ТИЛ ОФАТЛАРИДАН САҚЛАНАЙЛИК!

24

Сўз Аллоҳ таолонинг инсонга ато этган энг улуғ неъматларидандир. У инсонларнинг ўзаро муомала-муносабат воситаси, тафаккур қуроли, бандаликни адо этиш омилидир. Одамларни яхшиликка ундовчи, ҳидоятга чорловчи, ахлоққа чақирувчи сўзлар уларнинг энг гўзалидир. Аксинча, ўзгаларга озор етказувчи, ғийбат, ёлғон, фисқ-фужур ва фаҳш сўзлар уларнинг энг ёмони ва қораланганидир.

Инсонлар ортиқча сўзлашдан, беҳуда ва фисқ сўзларни айтишдан қайтарилган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, яхши сўз айтсин ёки жим турсин” деганлар (Имом Бухорий).

Сўзларнинг энг фойдалиси Аллоҳ таолонинг зикри, кишиларни яхшиликка чақириш ва ёмонликдан қайтаришдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир ўринга ўтирсаю Аллоҳни зикр қилмаса, унга  Аллоҳ томонидан нуқсон етади. Ким бир ўринга ёнбошласаю Аллоҳни зикр этмаса, унга ҳам Аллоҳ томонидан нуқсон етади”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).

Тил офатларининг энг ёмони ёлғон гапириш, ёлғон гувоҳликка ўтишдир. Ёлғончилик барча разилликларнинг онаси, кулфатларнинг боши, инсонни қабиҳ ишларга бошловчи, обрўйини тўкувчи иллатдир. Шу сабабдан одобимизда ёлғон гапришдан қайтарилган. Бир инсоннинг мартаба-амалига, обрў-номига путур етказишга ҳаракат қилиб, бўҳтон уюштириш ва чақимчилик қилиш ҳам ёлғон турларидан бўлиб, энг ёмон иллатлардан саналади. Одамларни кулдириш учун ёлғон тўқиш, кўрмаган тушини кўрдим деб бошқаларга сўзлаш, фарзандга бирор нарса олиб бераман деб алдаш, эшитган ҳар бир гапни суриштирмай тарқатиш, ёлғон гувоҳлик билан ўзганинг молини ўзлаштириб олиш ёлғоннинг энг хатарли кўринишларидир.

Аллоҳ таолога ва Пайғамбар алайҳиссаломга қасддан ёлғон тўқиш эса куфрдир. Аслида ёлғонни фақат имонсиз кофирларгина тўқийдилар. Чунки улар ёлғон гапирса, гуноҳ бўлиши, у дунёда азобланиши ҳақида эътиқодда бўлмагани учун ўйламай ёлғон тўқийверишади. Имом Ибн Ҳажар ва Заҳабий “узрсиз ёлғон гуноҳи кабирадир”, дейишган.

Бу каби ҳадислар ёлғондан, ҳатто бир қарашда арзимас кўринган майда алдовлардан жиддий огоҳлантиради, бундай ишлардан четланишни буюради. Бирор ота-она, бирор устоз ва мураббий болани йиғидан тўхтатиш, уларнинг эътиборини бирор нарсага жалб қилиш, жаҳлидан тушириш каби ишларда ўзи ҳам уларга мутлақо ёлғон гапирмаслиги, улардан ҳам ёлғонламасликни талаб қилиши зарур. Бордию ота-она ёки муаллим болаларга ёлғон гапирсаю яна улардан ёлғондан четланишни талаб қилса, бу ёмон иллатдан болани иҳоталашда ҳеч қандай натижага эриша олмайди. Бунинг устига ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига бўлган ишонч ва эътибор йўқолади, уларнинг панду насиҳатларини қадрламай қўяди. Бундан кўриниб турибдики, биринчи муалимимиз ва комил йўлбошчимиз Муҳаммад алайҳиссалом ота-оналарни, устоз ва муаллимларни ёлғон сўзлашдан қаттиқ қайтариб, Аллоҳнинг Китобида ёлғончилардан деб ёзилиб қолмаслик учун ҳатто болаларнинг эътиборини тортиш, тинчлантириш ёки ҳайратга солиш учун ҳам мутлақо ёлғонлаш мумкин эмаслигини уқтирганлар.

Ёлғоннинг жамиятга ҳам, шахсларга ҳам зарари шунчалар кўпки, буларни санаб тугатиш қийин. Буларнинг энг ёмонлари қуйидагилар: 1) ёлғон уни гапирган одамни кўпчилик орасида шармандаи шармисор қилади, гапининг субути қолмайди; 2) ёлғон эгасини дўзахга элтади; 3) ёлғон узоқни яқин, яқинни узоқ қиладиган саробдир; 4) ёлғон мурувват, жамол ва чиройни кетказиб, йўқ қилади; 5) ёлғон ақл ўғрисидир; 6) ёлғончи охири хору зор, хароб бўлади; 7) ёлғон кишининг дин ва диёнатини бузади; 8) ёлғон пасткашлик аломатидир ва ҳоказо.

Тили туфайли  инсон турли бало-офатларга учраши сабабидан ахлоқимизда тилга эҳтиёт бўлиш, у туфайли келадиган зарар ва кулфатлардан ҳимояланиш буюрилган. Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг осон йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир.

ХУЛОСА ўрнида, сўзининг маъносига эътибор бериб, одамларга озор етказмайдиган солиҳ инсонлардан бўлишимизни Аллоҳ таоло насиб айласин.

Музаффар Қосимов

“Хожа    Бухорий”    ўрта     махсус  

 ислом билим   юрти маънавий -маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари