Ялқовлик – эрксизликдир

28

Киши инсонларга юк бўлган куни эркини йўқотади. Инсоннинг саодатдан маҳрум бўлиб, маъюс яшаши шу ялқовлик, ғайратсизлик натижасидир. Ҳақиқат шуки, ҳали ҳеч ким муваффақият нарвонига қўлини чўнтагига суқиб чиқмаган. Танбаллик ҳеч бир одамга фазилат эмас, лекин олим ва илм толиби дангасалик қилса янада хунук.

Одамлари танбал, дангаса бўлган, илму фан ривожланмаган, қонун топталган юрт сира ривож топмайди. Халқи ўзгаларга қарам бўлади, душманлар бу юртни истаганларича талайдилар, топтайдилар. Натижада халқ улкан моддий ва маънавий зарар кўради. Фақат Ватани эмас, жонидан маҳрум бўлади. Роҳати, тинчлиги, эрки, ҳурмати, осойишталиги бир тийинга арзимас бўлади.

Жисмоний меҳнат бир масала, ақлий ялқовлик, яъни маънавий танбаллик янада оғирроқ масаладир. Ёшларнинг илм олишга эринишлари жамият учун ҳам зарарлидир. Агар дарё суви денгизга қуйилиб турилмаса, ҳар қандай катталикдаги денгиз ҳам қурийди.  Бекорчи ва ишёқмас – иродасиз одамдир. Агар одам фикрлашда дангаса бўлса, жаҳолатга ботиши, гуноҳи ортиши шубҳасиздир. Олимлар сафи ёшлар ҳисобига тўлиб турмаса, мамлакат инқирозга юз тутади.

Меҳнатни севмайдиган одам ҳар бузуқликни қилишга тайёрдир. Меҳнатнинг кишига бахт-саодат келтиришига ҳеч ким шубҳа қилмайди. Ялқовлик, бекорчиликнинг эса фалокат гирдобига ташлашини ҳамма ҳам ўйлаб кўравермайди.

Пайғамбаримиз ﷺ: “Оламда энг ёмон нарса — бекорчиликир”, деганлар. Халқимизда “Бекорчидан Худо безор”, “Бекор ўтиргунча бекор ишла” деган ҳикматлар  ҳам бор. Ҳаракат қилмаган киши танбал бўлиб қолиши аниқдир. Танбал киши эса бекорчи гаплар билан машғул бўлади. Чунки бекор юриш – иллатларнинг онаси, ғурбатларнинг маконидир. Бекорчи гаплардан эса турли миш-мишлар, иғволар туғилади. Миш-мишлар тарқалган жойда эса дўст – душманга, душман эса думи босиб олинган илонга айланади. Донолар дедиларки: “Эркакнинг бекорчилиги – ғафлат, аёлнинг бекорчилиги — шаҳват”.

Эътиборсизлик, бефарқлик ҳаётнинг кўп соҳаларида тараққиётга жиддий тўсиқ бўлади.

Ҳозирги даврнинг талаби – аниқлик ва янгиликлардан тезкорлик билан хабардор бўлиш. Лоқайдлик эса бунга тамомила зиддир. “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида шундай дейилади: “Бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бетараф ва бепарво қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшайдиган одамлардан қўрқиш керак. Улардан ҳеч яхшилик чиқмайди. Чунки уларда на имон ва на ирода бўлади. Улар хатто ўз халқи, ватани тақдирига ҳам бамисоли бегона одамдек қарайди”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, бефарқлик ҳаётнинг кўп соҳаларида тараққиётга жиддий тўсиқ бўлади. Инсон ўз-ўзини тарбиялаши, мақсад туйғусини топиши, кичик қадамлар қўйиши ва бошқалар билан боғланиш орқали бефарқликни енгиб, ижобий ўзгаришлар яратишга ҳаракат қилмоғи лозимдир. Шуни ёдда тутиш керакки, ҳатто кичик ҳаракатлар ҳам ўзгаришларга олиб келиши мумкин ва бу натижага бирдамлик билан ҳамнафас ҳаракат қилинса, ижобий, самарали ва муваффақиятли натижаларга эришиш мумкин.

Алимардон Кароматов 

 “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 2-курс талабаси