КЕЧИРИМЛИ БЎЛИШ – МЎМИНЛИК ХИСЛАТИДИР
154

Маълумки, инсондаги улуғ сифат ва фазилатлардан бири – бу кечиримли бўлишдир. Аллоҳ таоло инсонларнинг ташқи кўринишини гўзал қилиб яратган. Агар инсон сийрати ва ички дунёсини ҳам чиройли қилса, шунда у комиллик даражасига етиши мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг бир қанча ояти карималарида бандаларини бир-бирларининг хато камчиликлари ва айб-нуқсонларини кечиришга буюрган. Жумладан: “Агар сизлар афв этсангиз, койимасангиз ва кечирсангиз, у ҳолда, албатта, Аллоҳ (ҳам сизларга нисбатан) мағфиратли ва раҳмлидир” (Тағобун сураси 14-оят).
Дарҳақиқат, турли-туман хулқ-атворли одамлар орасида яшар эканмиз, албатта, улардан бир қанча озор-азиятлар кўришимиз мумкин. Агар ҳар-бир шундай кўнгилсизлик бизга қаттиқ таъсир этиб, ғамга ботириб қўяверса, шубҳасиз, бутун ҳаётимиз азобга айланади. Шу боис имкон қадар ён-атрофимиздагиларнинг хатолари, билиб-билмай етказган озорларига сабр қилиб, кечиришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади. Шунда бир-биримизга меҳр-муҳаббатимиз зиёда бўлади.
Барча яхши хулқ ва сифатларни ўзларида мужассам қилган Зот – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечиримли бўлиш фазилатида ҳам энг гўзал намуна эдилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамиздан Пайғамбаримизнинг хулқлари ҳақида сўралганда шундай жавоб берганлар: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишларни қилувчи, фаҳш сўзларни сўзловчи ва бозорларда бақир-чақир қилиб юрувчи инсон эмасдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас эдилар, балки афв этиб, кечириб юборар эдилар” (Имом Термизий ва Имом Аҳмад ривоятлари).
Ислом тарихидан маълумки, Пайғамбарликларининг ўнинчи йиллари ўтиб ҳам қурайшликлардан ижобий натижа чиқмагач, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайд ибн Ҳориса розияллоҳу анҳу ҳамроҳлигида Тоифга бордилар. У Зот шояд Тоифда дин ишлари юришиб кетса, деган умидда қабила оқсоқоллари билан учрашиб, уларни Исломга чақирдилар. Аммо улар унашмади. Аксинча, Пайғамбаримиз алайҳиссаломни масхара қилдилар. Бу ҳам етмагандай, ўзларининг эси паст, бебош болаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ортларидан қичқиришга, сўкиб, тош отишга юбордилар. Тоифликлар йўлнинг икки четида туриб, У Зот ўтаётганларида аёвсиз тошбўрон қилишди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оёқлари қонади ва ғамгин бўлиб, қувватлари озлиги ва заифликларидан Аллоҳга илтижо қилдилар. Шунда Аллоҳ таоло У Зотнинг ҳузурларига фариштани юборди. У келиб, икки тоғни Тоиф аҳли устига бостириб, уларни ҳалок қилишга изн сўради. Лекин Аллоҳ таоло томонидан оламларга раҳмат этиб юборилган Зот мушриклардан энг шиддатли азиятни Тоиф халқидан кўрганларига қарамасдан, бу ишга изн бермадилар ва шундай дедилар: “Уларнинг сулбидан Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қиладиган, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмайдиган кишилар чиқишини умид қилурман” (Имом Ибн Хузайма ривоятлари).
Демак, кечиримли бўлиш ва ғазабини ютишда барчаларимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўрнак олишимиз керак бўлади.
Кечиримли бўлиш улкан савоб ва жаннатга кириш учун сабабдир. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қиёмат куни бўлганда бир жарчи нидо қилади: Одамларга кечиримли бўлганлар қаерда? Парвардигорингизни ҳузурига келинглар ва савобингизни олинглар! Қайси бир мусулмон кечиримли бўлса, жаннатга киришликка ҳақлиди«” (Имом Ибн Мурдавайҳ ривоятлари).
Динимизда ёмонликка доимо яхшилик билан жавоб қайтариш фазилатли амаллардан саналади. Албатта, ёмонликка яхшилик билан жавоб қайтариш фақат сабр тоқатли, икки дунёда ҳам улуғ насибага эга бўладиган кишиларнинг феълидир. Билиб билмай айб-нуқсон ва хато-камчиликларни қилган кишиларга бир имконият бериб, уларни кечиришимиз – инсоний ва мусулмонлик бурчимиздир.
Хулоса ўрнида, ҳозирда кундалик ҳаётда ўта қаттиққўл, мутакаббир инсонлар учраб туради. Улар бировларни айб-нуқсонларини, хато-камчиликларини қидириб, уларни ёмонлашни, танбеҳ беришни яхши кўрадилар. Ҳеч ким камчилик ва хатодан холи эмас. Инсоннинг олижаноблиги, иззату шарафи унинг кечиримлилигида намоён бўлиши билан бирга, бу унинг мартабаси янада зиёда бўлишига сабаб бўлади.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий-маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
