ЯНГИ ҲАЁТ УЧУН, ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН

15

Ўтган қисқа даврда жонажон Ўзбекистонимиз машаққатли, шу билан бирга, шарафли истиқлол йўлини босиб ўтди. Башарият тарихи шундан далолат берадики, ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлади. “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” деб миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади ҳам шу эди. Бугун биз осмони тинч хўр ўлкада хотиржамликда яшаяпмиз. Бу тинчликни бизга насиб этган ва Ватан мустақиллиги йўлида жон берган қаҳрамонларимизни унутмаслик ва бу аждодларимиз орзусига бизни етказган Аллоҳга шукурлар айтмоғимиз керак. Гўзал ва бетакрор юртимиз хамиша тинч ва фаровон бўлсин. Меҳнаткаш ва олийжаноб, бағрикенг халқимиз доим соғ омон бўлсин. Осмонимиз мусаффо, юртимиз тинч мустақиллигимиз абадий бўлсин. Яратганни узи барчамизни ўз панохида асрасин!

Истиқлол неъмати туфайли бугун инсоний қадриятларимизнинг асосини ташкил этган Ислом дини таълимотларидан элимиз яна баҳраманд бўла бошлади. Алҳамдулиллаҳ, бугун диний ва дунёвий билимларни эгаллаш учун барча шарт-шароитлар, қулайликлар яратиб берилаяпти. Бу ютуқларга ўз-ўзидан эришилмади албатта. Истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ жамиятнинг турли соҳаларига оид олиб борилган ислоҳотлар қаторида маънавий-маърифий ислоҳотларга алоҳида аҳамият ила ёндашилди. Ана шу ислоҳотлар самараси ўлароқ, улуғ саодатки, фарзандларимизни буюк аждодларимизнинг ҳаёт йўллари, қолдирган илмий-ахлоқий асарлари ила тарбиялаб келмоқдамиз.

Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 1 август куни қабул қилинган «Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида»ги қарори асосида бундай мулоқотларни самимий руҳда ташкил этишга, унда мустақилликнинг қадр-қиммати, айниқса, янгиланаётган Ўзбекистондаги ислоҳотлар моҳиятини ҳаётий мисоллар билан очиб беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шубҳасиз, Аллоҳ Таоло ўзи назар солиб турган бу жаннатмакон диёримиз бугун дунёдаги энг тинч ва обод юртлардан бири бўлиб турибди. Бундай улуғ инъомнинг қадрига етиш, ватаннинг конига яраш, шу масканда яшаётган ҳар биримизнинг бурчимиздир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарорида мазкур байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёни “ЯНГИ ҲАЁТ УЧУН, ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН УЧУН”, деган бош ғоя асосида амалга оширилиши белгилаб берилди.

Ҳеч шубҳасиз, мустақиллик йиллари халқимизнинг минг йиллар давомида орзу қилиб келган озодлик, эрк ва эркинлик йўлидаги курашларининг мантиқий натижаси бўлди. Бу йиллар мобайнида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда улкан ютуқларга эришди. Ўзбекистон жаҳон ҳамжамиятининг ҳақли равишда тўлақонли аъзосига айланди.

Айниқса, сўнгги олти-етти йил аввал бошланган янгиланишлар, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўтказилаётган ислоҳотлар, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги дадил қадамлар нафақат мамлакатимиз аҳолисида, шунингдек, жаҳон ҳамжамиятида ҳам ҳурсандчилик билан кутиб олинмоқда.

Бугун халқимиз Янги Ўзбекистон аслида янги ҳаёт учун кураш эканлигини, бу йўлдаги саъй-ҳаракатларсиз мамлакатимизда узоқ йиллар давомида тўпланиб қолган барча соҳалардаги муаммоларни ҳал этиш асло мумкин эмаслигини яхши англаб турибди.

Қолаверса, Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги ҳар бир кун биз учун авваллари ҳаёлимизга ҳам келмаган имконият ва истиқболларни яратиб бермоқда.

Шу нуқтаи назардан ҳам, юқорида номи қайд этилган қарорда ўтган қисқа, аммо тарихий жараёнлар, ислоҳотларга бой тарихий давр мазмун-моҳиятини очиб бериш лозимлиги таъкидланади.

Мазкур вазифани “Ҳар бир кун – бу имконият, ҳар бир кун – бу келажак учун пойдевор”, деган ҳаётий шиор моҳияти ва аҳамияти ила очиб берилишига эътибор қаратилгани ҳам бежиз эмас.

КЕЧА мамлакат таълим тизими муаммолар гирдобида ўралашиб қолган эди. 2016 йилда болаларни мактабгача таълим тизимига қамраб олиш даражаси 27 фоиздан ошмас эди. Бундай муассасаларнинг моддий-техник базаси ўта ночор бўлиб, уларнинг бинолари деярли яроқсиз ҳолга келиб қолган, боғчаларни малакали тарбиячилар билан таъминлаш ҳолати барчани ташвишга солар эди. Хусусий мактабгача таълим муассасасини ташкил этиш амримаҳол эди.

Мактаб таълим тизимидаги аҳвол эса ундан ҳам баттар эди. 1997 йилда қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш бўйича миллий дастур замонавий талабларга жавоб бермас, унинг концептуал жиҳатлари аллақачонлар эскирган бўлиб, самарадорлик даражаси жуда паст бўлган.

Таълимга замонавий методикани олиб кириш масаласи эса ўткир муаммо бўлиб қолаверди. Мактабларда таълим сифатининг пастлиги, хориж тажрибасига бееътиборлик, мажбурий меҳнатнинг авж олганлиги, ойлик маошлар ҳажмининг ўта камлиги туфайли ўқитувчилар, айниқса, эркак ўқитувчилар таълим муассасаларини тарк этишга мажбур бўлдилар.

Касб-ҳунар коллежларини ташкил этиш бирор-бир натижа ва самара бермади. Узоқ йиллар давомида бундай таълим муассасаларида миллионлаб ўғил-қизларимиз таълим ва касб-ҳунар эгаллаган бўлсаларда, унинг натижаси жамиятни қониқтирмади.

Олий таълим тизимидаги аҳвол ҳам деярли қониқарсиз эди. 2016 йилги маълумотларга кўра ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 9 фоиздан ошмади. Шу даврда мамлакатимизда бирорта ҳам нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилмади. Сиртқи таълим тизими ёпилди.

БУГУН эса таълим тизими том маънода янгиланмоқда. 2023 йилги маълумотларга кўра болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 72 фоизга этди.

Мактаб таълимида қисқа вақт ичида қўшимча 700 минг ўқувчи ўрни яратилди, 200 га яқин мутлақо янгича мазмун ва шаклга эга бўлган Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда 400 та хусусий мактаб ташкил этилди.

Мактаб таълимининг яхшиланишига таълимга замонавий методика, сифат ва рақобат кириб келиши, дарсликларнинг энг илғор хорижий тажрибалар асосида тўлиқ янгиланиши, мактабларга минглаб хорижий муаллимларнинг таклиф этилиши алоҳида рол ўйнади. Айниқса, ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатига муносиб ҳақ тўлаш бўйича аниқ чора-тадбирларнинг кўрилиши ушбу соҳа мутахассисларининг нуфузини янада оширди.

2022 йилги маълумотларга кўра ёшларни олий таълимга қамраб олиш даражаси 38 фоизга ёки 4,2 баробарга ортди. Олий таълим муассасаларининг сони 2016 йилдаги 77 тадан бугунги кунда 210 тага ошди. Шунингдек, 65 та нодавлат олий таълим муассасаси ташкил этилди, хорижий олий таълим муассасалари 4,2 баробар кўпайди.

Яна шу нарсани қайд этиш лозимки, қисқа вақт ичида авваллари биз учун мутлақо нотаниш бўлган, бизнинг тассаввуримизда ҳам бўлмаган, моҳиятан янги тушунчалар, атамалар пайдо бўлди. Гап “Янги Ўзбекистон”, “Учинчи Ренессанс”, “Президент Халқ қабулхоналари”, “Ижтимоий ахлоқ”, “Маърифатли жамият”, “Янги маънавий макон”, “Давлат – инсон учун” каби кўплаб янги атамалар номланиши хусусида ҳам эмас.

Энг асосийси, бугун шу каби тушунчалар мамлакатимиз аҳолисининг реал ҳаётига тўлиқ кириб келганлиги, улар халқимиз ҳаётида аниқ самара ва натижалар бераётганлигидадир. Аслида “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун”, деган бош ғоянинг рўёби ҳам шунда, деб ўйлаймиз.

Айтиш жоизки, мамлакатимизнинг мустақиллиги улкан неъмат экан, бу неъматнинг қадрига етиб, эли учун ғайрат шижоат кўрсатаётган юртбошимизнинг ёнларида қўлқанот бўлиб, бўлаётган ўзгаришлар ва тараққиётга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Бу неъматларнинг давомли ва зиёда бўлиши эса шукронага боғлиқдир. Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ шундай деганлар:“Ким Аллоҳнинг неъматини қалбан ҳис қилиб, тилида эътироф этса, эътирофи охирига етмасдан неъматнинг зиёдалигини кўради”.

 

Нилуфар Аҳадовна

Хожа Бухорий ўрта махсус таълим муассасаси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

_________________________________________________________

Манбаалар асосида тайёрланди