ИСЛОМ ДИНИ ИНСОННИ ГЎЗАЛ АХЛОҚҚА ЧОРЛАЙДИ
13

Гўзал ахлоқда ислом оламига намуна бўлган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини доимо ҳусни хулқга, хуш муомалага, ўзаро меҳр-оқибатга, катталарга иззат-ҳурмат, кичикларга эса раҳм-шафқатли бўлишга, ўзгани айб-нуқсонларини ва саҳв-хатоларини кечиришга ва ҳоказо каби гўзал ахлоқлар билан зийнатланишларига чақирганлар. Айни пайтда Пайғамбаримиз алайҳиссалом биринчи даражадаги ахлоқи ҳамида соҳиби эканларига асло шубҳа йўқ. Бу ҳақда Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз!” (Қалам сураси, 4-оят) деб марҳамат қилган.
Мусулмон кишининг гўзал ахлоқи унинг соғлом эътиқоди ва имонининг комиллигига далолат қилади. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Мўминларнинг ичида энг имони комили хулқи чиройли бўлганидир. Сизларнинг яхшиларингиз аёлларига яхши хулқ билан муносабатда бўладиганингиздир”. (Имом Термизий ривояти).
Киши имони қандайлигини билмоқчи бўлса, унинг тарозуси чиройли хулқдир. Айниқса, ўзидан заифлар хотин, бола ва қўл остидаги ходимларга чиройли муомалада бўлиш энг яхши мўминлар қаторига кириш ҳисобланади.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Сизларнинг менга суюклироғингиз ва қиёмат куни менга яқинроғингиз ахлоқи гўзалларингиздир” (Имом Термизий ривояти).
Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳу дедилар: “Гўзал хулқ учта хислат билан ҳосил бўлади: ҳаромдан тийилиш, ҳалолни излаш, аҳлига бағрикенглик қилиш”.
Саҳл ибн Тустарий раҳматуллоҳи алайҳдан гўзал хулқ ҳақида сўрашганда: “Гўзал хулқнинг энг қуйи даражаси машаққатларни кўтариш, мукофотдан кечиш, золимга раҳм-шафқат қилиб, уларга мағфират тилаш”, дедилар.
ХУЛОСА ўрнида, кейинги пайтларда юртимизда “оммавий маданият” номи остида мусулмонларга хос бўлмаган ҳаёт тарзини тарғиб қилиш кўзга ташланмоқда. “Оммавий маданият” ёшларга ҳаёсиз, масъулиятсиз бир ҳаёт тарзини безаб кўрсатмоқда. Яъни, ҳеч нарсада ҳалол, ҳаром деган чегара йўқ, бу дунёга бир марта келинади, ўйнаб кулиб қолиш керак, дунё лаззатларини тотиб қолиш керак, каби фикрларни ўртага ташламоқда. Тўғри, худди мана шу ғоялар билан яшаганлар тарихда ҳам бўлган. Уларнинг ҳаммаси бало, офат ва Аллоҳнинг азобига дуч келиб, қирилиб кетдилар. Ўзига дин диёнат ва чиройли хулқни шиор қилиб олганларнинг эса ишлари, авлодлари, динлари ҳануз давом этмоқда. Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, ёш авлодга биз катталар ўрнак бўлишимиз керак. Айниқса, катта масъулият эркакларнинг зиммасига тушади. Агар фарзандлар тарбиясига беъэтибор бўлсак, уларни “оммавий маданият”нинг қўлига топшириб қўйсак, динимиз, келажагимиз ва миллатимиз хавф остида қолади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
