Сохта тариқатнинг сохта даъволарига учманг!
10

Тасаввуф руҳий-маънавий покланишга даъват этадиган инсонпарварлик ғояларини тарғиб этувчи таълимотдир. Бутун дунё маданиятида ўчмас из қолдирган Хожа Ахмад Яссавий, Абдухолиқ Ғиждувоний, Нажмиддин Кубро, Баҳоуддин Нақшбанд, Ҳаким Термизий, Хожа Аҳрор Валий ва шулар каби тасаввуф намоёндаларининг фикрлари, ўгит ва кўрсатмалари узоқ асрлардан бери инсониятнинг маънавий тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Аллоҳга шукрлар бўлсинки, мана шундай улуғ алломаларимиз, шариат ва тариқат пешволарининг мангу қўним топган жойлари хукуматимиз томонидан обод гўшаларга айлантирилди ва уларнинг ёзган асарлари ва қўлёзмалари хурмат билан сақланмоқда ва уларни тадқиқ қилишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Бугун буюк алломалар замини бўлган диёримизда Ислом илми шу қадар равнақ топиб бормоқдаки, қисқа муддат ичида ҳавас қиладиган даражага эришилмоқда. Аммо шуни унутмаслик керакки, тасаввуф, жумладан, Нақшбандия тарихида ҳамма макон ва замонларда Аллоҳ йўлида юрган улуғ зотлар билан бирга ушбу тариқат пинжига тиқилиб олиб, манфаатпараст, тамагир, илм-маърифат ўрганиш ўрнига қалблари кибрга тўлиб, “биродар” бўлмаганларнинг амалларини номақбул деб айблайдиган сохта тариқатчилар, сохта пирлар пайдо бўлди. Бундай сохта тариқатчилар жамиятга ёт ғоялар тарқатиб, амалда ҳам нақшбандиянинг шаънига доғ туширишади, ҳам соф, тоза эътиқодли фуқароларимизни чалғитишга, шу тариқа уларни тўғри йўлдан адаштиришга ҳаракат қилишади.
Баъзи сохта тариқатчилар томонидан тасаввуфнинг мазмуни бузиб унинг таълимоти, шариат аҳкомлари ва ижтимоий ҳаётдан узоқлашган ҳолда талқин этилмоқда. Исломда бирор-бир шайхга мурид бўлиш ҳеч кимга фарз қилинмаган. Таъкидлаш жоизки, сўфийликни, муридликни даъво қилаётган шахслар оиласини ойлаб маблағсиз, болаларини тарбиясиз қолдирган ҳолда “пирининг” хизматини қилиб юриш ва бировнинг эҳсони билан кун кечириш ижтимоий иллат бўлиб, ислом таълимотига зиддир.
Буюк тасаввуф олимларидан бири, ҳужжатул ислом Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а.) бундан бир неча аср аввал ана шундай тоифалардан огоҳлантириб: “Аллоҳ таолонинг йўлидаги соликлар жуда оздир, аммо уни даъво қилувчилар жуда кўп”, – деган.
Абу Язид Бистомий (р.а.): “Агар кароматлар берилиб, ҳаттоки осмонга кўтарилаётган кишини кўрсангиз, то унинг шариат буйруқлари ва қайтариқларига қай даражада риоя этаётганини кўрмагунингизча у билан алданиб қолманг”, – деган.
Шундай экан, бемазҳаб, адашган оқим ва тоифалар бўлгани каби асл тариқатлардан оғишган тариқат йўналишларидан огоҳ бўлишимиз зарур!
Ў.Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
