Сохта салафийликга раддия

8

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Ассалому алайкум  Аллоҳга ҳамд ва пайғамбармиз Муҳаммад с.а.в га саловоту шарифлар бўлсин.

Юртимизда барча соҳалар шиддат билан тараққий этиб бормоқда. Бу тараққиётлар замирида муҳтарам Юртбошимиз раҳбарлигида халқимизнинг оғирини енгил қилиш, инсон манфаати энг биринчи ўринда эканлиги диққатга сазовардир.

Шунинг баробарида соф ислом динида ҳам хайрли ва манфаатли ишлар амалга оширилмоқда.

Фуқароларимиз бемалол ибодатларини бажариб хоҳлаган мавзудаги саволларига жавоб оладиган даражадаги имкониятларга эга бўлдилар. Бу неъматларга доим шукр қилмоғимиз лозим бўлади.

Лекин шунча шароит ва имкониятларга шукр қилмасдан фуқароларимизни хусусан, ёшларимизни соф ақидадан чалғитадиган тоифалар вужудга келмоқда. Масалан, бунинг исботи сифатида сохта салафийликни мисол келтиришимиз мумкин. Аслида салаф сўзи нимани англатади? ва салафийлар кимлар деган саволга жавоб топишимиз керак бўлади. “Ас-Салафийа” арабча сўз бўлиб (Аждодлар ўтмишдошлар)деган маънони англатади.

Барча саҳобалар, тобеинлар, табаа-тобеинлар, мазҳаб соҳиблари ва аҳли сунна вал жамоа эътиқодидаги йирик олимлар салафлар ҳисобланадилар. Лекин, афсус-надоматлар бўлсинки бугунги кунга келиб мазкур олимларнинг номларини ўзларига ном қилиб олиб фаолият олиб бораётган сохта салафийлар вужудга келиб фуқароларимизни диндан чалғитиб ҳар хил нотўғри даъволар (жиҳод олтинчи фарз, динни  пайдо бўлган даврга қайтариш) каби иддаолар билан майдонга чиқмоқдалар.

Сохта салафийлар  қабрларни зиёрат қилган одам диндан чиқади деган даъволарида,  чуқурлашиб шу даражага бордиларки қабристонга бориш куфр. Бу куфр эса бутпарасларнинг куфридан ҳам қўрқинчлироқ деган қарашларни илгари сурадилар.

Биз эса бу даъвони сохта даъво эканлигига  ва соф ислом шариатда қабрларни зиёрат қилиш борлигига ушбу ҳадиси шарифни мисол қилиб келтирамиз Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в шундай марҳамат қиладилар: “Қабрларни зиёрат қилингизлар чунки у сизларга охиратни эслатади”: (Имом Термизий ва ибн Можаҳ ривояти). Ҳақиқатдан ҳам қабристонга бориб зиёрат қилиш ҳар қандай инсон қалбига тафаккур ва охират қайғуси тушади ва ўлимни эслайди ҳамда нафсини жиловлайди.

Сохта салафийларнинг қабрларни зиёрат қилган киши кофир бўлади деган даъволари ҳам мана бу ҳадиси шарифга асосан нотўғри эканлигини кўрамиз. Имом Бухорий (р.а) Анас ибн Молик (р.а)дан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз с.а.в шундай марҳамат қиладилар: “Кимки бизнинг намозимизни ўқиса қибламизга юзланса ва сўйган нарсаларимиздан еса у мусулмондур  дейилган”. Демак, қабрни зиёрат қилган инсон ўзидан-ўзи кофир бўлиб қолмас экан.

Хулоса, қилиб айтганда сохта салафийларнинг даъволари  ҳадиси шарифларга мутлақо зид эканлигини кўриб турибмиз. Шундай экан ҳар биримиз ҳушёр бўлишимиз ва ҳар қандай маълумотни тўғри экан деб қабул қилмаслигимиз лозим бўлади. Аллоҳ барчамизни соф исломда бўлишимизни, Ҳанафий мазҳабида   эътиқод қилиб ва унга амал қилиб яшамоқликни насиби рўзи айласин. Ассалому алайкум вараҳматуллоҳи ва барокатуҳ .

 

Бозоров Абдуғани,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси