Абдуллоҳ Шибровийнинг ҳаёти ва ижоди
19

Илм ато этилган зотларни баланд даражаларга кўтарган Аллоҳ таолога жалолига яраша ҳамд бўлсин.
“Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” — деб марҳамат қилган суюкли, ҳабибимиз Муҳаммад мустафога мукаммал ва батамом дуруду саловатлар бўлсин.
Аллоҳ таоло ислом дини ила ер юзини мунаввар қилгач, бандалари орасидан вақти-вақти билан ушбу динни қиёматга қадар одамларга таълим берадиган олим кишиларини чиқариб турди. Бинобарин ислом — илм дини ҳисобланади. Шунинг учун мусулмонлар азал-азалдан илм олишга ва уни таълим беришга катта аҳамият қаратганлар.
Биз ушбу мақолада ўз динининг илмга тарғиб қилувчи даъватларига “лаббай” деб жавоб қайтарган олимлардан бири Шайх Абдуллоҳ Шибровий ҳақида баҳоли қудрат маълумот бермоқни мақсад қилдик.
Манбааларда қайд этилишича, олимнинг тўлиқ исми Абу Муҳаммад Жамолиддин Абдуллоҳ ибн Муҳаммад ибн Омир ибн Шарофиддин Шофиъий бўлиб, милодий 1681 йилда зиёли оилада таваллуд топган. У кишининг бобоси (отасининг отаси) Шайх Омир Шибровий Мисрда фатво бериш бўйича ниҳоятда машҳур олим бўлган. Кейинчалик Абдуллоҳ Шибровийга устозлик қилган, ўз асрининг атоқли олимлари Шайх Омир Шибровийнинг қўлида таълим олган.
Абдуллоҳ Шибровий илк сабоқни Азҳарнинг биринчи шайхи имом Хорошийдан, фиқҳ илмини эса, Аллома Шаҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад Шофиъийдан олади. Олимнинг булардан бошқа устозлари ҳам бўлиб, Шайх Халил ибн Иброҳим Лалқоний, Шайх Муҳаммад ибн Абдурраззоқ Зарқоний, Шайх Аҳмад Нафрровий, Шайх Абдуллоҳ Солим Басрий, Шайх Солиҳ ибн Алий Ҳанбалий ва Шамсиддин Ширинбилолий кабилар шулар жумласидандир.
Абдуллоҳ Шировий дунё қараши кенг, саховат пеша ва кенг бағир инсон эди. Доим олим ва солиҳ кишиларни ҳимоя қилиб юрар эди. Бундан ташқари у мумтоз шоир, моҳир ёзувчи ва фақиҳ олим ҳам эди. У фиқҳ, усулул фиқҳ, ҳадис ва калом илмини пухта ўзлаштирган эди.
Алломанинг қаламига мансуб бир қанча асар бўлиб, қуйида улардан баъзиларини келтирамиз.
- Мафотиҳул алтоф фи мадоиҳул ашроф. (Ашрофлар мадҳининг илтифот калитлари. Шеърий девон)
- Ал-итҳоф биҳуббил ашроф. (Ашрофлар муҳаббатига туҳфа)
- Урусул одоб ва фарҳатул албоб фи тақвимил ахлоқ. (Ахлоқни сайқаллашда одоб сарчашмалари ва ақл шодлиги)
Абдуллоҳ Шибровий милодий 1758 йили саксон ёшида бандаликни бажо келтиради.
Хожа Бухорий ўрта махсус таълим муассасаси
ўқитувчиси Омон Қодиров
