Мулойимлик
30

Ҳақ бўлсангиз ҳам, улар билан асло тортишманг. Агар фойдали ишда бўлса, ўзингизнинг қарашларингизни чиройли усул ва фикрларингизни гўзал муомала билан англатинг. Агар иккинчи даражали ишлардан бўладиган бўлса, таслим бўлиш, хоҳишларини амалга ошириш, фикрларини эшитиш афзал, муҳим ва энг тўғри иш ҳисобланади.
Биз “мулойимлик” деб таржима қилган сўз арабчада “рифқ” дейилади. Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб қолмайди.
Набий ﷺнинг завжалари Оишадан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ ﷺнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва “Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)”, — дейишди.
Оиша айтди:
“Бас, мен фаҳмладим” ва “Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!” – дедим.
Шунда Расулуллоҳ ﷺ:
“Ҳой Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради”, — дедилар.”
“Ё Расулуллоҳ! Нима деганларини эшитмадингизми?” – дедим.
“Расулуллоҳ ﷺ:
“Батаҳқиқ, “Ўзингларга ҳам”, — деб айтдим” – дедилар”.
Жарир ибн Абдуллоҳдан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ ﷺ:
“Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди”, — дедилар”.
Юмшоқлик бўлмаса, одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун, биз – Расулуллоҳ ﷺнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз лозимдир.
Чиройли, мулойим ва гўзал муомала қилишда нимага эътибор қаратиш керак аслида…?
- Одамлар билан мулоқотга киришганда ширинсўз, мулойим, босиқ, ҳалим ва камтар бўлиш.
- Ғазаб ва жаҳл чиққанда, ичга ютиб, ташқарига чиқармаслик мардлик ва кучли ирода белгиси.
- Кичикларни иззат-икром, катталарни ҳурмат-эҳтиром қилиш яхши хулқли одамнинг сифати.
- Атрофингиздагилар билан гўзал муносабат ўрнатишга урининг, сўзлаш асносида қўпол, беҳаё ва моҳиятини чуқур англамаган сўзларни қўлламанг. Ғийбат, туҳмат, чақимчилик, иккиюзламачилик, хушомадгўйлик каби иллатлардан қочинг, имкон қадар инсонларнинг дилларини оғритмасликка интилинг.
- Инсонларнинг энг яхшиси муросага осон келадиган, қалби пок, ортиқча гап-сўзлардан ўзини тиядиган кишилардир.
- Оила аъзоларига, бола-чақасига, ҳамкасблари ва яқинларига чиройли муомала қилиш, зарда, кесатиқ, киноя йўсинида гапирмаслик ҳам одоб белгисидир.
- Чиройли хулқли бўлиш учун нафсингизни жиловлай олинг, ўзгалардан айб-нуқсон қидирманг, бировда ёмонлик содир бўлса, яхшиликка йўйиб, сабр қилинг, бошқаларнинг ғамини енг.
- Одамлар хурсандчилигини баҳам кўриш, ғам-андуҳидан қайғуриш, мол-мулкига хиёнат килмаслик, яхшиликка чорлаб, ёмонликдан қайтариш ҳусни хулқ эгаларига хос фазилатлардандир.
- Ўзгалар билан муомала чоғида уларни ғийбат қилиш, ҳасадгўйлик, суҳбатдошини камситиб, камчилигини юзига солиш, бошқаларни менсимай, паст назар билан қараш, обрўси, бойлиги ёки мансабига қараб муомала қилиш одобсизликдир.
- Ёши улуғ кишилар, устозлар, илм аҳллари билан муомалада уларнинг кўзига тик боқмай, гапларини жим тинглаш, саволларига жавоб қайтариш, амрларини сўзсиз бажариш, хизматларига шай туриш ҳам ярашиқли одобдир.
Бундай гўзал сифатлар билан сифатланган инсон юксак Исломий маданият соҳиби бўлади, уни кўрган ҳар бир одам ҳавас қилади ва энг муҳими, бу кишининг гўзал хулқи, хуш табиатлиги, барча яхшиликлари унинг Исломдан эканига далолат қилиб туради.
Нилуфар Аҳатовна
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
