БУЮК НЕЪМАТ
27Аллоҳ таоло бандаларига ўз фазли карами билан беҳисоб нематларни ато этган. Ана шу неъматлардан бири тинчлик ва осойишталикдир. Ислом дини кишиларни тинчликни асраш ва барқарорликни таъминлаш йўлида имон, инсоф, адолат, ҳамжиҳатлик ва бирдамлик билан ҳаракат қилишга, фитна ва ўзаро адоватга барҳам беришга чақиради. Бу бежиз эмас, албатта. Зеро, тинчликпарварлик ислом динининг моҳиятини ташкил этади.
Бегуноҳ одамларнинг жонлари ва молларига қасд қилиш хусусан ўлдириш қатъий ман этилган. Айниқса мўъмин — мусулмонларга ўзлари каби мўъминларни ўлдириш қатъий ҳаром қилинган ва бунинг жазоси албатта жаҳаннам бўлиши ҳақида огоҳлантирилган. Шунинг учун тинч — тотувликда, ўзаро ҳамжиҳатликда яшаш жамиятда хотиржамлик ва фаровонлик бўлишининг омили ҳамда Аллоҳ таолонинг розилигини топиш учун бир восита эканлигини унутмаслик лозим.
Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо унинг қадрига етиш лозимлигини барчамиз бирдек англайвермаймиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганидек: “Икки неъмат борки кўпчилик одамлар унинг қадрига етишмайди: булар тансиҳатлик ҳамда тинчлик — хотиржамликдир”.
Дарҳақиқат, инсонга бирор неъмат келса, ҳамма ҳам унинг қадрига бирдек етавермайди. Бу неъматлар қўлдан кетгач пушаймондан не фойда? Неъматларнинг қадрига етиб, уни асраб – авайлаган инсонлар эса бу неъматлардан узоқ вақт баҳраманд бўлиши шубҳасиз. Моддий қийматга эга бўлган неъматлар қўлдан кетгач қайта топиш мумкин. Аммо тинчлик — хотиржамлик, соғлик каби бебаҳо неъматларни йиллар давомида ҳам қайта тиклаш мушкулдир.
Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу — умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимини бир меъёрда бўлишлигини ифода этади. Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам. Эл — юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф — одат ва расм -русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир.
Инсониятга, дов — дарахтга, чорва — молга, қурт — қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.
Юртимизда тинчлик-осойишталик барқарорлигини таъминлаш йўлида давлатимиз томонидан катта иш олиб борилаётгани бизнинг бахтимиздир. Шунга кўра биз ҳам тинч, осойишта ва фаровон ҳаётнинг қадрига етиш, бу фаровонлик, осуда турмушимизнинг барқарорлигини таъминлашликда ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим. Бу орқали турмушимизнинг янада фаровонлигига эришамиз.
Дунёда рўй бераётган турли ноҳуш ходисалар биздан доимо огоҳ ва хушёр бўлишни тақоза этади. Ана шу ҳолатни эсдан чиқармай, ўзаро ҳамжиҳатлик, бирдамлик ва адолат билан ҳаракат қилишимиз, тинчлик ва инсонпарварликка ундовчи ғояларни рўёбга чиқариш йўлида бир тану, бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз лозимдир.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий –маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
