«Бидъат» сўзи луғатда “бир нарсани янгитдан пайдо қилиш” маъносини англатади.

«Бидъат»нинг шаръий истилоҳи – таърифига келадиган бўлсак, уламолар бидъатни, ибодатларда бўлсин, одатларда бўлсин, яхши бўлсин, ёмон бўлсин, Қуръон ва Суннатда йўқ ва янги пайдо бўлган нарса деб таърифлайдилар.

Ушбу кўринишдаги таърифларнинг маъносини ўзида тўла акс эттирган таъриф Изз ибн Абдуссаломнинг таърифи бўлиб, унда: «Бидъат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган нарсадир», дейилган.

Ислом уламолари бидъатни беш қисмга тақсимлаганлар.

  1. Вожиб бидъат. Яъни уни қилишлик вожиб бўлган бидъат. Наҳв илмини ўрганиш бидъатнинг вожиб турига киради. Зероки бу илмни ўрганмасдан Қуръон ва Суннатни билиб бўлмайди. Бу икки манбани ўрганиш вожиб. Вожибни бажаришга хизмат қиладиган нарса ҳам вожиб бўлади. Демак, Қуръон ва Суннатни ўрганиш учун наҳвни ўрганиш вожиб.
    Бу илмни ўрганиш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаган. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан кейин, Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг даврларида наҳв илмини ўрганиш йўлида биринчи қадам қўйилди. Бу борада Абул Асвад ад-Дуали розияллоҳу анҳу ва бошқа наҳвий уламолар бу илм йўлида хизмат қилганлар. Уламолар аслида бу илмни ўрганишлик бидъат аммо вожиб бидъатдир.

Жарир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

مَنْ سَنَّ فِي الإِسلاَم سُنَّةً حَسَنَةً فَلَهُ أَجْرُهَا، وَأَجْرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا بَعْدَهُ، مِنْ غَيرِ أَنْ يَنْقُصَ مِن أُجُورِهِم شَيءٌ، وَمَنْ سَنَّ فِي الإِسلاَم سُنَّةً سَيِّئَةً كَانَ عَلَيه وِزْرُهَا، وَوِزرُ مَنْ عَمِلَ بِهَا مِنْ بعدِه، من غير أن ينقُص مِن أَوزَارِهَم شيء

«Ким Исломда гўзал суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўшанга амал қилганлар ажрига ўхшаш ажр, уларнинг ажридан бирор нарса ноқис қилинмаган ҳолда ёзилиб туради. Ким Исломда бир ёлғон суннат пайдо қилса ва ундан кейин ўша суннатга амал қилинса, унга ўша амал қилганлар гуноҳига ўхшаш гуноҳ, уларнинг гуноҳларидан бирор нарса ноқис қилмаган ҳолда ёзилиб туради», дедилар». Муслим, Абу Довуд ва Термизийлар ривоят қилишган.

  1. Ҳаром бидъат.Қадария, Жабрия, Муржиъа ва Хавориж мазҳаблари. Бундай фирқалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида бўлмаган. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу даврларида хавориж ундан кейин бошқа фирқалар чиқди. Бу фирқалар нега ҳаром бидъат дейилди? Чунки бу фирқаларнинг қарашлари Исломга ва унинг қоидаларига зид эди. Имом Тирмизийнинг  “Жомеъ ат-Тирмизий” 2149 ҳадисида

عن ابن عباس قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: » صنفان من أمتي ليس لهما في الإسلام نصيب: المرجئة والقدرية

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиъа ва Қадария», дедилар» (Термизий ривоят қилган).

  1. Мустаҳаб бидъат.Мадрасалар ташкил қилиш ва таровеҳ намозига ўхшаш нарсалар. Булар ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида бўлмаган, таровеҳ намозлари Ҳазрат Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида бўлди. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳнинг “Саҳиҳул Бухорий” китоби 2010 ҳадисида:

عن عبد الرحمن بن عبد القاري، أنه قال: خرجت مع عمر بن الخطاب رضي الله عنه، ليلة في رمضان إلى المسجد، فإذا الناس أوزاع متفرقون، يصلي الرجل لنفسه، ويصلي الرجل فيصلي بصلاته الرهط، فقال عمر: «إني أرى لو جمعت هؤلاء على قارئ واحد، لكان أمثل» ثم عزم، فجمعهم على أبي بن كعب، ثم خرجت معه ليلة أخرى، والناس يصلون بصلاة قارئهم، قال عمر: «نعم البدعة هذه، والتي ينامون عنها أفضل من التي يقومون» يريد آخر الليل وكان الناس يقومون أوله

Абдурраҳмон ибн Абдин Қорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу билан Рамазон кечаларининг бирида масжидга чиқдим. Қарасак, одамлар гуруҳ-гуруҳ билан тарқоқ ҳолларида: кимдир ўзи намоз ўқимоқда, кимдир намоз ўқиса бир неча киши унга иқтидо қилмоқда. Шунда Умар: «Менимча анна уларни бир қори (орти) га жамласам яхши бўлади», деди. Сўнгра уларни Убай ибн Каъбнинг ортидан жамлади. Кейин, бошқа бир кечада мен яна у билан чиққанимда одамлар қориларга иқтидо қилиб номоз ўқишар эди. «Бу қандоқ ҳам яхши бидъат. Бу вақтда ухлаб ётганларидан кўра қоим бўлганлари афзал», деди ҳазрати Умар. Кечанинг охирида, демоқчи. Одамлар кечанинг аввалида қоим бўлишар эди».

  1. Макруҳ бидъат.Масжидларни ўта зеб зийнатли қилиб безаш. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида масжидларни зийнатлашда ҳаддан ошиқ қилмасдилар.
  2. Мубоҳ бидъат.Намоздан кейин қўл бериб кўришиш ва емоқ, ичмоқ, киймоқда лаззат ва чиройни ихтиёр қилиш кабилар. Чунки бу ишларни қилишда гуноҳ ҳам савоб ҳам  йўқдир. Аммо меъёрида бўлган ҳар қандай амал гўзалдир.

Бидъатлар асли жиҳатидан икки хил бўлади:

  1. Эътиқодий
  2. Амалий.

Эътиқодий бидъатлар ақийдага, амалий бидъатлар шариатга оиддир.
Бидъатларнинг энг хатарлиси эътиқодда бўлганидир. Улар бугунги кунимизда ҳам кўп бўлиб, асосан Аҳли сунна вал жамоадан ажраб чиққан турли тоифалар ўша бидъатлар туфайли йўлдан озганлар. Ҳозирги кунимизда ҳам оммавий ахборот воситалари орқали эътиқодда адашган бидъатчи фирқалар вакиллари Имом Абу Ҳанифа ва Имом Мотурудий каби улуғ олим, мазҳаббошиларга ҳам ҳар хил бўҳтонлар қилишмоқдалар.
Қуръони  карим ва суннати мутоҳҳарадан хабардор ҳамда аҳли сунна вал жамоа муҳитида яшаб юрган киши учун бидъатларни билиб олиш қийин эмас.

Дастлаб пайдо бўлган эътиқодий бидъатчи фирқалар тўрттадир.
1. Хаворижлар. Бу фирқа жоҳил парҳезгорлик, динда ҳаддан ошиш, эсипатслик, ҳақ аҳлига қарши ботил ила чиқиш, умумий ва бир-бирига ўхшаш матнларни маҳкам тутишга асосланган бўлиб мусулмонларнинг бошига кўплаб бало-офатлар ёғилишига сабаб бўлган.

و هذا نعت الخوارج الذى لا يدينون للأئمّة و يتعرضون للناس بالسيف … أجمع علماء المسلمين على انّ الخوارج على ضلالتهم فرقة من فرق المسلمين

“Бу хаворижларнинг сифати бўлиб, улар подшоҳларга диёнат билан итоат қилмайдилар, одамларга қилич билан қарши чиқадилар… Уламолар ижмоъ қилганларки, хаворижлар ўзларининг залолатларига биноан мусулмонларнинг фирқаларидан бир фирқадир” 

(Али ал-қори. “Мирқот ал-мафотиҳ”, 11/119).

  1. Муржиалар.Бу фирқа хаворижларга қарши ҳаракат сифатида пайдо бўлган. Улар: «Иймон ила маъсият зарар қилмайди», деган фикрни ўзларига шиор қилиб олганлар.
  2. Шийъалар.Бу фирқа Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари хусусида ғулувга кетишга асосланган эди.
  3. Мўътазилийлар. Бу фирқа шаръий матнларни таъвийл қилишда ҳаддан ташқари кенг йўл тутган ва гумонли қоидаларни ишга солиш ила танилган эди. Бу оқимнинг раҳбари Восил ибн Атодир. Мўтазилалар аҳли сунна вал жамоага бир нечта ақидавий масалаларда хилоф қилганлар ва ўз эътиқодларини аҳли сунна вал жамоа кишиларига, ҳатто олимларига ҳам зўрлик билан ўтказишга ҳаракат қилганлар. Мўътазилаларнинг қазо ва қадар масаласидаги фикрлари Қадарийларникига (тақдирни инкор этувчи фирқа) яқин бўлганлиги учун уларни қадарийлар деб ҳам аташади.

Ҳозирги кунимизда ҳам ушбу тўрт тоифанинг фикрларидан баъзилари тез-тез тарқалиб, одамларни ташвишга солиб тургани сир эмас. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу олим зот сифатида ўзлари билмаган нарсани гапиришдан қаттиқ қўрқар эди. У киши илмни даъво қилиб одамлар ичида турли масалаларни ўринсиз қўзғайдиганларга қарши эди. Уларни доимо таъқиб қилар, эътиқодий бидъатни қўзитмоқчи бўлганларни қаттиқ жазолар эди. Буларнинг таъсиридан аҳли сунна вал жамоамазҳабининг чуқур илм ва илмда пешқадам уламолари йўлини маҳкам тутиш билангина соғ қолиш мумкин.

 

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 3-босқич талабаси Турсунов Нурали