Ислом софлигини сақлашда калом илмининг бугунги кундаги аҳамияти
14

Калом илмини ўрганиш икки дунё бахт-саодатининг омили бўлиб, унда Аллоҳ таолони таниш, ғайбий хабарларга ишониш каъби эътиқод қилиш зарур бўлган масалалар баён қилинади. Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл моҳияти ҳам, У зотни танишнинг ассоси ҳам калом илмида баён қилиниши боис, ушбу илм қолган барча илмларнинг энг асосийси, энг олийси ва диннинг асли ҳисобланади. Шунинг учун ҳам ҳар бир мусулмон киши аввало диннинг асли бўлган калом илмини ўрганиши ўта муҳимдир. Барчамизга маълумки, Ислом дини ҳақида билимларини ошириш мақсадида ўқиб-ўрганаётган, хусусан интернет тармоғидан фойдаланаётган юртдошларимиз, айниқса ёшларнинг сони ортиб бораяпти. Аммо, ана шу сайтларнинг барчасида ҳам ақидавий масалаларда бизнинг диёримизда анъана бўлган Мотуридия ақидасига мувофиқ фикрлар берилмайди. Ақида масалаларида етарли билимга эга бўлмаганлар ўзлари билмаган ҳолда Мотуридия ақидасига хилоф бўлган масалаларда билиб билмай сўз айтиб қўйишлари мусулмонлар ўртасида фитна чиқишига сабаб бўлиб қолиши мумкин.
Соф ва тўғри ақида Пайғамбаримиз ﷺ ва саҳобаи киромлардан собит бўлган ақидадир. Бу ақида “аҳли сунна вал жамоа ақидаси” деб аталади. Аҳли сунна вал жамоа ақидаси ашъария ва мотуридия мазҳабларидан иборат. Юртимиз мусулмонлари аҳли сунна вал жамоа ақидасининг мотуридия мазҳабидадирлар.
Калом илмининг мақсади — динга бўлган ишончни, диний ақийдаларни қатъий далиллар ила исботлаш ва улар тўғрисидаги шубҳаларни рад қилишдир. Кишини ақийдада тақлидчи бўлишдан далил келтириш ва ишончли бўлиш чўққисига кўтаришдир. Тўғри йўл изловчиларга ҳақни очиқ баён қилиш орқали йўл кўрсатиш, бўйин товловчиларга далил-ҳужжатларни исбот қилиш.
Дин асосларини аҳли ботилнинг шубҳаларидан ва адаштиришларидан муҳофаза қилиш. Хулосаси эса, барча шаръий илмлар каби, икки дунё саодатини ҳосил қилишдир.
Кўриниб турибдики, калом илми ва унинг мавзуси барча мўмин-мусулмонлар учун ўта муҳим ва зарурдир. Акс ҳолда банданинг қилаётган бирор ибодати, амали мақбул бўлмайди.
Бугунги кунда баъзи бир эътироф этилмаган шахслар ёки оқимлар томонидан қўштирноқ ичидаги “фатволар” инсонларни ислом маърифатидан узоқлаштиришга сабаб бўлмоқда. Айниқса, уларнинг “жиҳод”, “байъат”, “такфир”, “бемазҳаблик”, “ҳижрат” каби масалалардаги асоссиз “фатволари” ноҳақ қон тўкилишига олиб бормоқда ва инсонларнинг кафолатланган ҳуқуқларига рахна солинишига сабаб бўлмоқда.
Бунга биргина мисол қилиб “такфир” масаласини келтиришимиз мумкин.
Жумҳур калом ва фиқҳ уламолари иттифоқига кўра бирор-бир аҳли қибла бўлган мусулмонни кофирга чиқармаслик лозимдир.
Тарихдан маълумки, қайси халқ ёки жамиятда ихтилоф ва ўзаро низолар авж олса, улар катта фитналарни келтириб чиқарган ҳамда ушбу ўлка заифлашиб, охир-оқибат муқаррар таназзулга йўл тутган. Аксинча, ошкора ва ботиний фитна ва ихтилофларга қарши илм, адолат ва бирдамлик билан қарши турган юртлар барқарор ривожланиб, дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллаган.
Бугун униб-ўсаётган фарзандларимиз тафаккурини ақоид масаласида Насафийлар каби улуғ алломаларимиз маънавий мероси негизида тўғри шакллантириш – ёшлар, таъбир жоиз бўлса, бутун жамиятнинг ҳаёти ва келажагини мафкуравий таҳдид таъсиридан сақлаб қолишда энг оқилона маърифий йўлдир.
Ҳозириги пайтда калом илмини ўрганиш зарурати шундаки, бугун муқаддас динимиз софлигига турли хил таҳдидлар бўлиб турибди. Шу билан бирга, баъзи ақидапарастлар ислом динимиздаги ҳукмлар, фиқҳий масалалар, қиёс, ижмў ва бошқа динимиз асосларини нотўғри деб айтиб, ўзларининг ҳеч нарсага асосланмаган фикр ва ғояларини кенг тарқатмоқчи бўлиб турибдилар. Буларнинг муқаддас динимиз, қолаверса, асрий қадриятларимизга путур етказадиган бу каби вайронкор фикр вағояларини чуқур англаган ҳолда, Ашъарий ва Мотуридий асарларини пухта эгаллаб, шу асарларга асосан уларга раддиялар бермоғимиз лозим. Бу улуғ зотларнинг қолдирган бебаҳо илмий меросларини бугун ҳарбир шахс, айниқса, ёш авлод биладиган бўлса, бизнинг эътиқодимизга бўлган ҳар қандай хавф таъсир қилмайди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Калом илми бугунги кун учун ҳам катта амалий аҳамият касб этиб, ҳидоят йўлидан адашган баъзи бузғунчи гуруҳларни фош этишда муносиб ҳиссасини қўшиши шубҳасиздир. Ислом динининг соф эътиқодини келажак авлодга етказишда аввалда ҳам калом илмининг ўрни беқиёс бўлган. Келгусида ҳам калом илмининг ўрни аҳамиятли бўлиб қолаверади. Ақида тўғри бўлсагина кишига бажарган ибодатлари манфаат беради. Аллоҳ таоло барчаларимизни соф ислом ақидасида давомий қилсин.
Ўролов Муҳаммад
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
4-курс талабаси
