ЁШЛИК – ИНСОН ДАВРИНИНГ МУҲИМ БОСҚИЧИДИР
45

Инсон дунёга келганидан бошлаб, унинг бу дунёдан кўз юмгунича бўлган даврининг ҳар бири муҳимдир. Бироқ ана шу даврлар ичида инсоннинг ёшлик даври энг муҳим давр ҳисобланади. Чунки, ёшлик даври инсоннинг ҳаёт чорраҳасида турган, ана шу чорраҳадан тўғри йўлни топиши, акс ҳолда ҳаёт сўқмоқларига қоқилиб адашиб кетиш ҳолатида турган вақт ҳисобланади.
Бундан ташқари инсоннинг ёшлик даври куч-қувватга тўлган, турли хил эҳтиросларга мойил бўладиган, сабридан ғазаби устун келадиган давр ҳисобланади. Айниқса, бугунги таҳликали замонда, фитналар кўпайган, турли хил оқимлар авж олган вақтда бу масала ҳар қачонгидан ҳам муҳим ҳисобланади. Зеро, ёшлар бу миллатнинг келажаги, халқ, эл-юртнинг эртасидир. Ёшларимиз ҳаётда тўғри йўлни топишлари, ҳаёт чорраҳасидан тўғри йўлга бурилишлари, бир сўз билан айтганда Аллоҳ таоло рози бўладиган, Қуръони каримда мақталган ёшлар жамоасидан бўлишлари, бу миллатни, ватанни корига ярайдиган ёшлар бўлиши учун баъзи бир чоралар ўзлари томонидан кўрилиши керак, қолаверса, ёши улуғлар, ота-оналар, мураббийлар, муаллимлар уларга бу масалада ёрдам беришлари лозим.
Мусулмон ёшлар гўзал ахлоқ билан хулқланиш борасидаги барча зарур ишларни амалга оширишга тинимсиз ҳаракат қилишлари лозим. Зотан, яхши хулқ ҳар бир инсоннинг зийнатидир. Динларнинг мукаррами ва мукаммали бўлмиш Ислом ёшларни гўзал ахлоқ асосида тарбиялашни энг муҳим вазифа даражасида кўради. Чунки, жамият аъзоларининг яхши хулқли, ҳалол ва пок бўлишини орзу қилсагу, аммо ўша жамиятнинг келажаги бўлмиш ёшлар тарбияси ҳақида қайғурмасак, ниятларимиз сароблигича қолаверади. Шунинг учун ҳам мусулмон ёшлар доимо карамли ахлоқлар ила хулқланиш пайида бўлишлари лозим. Улар барча бадхулқликлардан, одобсизликлардан, иллат ва қусурлардан узоқда бўлишлари талаб этилади.
Шайтон ёшларни йўлдан уриш учун ўзининг барча аскарларини ишга солади. Унинг аскарлари эса жуда кўп. Шулардан қуйидаги учтаси айниқса бугунги кунда ўта хавфлидир:
Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан энг ашаддийси нафс шаҳватидир. Бу шаҳват ёшларга бошқа жинсдаги шахслар билан, йигитларга қизлар билан, қизларга йигитлар билан ҳаром-ҳариш алоқалар ўрнатиш йўлида иғво қилади. Бу шаҳват ёшларни кашандалик, ароқхўрлик, нашавандлик каби ҳалокатли иллатлар сари чорлайди.
Бу шаҳват ёшларни қиморбоз, бузғунчи ва текинтомоқ бўлишга чорлайди. Демак, барча ёшларимиз, йигит ва қизларимиз лаънати шайтоннинг «нафс шаҳвати» номли малайидан эҳтиёт бўлишлари лозим.
Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири ёмон дўстлардир.
Шайтонга малай бўлган бундай дўстлар бирга ўқиётган синфдошлари, маҳаллада яшаётган тенгқўрлари, қавму қариндош ичидан ҳам бўлиши мумкин. Шайтоннинг ушбу турдаги малайларидан ҳам ҳар бир йигит-қиз ниҳоятда эҳтиёт бўлиши, уларнинг иғвосига учиб, ёмон йўлга кириб кетмасликка ҳаракат қилиши лозим.
Ёшларимиз ўзларига дўст танлашда жуда эҳтиёт бўлишлари, ўйлаб иш тутишлари даркор. Улар билиб-билмай хулқи бузуқ кимсалар билан дўстлашиб қолишмасин. Акс ҳолда, «Қозонга яқин юрсанг, қораси юқади», деганларидек, ёмон дўстнинг касофати уриб қолиши турган гап. Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Мусо Ашъарийдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Яхши ҳамсуҳбат ва ёмон ҳамсуҳбатнинг мисоли мушк (хушбўй нарса) сотувчи ва темирчининг қўрасини пуфловчи босқонга ўхшашдир. Бас, мушк сотувчи ё сенга мушк ҳадя қилади, ё сотиб оласан, модомики, олмаганингда ҳам ундан ёқимли ҳид қолади. Темирчининг босқонидан эса ё кийиминг куяди ёки ёқимсиз ҳид қолади”, дедилар.
Ёшларни иғвога соладиган шайтон малайларидан яна бири бузуқ йўлларга чақирувчи динлар, фирқалар, оқим, ҳизб ва гуруҳлардир.
Ҳозирги кунларда шайтоннинг бу турдаги малайлари ҳам жуда кўпайган. Улар турли давлатлар, ўлкалар ва юртларга ҳар томондан турли ялтироқ номлар ва чақириқлар билан суқилиб кириб келмоқда. Бундай ёвуз кучлардан ёшларимиз ҳар лаҳзада огоҳ бўлиб туришлари, ўзликларини, динлари, мазҳаблари, миллатларини унутмасликлари лозим.
Барча ёшларимиз лаънати шайтондан ва унинг турли-туман малайларидан ҳазир бўлишлари, уларга зинҳор яқинлашмасликлари керак. Уларнинг ўзларига ашаддий душман эканини бир лаҳза ҳам унутмасликлари лозим.
Аллоҳ таоло Фотир сурасида марҳамат қилади:
«Албатта, шайтон сизга душмандир. Бас, уни душман тутинг. У ўз гуруҳини фақат ловуллаган олов соҳиблари бўлишларига чақиради, холос» (6-оят).
Ҳар бир ёш ушбу ояти каримадаги маънони яхши тушуниб етиши, шайтонни ўзига душман тутиши ҳамда унинг ва малайларининг иғвосига учиб қолмаслик учун барча керакли чора-тадбирларни кўриб юриши лозим.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” таълим муассасаси
ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
