ФИТНА – МАЪНАВИЙ ИЛЛАТДИР
42

Фитна – сўзи луғат жиҳатидан таржима қилинса имтиҳон, синов деган маъноларда ишлатилади. Қуръони каримда ҳам бу сўз айнан шу мазмунда ҳам келган. Демак, фитна ёмон, кўнгилсиз ҳолат бўлиш билан бирга, у инсонларни имтиҳон қилади, сарагини саракка, пучагини пучакка ажратади. Бу ҳам илоҳий ирода, имтиҳон дунёсининг қонуни. Фитна пайтида одамларнинг асл ҳолати ошкор бўлади, қалбидаги яшириниб ётган чўкиндилари юзага қалқийди, бор сурати намоён бўлади. Аллоҳ таоало Ўз каломида “Биз уларни (инсонларни) баъзиси баъзиси билан синаймиз” деб, марҳамат қилган.
Фитна – маънавий иллатлардан бири бўлиб, бугунги кунимизда авж олганлиги, пайдо бўлаётган фитналарга алданиб қолиш, уларга ишониш афсусланарли ҳолат. Бугунги кунимизда айрим нобакор кимсалар ўз мақсадларига эришиш учун мусулмонлар орасида турли йўллар билан фитна қўзғаш, мусулмонларни бирдамлигига раҳна солишга ҳаракат қилмоқда ва минг афсуслар бўлсинки, баъзи ўринларда ўз ниятларига ҳам эришмоқдалар.
Инсонни бошида шундай мусибатлар, фитналар бор экан ва Аллоҳ таоло бу дунёни имтиҳон дунёси қилиб яратган экан – биз нима қилмоғимиз керак деган ҳақли савол бўлиши табиий. Аллоҳ таоло ўз банларига меҳрибон зот. Бу фитналардан қутилиш йўлларини ёки фитнага яқин йўламаслик чораларини Ўз каломи шарифида билдирган ҳамда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ҳадисларида баён қилиб ўтганлар.
“Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз шундай марҳамат Келажакда кўп фитналар бўлади. У фитналар келганда, ўтирган киши турган кишидан яхшидир, юрган киши (фитнага қараб) югурган кишидан яхшидир. Ким фитнага қизиқиб, унга интилса, (фитна) уни ўзига тортиб олиб ҳалок қилади. Ким фитнадан қочиб қутиладиган жой топса, ўша ердан паноҳ топсин (фитнага аралашмасин)” (Имом Бухорий ривояти)
Фитна – ёмон нарса эканлиги, ундан доим эҳтиёт бўлиш кераклигини билиш учун Аллоҳ таолонинг биргина оятини тушуниб етиш кифоя қилади. “Фитна – қатл этишдан ҳам ёмонроқдир. Чунки, қотил бир кишини ҳаётига қасд қилади, фитна сабаб эса бир қабила ўртасида совуқчилик тушади, фитна сабаб бир тану бир жон бўлиб яшаб келаётган миллат парчаланиб кетади.
Бугун ахборот уруши асри. Фитначилар атайлаб, ғаразли ниятда хал-хил маълумотларни тарқатади. Биз эса билиб-билмай уларни улашиб, душман тегирмонига сув қуямиз. Аслида бу ерда ҳам улкан фитна бор эканлигини яхши англаб етимишимиз керак. Биз аввало ўша хабарни қанчалик рост эканлигини аниқлаб, кейин у ҳақда сўз очишимиз керак. Қолаверса ўзимизга савол бериб кўрайлик: “Бу ҳабарни етказишимдан мақсадим нима?, даъвода савоб истаймиз, хўш, шу хабарни ёйиш ушбу мақсадга жавоб берадими? кимга манфаат бор, шаръий нуқтаи назардан бу ишнинг зарурати борми?”. Ушбу саволларга етарлича жавоб топгачгина тарқатишни ўйлаб кўриш мумкин.
Аллоҳ таоло айтади: “Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар” (Ҳужурот сураси,6-оят). Бугунлик кунда кўпчилик тушунмайдиган диний масалаларни, айниқса ақидага оид бўлган масалаларни мўмин-мусулмонлар орасида қўзғаши ҳам айни фитнани ўзгинасидир. Уламоларимиз айтадиларки, агар тортишувли масала динга оид бўлса, уни мутахассисига мурожаат қилинади. Айниқса ақоид масаласига оид бўлса, ақида илми мутахассиси масалани ечиб беради қолганлар уни эшитади. Агар ўртадаги тортишувли масала дунё учун бўладиган бўлса, ҳар икки томон ҳам жим бўлиши керак, чунки дунё учун тортишувда ҳеч кимга фойда йўқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнадан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор. Шу суннатга кўра биз ҳам фитнадан сақлашини сўраб Раббимизга дуо қиламиз. Аллоҳ таоло ҳар биримизни фитна ва фитначилик балосидан асрасин.
Ўткирхон Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом таълим
муассасаси ўқув ишлари бўйича мудир ўринбосари
