайди. «Фикрга қарши фикр, ғояга қарши ғоя, жаҳолатга қарши маърифат» шиори остида ҳар қандай тажовуз ва террорчилик хуружларининг олдини олиш, уларнинг мафкуравий заминини йўқотиш учун курашади.
Шу ўринда ёт фирқа ва оқимларга қарши курашда билишимиз лозим бўладиган ишларни келтириб ўтсак:
— динимизни ўрганишда ўтган буюк аждодларимиз изидан боришимиз зарур. Диний масалаларни кўрингандан ўрганавермай балки, маълум сифатларга эга бўлган диний уламолардан ўрганишимиз зарур. Демак биз динни ўрганадиган кишилар иймон эътиқодда собит бўлган, жамият ва халқ ичидаги ишончли кишилар бўлиши шарт.
— фарзандлар тарбиясига алоҳида эътибор бериш зарур. Уларни қаровсиз қолдириб, тарбиясини ҳаммага ҳам ишониб топширмаслик керак. Чунки бунинг оқибати қандай тугаши бизларга яхши маълум. Охирги йилларда ёшларимизнинг соддалиги, динга бўлган қизиқиши, саводини оширишга бўлган интилишларидан ўз ғараз мақсадларида фойдаланмоқчи бўлганлар кўп бўлди. Ҳадиси шарифда: “Мўъмин одам ўзини бир ковакдан икки марта (илон чиқиб) чақишига йўл қўймайди”, дейилади.
Халқимизда: “Кўр ҳассасини бир маротаба йўқотади”, деган сўзни эслашимиз ҳам лозим. Демак биз кўзимизни очишимиз, огоҳ бўлишимиз, бизни яна алдашларига йўл қўймаслигимиз лозим.
— турли тоифа, фирқалардан эҳтиёт бўлиш керак. Пайғамбаримиз алайҳис салом: “Эшитган гапини (текширмасдан) бошқаларга етказиш кишининг каззоблиги (ёлғончилигига) етарли далилдир”, деганлар. Демак, кимнингдир ғояларини текшириб кўрмай, унга эргашиб кетавериш динимизга зид, бундай ишлар фирқаланиш ва фитнага олиб келади.
— кишилар ўртасида аҳил-иноқлик ва дўстликни мустаҳкамлаш. Айтишадики, бармоқлар бирлашсагина, кучли муштга айланади. Асл ўғлонларнинг меҳнаткаш қўллари, хайрли амалларгина Ватаннинг қаддини тик қилади. Ватан – илдиз, уни кўкартирувчи тупроқ – қуёш, сув эса халқ бирлиги, якдиллиги. Бу йўлда турли миллат вакилларининг олий руҳий, аҳлоқий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун 1998 йилнинг 1 майида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Унда ўз ифодасини топган бағрикенглик ғояси бутун жамият аъзоларининг Ватан манфаати йўлидаги якдиллиги, ҳамкор ва ҳамфикрлигини назарда тутади ҳамда тинчлик, барқарорликнинг муҳим шарти ҳисобланади. Узоқ тарихдан илдиз олган ва бугунгача ўз моҳияти, аҳамиятини заррача йўқотмаган бу тамойил миллий маданиятимизнинг ажралмас қисми, десак муболаға бўлмайди.
— Ватан ва халқ фойдаси учун хизмат қилиш. Исломнинг соф ақидасига зид, ўтмиш уламолар меросига мувофиқ бўлмаган, мусулмонлар орасида фитна ва бўлинишга олиб келадиган ҳар қандай “янгилик” ва бидъатларга чек қўйиш лозим. Зеро ҳадиси шарифдаги: “(Диндаги) ҳар қандай янгилик бидъат, ҳар бир бидъат-залолат, ҳар бир залолат эса дўзахдадир”, дейилганида ҳам диний ишларга киритиладиган ўзгартиришлар назарда тутилган.
Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун уларга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин.
Демак бугун биз барчамиз жипслашишимиз, яратганга шукр қилиб, юртимиз тараққиёти ва ободлиги бунданда зиёда бўлиши учун биргаликда ҳаракат қилишимиз керак.
Ўткир Ғузаров,
Хожа Бухорий номли ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
