МИССИОНЕРЛИК – ХАТАРЛИ ТАҲДИД
15

Маълумки, Ўзбекистон Республикасида виждон эркинлиги тўлиқ таъминланган. Виждон эркинлиги — фуқарорларнинг у ёки бу динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқидир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида «Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди», деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган.
Давлат турли динларга эътиқод қилувчи ва уларга эътиқод қилмайдиган фуқаролар, ҳар хил эътиқодларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашади, диний ва ўзга мутаассибликка ҳамда экстремизмга, муносабатларни қарама-қарши қўйиш ва кескинлаштиришга, турли конфессиялар ўртасида адоватни авж олдиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўйилмайди.
Аммо миссионерлик, яъни бир дин ғояларини бошқа бир динга эътиқод қилувчи шахслар ўртасида тарғиб қилиш, одамларни ўзга динга ағдариб олиш – Ўзбекистон Республикасида қонун билан таъқиқланган фаолият. Бундай таъқиқ дунёнинг деярли барча мамлакатлари қонунларида ҳам мавжуд бўлиб, миссионерлик иши қораланади.
Миссионерлар мақсади нима қилиб бўлса ҳам давлат, миллат келажаги, таянчи бўлмиш ёшлар маънавиятини бузиш, тўғри йўлдан оздириш ва шу тариқа мамлакатни маънавий истило этиш. Бугунги кунда ана шу хатарли душман ёшларимиз қалбини эгаллаш учун бор кучини ташлаган, барча тадбирларини ишга солган.
Ёш ва мустақил давлатларни қурол кучи билан енгиб бўлмасликка кўзи етиб қолган мустамлакачилар энди улар устига фикрий ва маданий юриш қилишга, ўзларининг бузуқ ақидаси ва анъаналарини мусулмонлар ўртасида ёйишга уринишмоқда. Демократия, маданият, тараққиёт олиб кириш баҳонасида диний ва миллий асосларга зарба беришга, мусулмонлар қалбидан имон, эътиқод, ишончни чиқариб ташлашга интилмоқда.
ХУЛОСА қилиб айтганда, миссионерлик оқими ҳам бошқа диний-экстремистик оқимлар каби жамиятимизга, келажагимиз бўлган ёшларимизга раҳна солишга қаратилган оқимлардан биридир. Унга қарши курашиш учун ҳамиша, ҳамма вақт ҳушёр ва сергак бўлишимиз зарур. Токи жамиятимизни, онгимизни, қалбимизни заҳарлайдиган ҳар хил иллатлар ҳаётимизга ҳеч қачон раҳна солмасин. Тинчлигимиз, бирлигимиз ва эътиқодимизга таҳдид солиб турган миссионерлик ҳаракатига, бошқа бузғунчи тоифаларга қарши курашиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ватан, миллат ва келажак авлодлар олдида масъуллигимиз шуни тақозо этади. Миссионерлик муаммосини бартараф этишда ва соддадил халқимизни уларнинг ёлғонларига алданиб қолишларининг олдини олишда аждодларимизнинг илмий ва маънавий меросларидан фойдаланишимиз лозим. Биз муқаддас Ислом динимиз таълимотларини чуқур ўрганишимиз, унинг барча кўрсатмаларини ҳар томонлама чуқур билишимиз ва нотўғри фикрларга қарши жавоб бера оладиган савияга кўтарилишимиз жуда муҳимдир. Жаҳолатга қарши маърифат билан бориш, ақл эгаларининг йўлидир.
Бугунги кунда миссионерлик йўли билан инсонларни Аллоҳнинг динидан қайтараётганлар ҳамда уларга кўр-кўрона эргашаётганлар инсоний фитрат ва соф ҳис-туйғулардан маҳрум бўлган, ҳою-ҳавасларига эргашаётган кишилардир.
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин ва ЖОНАЖОН юртимизни бало офатлардан сақласин!!!
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
