Сабр – ҳар бир мўминнинг зийнати

18

Ҳайит куни Умар ибн Абдулазизнинг кичик қизи отасининг ҳузурига йиғлаган ҳолда кирди. Отаси: “Сени нима нарса йиғлатди?” деганди, қиз: “Барча болалар янги кийим кийишди, мен эса ҳайитга мўминлар амирининг қизи блган ҳолимда эски кийим кийиб чиқдим”, деди. Умар ибн Абдулазиз қизларнинг сўзидан таъсирланиб хазинабоннинг олдига борди ва: “ Келаси ойдаги маошимдан бир миқдор пул бериб тура оласизми?” деб сўради. Хазинабон: “Нима учун, эй мўминлар амири?”, деди. Қизининг хафа бўлганини гапириб берди. Хазинабон: “Монелигим йўқ, фақат бир шарт билан бераман”, деди. Унинг қандай шартлигини сўради. Хазинабон: “Сиз истаган маошни ишлатиш учун келгуси ойда тирик қолишингизга кафолат берсангиз, майли”, деди. Умар хазинабонни шундайлигича тарк қилиб уйига йўл олди. Фарзандлари: “Эй отажон! Нима бўлди?”, деб сўраган эди, Умар ибн Абдулазиз: “Сабр қилсангиз барчамиз жаннатга кирамиз. Ёки сабр қилмайсизларда, мен дўзахга тушаман!” дегандилар, фарзандлар: “Отажон, сабр қиламиз!” дейишди. Аллоҳ улардан рози бўлсин.

“Сабр” сўзининг маъноларидан бири танглик ила ўзини тутиб туришдир.

Сабрнинг истилоҳий маъноси ҳақида уламо аҳли бир-бирини тўлдирувчи бир неча таърифларни айтганлар:

Роғиб: “Сабр нафсни ақл ва шариат тақозо қилганидек тутиб туришдир ёки иккиси тақозо қилган нарсадан тутиб туришдир”, деган.

Муновий: “Сабр ҳиссий ва ақлий оғирликҳамда аламларга чидашдир”, деган.

Сабрнинг таърифида айтилган гаплардан:

-Сабр нафсни қайғу ва аччиқланишдан, тилни шикоятдан ва аъзоларни ташвишдан тутиб туришдир.

-Сабр нафснинг фозил ахлоқларидан бири бўлиб, қилиниши яхши ва гўзал бўлмаган нарсалардан сақланишдан иборатдир.

-Сабр Қуръон ва Суннат аҳкомларида собит туришдир.

-Сабр бало етганда гўзал одоб ила туришдир.

-Сабр изтироб пайтида қалбнинг собит туришидир.

Ҳилмий айтади: “Сабр уч турлидир: Жабборнинг тоатига сабр қилиш; Жабборнинг маъсиятидан сабр қилиш; Жабборнинг имтиҳонига сабр қилиш”.

Ибн Қайюм айтади: “Сабр ўзи боғланган нарса эътиборидан уч қисмга бўлинади: Амр ва тоатларни адо этишга сабр. Наҳйи ва хилофларни қилмасликка сабр. Қазоси қадарларга рози бўлишга сабр”.

Ферузободий айтади: “Сабр уч турлидир: Аллоҳга сабр; Аллоҳ билан сабр; Аллоҳ учун сабр”

Румий ҳазратларидан ажойиб бир иқтибослари:

«Ҳар бир зулматнинг ортида нур, ҳар бир туннинг ортида тонг ва ҳар бир сабрнинг ортида хурсандчилик бордир».

Сабр ҳақида файласуфлар сўзлайди…

Умидсизлик йўқ, дуо бор,

Шошилиш йўқ, сабр бор,

Имконсиз деган нарса йўқ, чунки Аллоҳ бор.

Юнус Эмро

Сабр нима дегани?

Тиконга қараб гулни, кечага боқиб кундузни тахаййул қила олмоқликдир.

Шамс Табризий

Сабр — балони одоб билан кутиб олабилиш дегани.

Абдулқодир Жийлоний

Мақсадга сабр билан етишади шошқалоклик билан эмас. Сабр қилгинки, энг тўғрисини Аллоҳ билади.

Мавлоно Румий

Сабр ҳар бир мўминнинг зийнати бўлса, ҳаёти гўзал бўлиб, Аллоҳ таоло ҳузуридаги даражаси кўтарилади.

Нилуфар Аҳадовна

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

Манбаалар асосида тайёрланди.