Имом Абу Мансур Мотурудий

26

Бу табаррук заминни довруғини дунёга тарқалишида улкан ҳисса қўшган, шу юртда туғилиб усган, шу ерда ўқиган ва аҳли сунна вал жамоъанинг “Ҳидоят имоми” унвонига сазовор бўлган ақида илми имоми имом Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳ бўладилар.

Бу кишининг тўлиқ исмлари Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотурудийдир. Баъзи тарихчилар: “Имом Абу Мансур Мотурудийнинг насаблари машҳур саҳоба Абу Айю Ансорий розияллоҳу анҳуга бориб тақалади” дейишади. Шунинг учун баъзи муҳаққиқ уламолар имом Абу Мансур Мотурудийни зикр қилганларида “Ансорий” нисбатини ҳам қўшиб қўядилар. Имом Абу Мансур Мотурудийнинг ҳаётларини ўрганган тарихчилар у кишининг туғилган йилларини аниқлаш имконини топмаган бўлсаларда, баъзи маълумотларни солиштириб, “У киши учинчи ҳижрий асрнинг охирги чорагида дунёга келганлар” дейишади. Яъни, ҳижрий ҳисобда 260 йилларга тўғри келади. Тарихчилар Имом Абу Мансур Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳижрий 333 санада вафот этганликларига иттифоқ қилишган. У зот  ўзларининг она шаҳарлари Самарқандга дафн қилинганлар.

Юқорида таъкидлаганимиздек Самарқанд дунёнинг илмга кон машҳур шаҳарлари бўлгани учун ундан жуда кўплаб алломалар етишиб чиққани ҳаммага маълум ва машҳур. Мазкур имтиёзлар Имом Абу Мансур Мотурудий раҳматуллоҳи алайҳнинг улуғ аллома бўлиб етишишларига катта омил  бўлганида ҳеч шубҳа йўқ. Аллоҳ таолонинг инояти ила у киши ўз замонасининг аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги забардаст ҳанафий уламоларидан илм олдилар. Жумладан, у кишининг устозларидан Абу Наср Иёзий – бу киши илмда, парҳезкорликда ва бошқа ахлоқий сифатларда тенги бўлмаган киши бўлган. Бу кишининг Абу Мансур Мотурудийга тенгдош яна қирқта  олим шигирди бўлган.  Абу Бакр Аҳмад Жузжоний – бу киши усул ва фуруъ илмларида ўз замонасининг тенги йўқ олимларидан бўлган. Муҳаммад ибн Муқотил Розий ва Нусайр ибн Яхё Балхий – бу зотлар тафсир, ҳадис ва калом илмиларида тенги йўқ устозлардан бўлган. Имом Абу Мансур Мотурудийнинг устозлари тарихи ўрганган муаррихлар, имом Абу Ҳанифанинг шогирдлари имом Абу Юсуф ва имом Муҳаммадга етиб боради дейдилар.

Имом Абу Мансур Мотурудий ислом оламида турли ўзгаришлар авж олиб турган хусусан, ҳар хил ақидавий фирқалар, тофалар кўпайиб, бир бирлари билан тортишиб юрган пайтда яшаб ижод қилган. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақидавий дарсларни даволашга ҳаракат қилганлар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатларини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар.

Имом Абу Мансур Мотурудий Мавороуннаҳрда аҳли суннанинг шайхи бўлиш даражасида эришганлар. У киши кези келганда ақлга кези келганда нақлга ўз ҳақини бериб, муътадил йўлдан оғишмай борганлар. Мавороуннаҳда одамлар барча турдаги илмий масалаларда у кишига мурожаат қилишган, ақоид, усул фиқҳ, фиқҳ ва бошқа диний илмлар бўйича  у кишидан таълим олганлар. У киши усул бўйича “Китабул жадал” ва фиқҳда “Маъохизуш шаръийя”ни таълиф қилганларидан кейин имом Мотурудийнинг шуҳратлари яна ҳам ортиб кетади ва Хуросон аҳлининг мазҳаб соҳибига айланадилар. Бундан ташқари имом Мотурудий тафсир борасида ҳам улкан китоб ёзганлар ва уни “Таъвийлоту аҳлис- сунна” деб атаганлар. Илми каломга оид “Китабут тавҳид”ни ёзадилар ва бу китобда маърифат ва уни ҳосил қилиш воситалари ҳақида баҳс юритилади. Бундан ташқари ушбу китобда Аллоҳ таолонинг сифатлари, Аллоҳни кўриш масаласи, Аллоҳ инсонга амал ва ихтиёр ҳақини бергани ва бошқа долзарб мавзуларда фикр юритадилар ўз фикрларини оят ва ҳадислар билан қувватлаб борадилар.

Бундан ташқари имом Мотурудий ўзлари яшаган даврда ақида борасида турли бузғунчиликлари билан танилган муътазилалар, қарматийлар каби оқимларнинг кирдикорлаини фош қилувчи уларга кучлик раддия бўлувчи китоблар таълиф қилганлар ва ислом оламини катта фитналардан сақлаб қолишда улкан жасорат кўрсатганлар.

Манбалар асосида тайёрланди.

Ў. Маҳмудов

Хожа Бухорий ислом билим юрти ўқитувчиси