Инсон азиз ва мукаррамдир

21

Инсон Аллоҳ таоло яратган барча мавжудотлар ичида энг азиз ва мукаррам хилқат. Ислом дини наздида барча инсонлар тенг, бир — бирларига биродардирлар. Аллоҳ наздида инсонларнинг энг улуғи фақат Унинг ўзидан қўрқадиган тақводорларидир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни(турли -туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”, (Ҳужурот сураси, 13 оят).

Инсонни Ўзи яратган барча жонзотлардан афзал қилган Аллоҳ одамзодга бутун борлиқни бўйсундириб қўйган, ҳатто фаришталарини ҳам Одамга таъзимга буюрган.

Инсон ўз жисми, қисқа умри, коинотга нисбатан жуда кичик зарра бўлишига қарамай, Аллоҳ таоло уни азиз ва мукаррам зот қилиб яратди.

Қуръони Каримда Аллоҳ таоло: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик ва уларни қуруқлик ва денгизга (от — улов ва кемаларга) миндириб қўйдик ҳамда уларга пок нарсалардан ризқ бердик ва уларни Ўзимиз яратган кўп жонзотлардан афзал қилиб қўйдик”, деган. (Исро сураси, 70-оят).

Асли мукаррам қилиб яратилган инсон доимо ҳурмат — эҳтиромга лойиқ. Аллоҳ инсонни  ақл ва идрокда бутун махлуқларидан мукаррам айлаб,  унга Ердаги ҳамма нарсани бўйсундириб қўйди. Инсон вужудидаги моддий тараф маънавий томонидан устунлик қилса, Ҳақни танимай қолади, фаросат, ақл-идрок кўзи беркилади ва маънавий хасталикка учрайди. Бу хасталикни даволашнинг бирдан — бир йўли эса инсоннинг ўзини азиз ва мукаррам қилган зотни танишидир.

Улуғ зотлардан бўлмиш Алихонтўра Соғуний “Ҳар бир инсоннинг муқаддас тўртта нарсаси бўлади, улар: озодлиги, меҳнати билан топган молига эгалик килиши, туғилиб ўсган она юрти, асрлар давомида асраб — авайлаб келаётган муқаддас дини. Шу  тўрт нарсага эга бўлмаган  инсон инсонийлик шарафидан маҳрумдир”,  деганлар.

Бугунги кунда бу тўрт неъматнинг бизда мукаммал тарзда борлиги Аллоҳ таолонинг барчамизга берган юксак инъомидир. Истиқлолга эришганимиздан кейин динимиз, миллий қадриятларимиз, маънавий — маданий меросимиз, урф — одатларимиз қайта тикланди. Қадриятларимизни асосини ташкил килган Ислом дини таълимотларидан халқимиз баҳраманд бўла бошлади. Мустабид тузум даврида қаровсиз ташлаб, омборхоналарга айлантирилган масжидлар, мадрасалар, зиёратгоҳлар қайта тикланиб, мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ҳар йили юртимиздан ўн мингдан ортиқ мусулмонлар Ҳаж ва Умра зиёратини адо қилиб келмоқдалар. Хусусан,  аждодларимизнинг бебаҳо асарлари ўрганилиб, уларни она тилимизга таржима қилишдек имкониятларга эга бўлдик.

Имом Бухорий, Имом Термизий, Абу Мансур Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд, Абдухолиқ Ғиждувоний, Бурҳониддин Марғилоний, Алишер Навоий каби ватандошларимизнинг номлари юксак мақомга кўтарилди.

Муқаддас динимизнинг мақсадлари: инсоннинг динини, жонини, ақлини, наслини ва молини асрашдан иборатдир. Ислом кишиларни бирор ишга буюрса шу беш нарсани асраш учун буюради. Агар бир ишдан  қайтарган бўлса ушбу беш нарсани муҳофаза қилиш учун қайтарган.

Бугунги кунда  жаҳонда иқтисодий муносабатларнинг глобаллашуви оқибатида Аллоҳ таоло азиз қилган инсон шаънини, қадр-қимматини топтайдиган “одам савдоси” деган тушунча  пайдо бўлди. Бу муаммо ҳозирги пайтда бутун жаҳон ҳамжамиятини қаттиқ ташвишга соляпти.  Одам савдоси инсонни ҳаёти, эркинлиги ва ҳуқуқларидан маҳрум қилиб, бировларнинг қўлида қул бўлишига маҳкум этади, умрига зомин бўлади, эрки, тақдири ва келажагини оёқости қилади.

Ҳар бир шахс инсон шаъни, ҳуррияти ва шарафига доғ бўлиб тушаётган бу иллатни батамом тугатиш ишига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши лозим.

Инсоннинг азизу мукаррамлиги унга марҳаматли муносабатда бўлиш, обрўси, мол-мулки ва жонига тажовуз қилмаслик, унга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тақозо қилади.

Қадимда етук аждодларимиз ҳам инсоннинг баркамолликка эришиши, ҳаёт саҳнасида ўзини ва ўзгаларни комилликка етаклашини юксак баҳолаганлар. Ана шундай алломалардан бири XIII асрда яшаган Азизиддин Насафий бўлиб, “Инсони комил” номли рисоласида комил инсонга таъриф бериб шундай ёзади: “Билгилки, комил инсон деб шариат ва тариқат ва ҳақиқатда етук бўлган одамга айтадилар ва агар бу иборани тушунмасанг, бошқа ибора билан айтайин: билгилки, комил инсон шундай инсондирким, унда қуйидаги тўрт нарса камолотга етган бўлсин: яхши сўз, яхши феъл, яхши ахлоқ ва маориф”.

Инсоният тарихи фикрлар, ғоялар курашидан иборат бўлиб келган ва биз  яшаётган  давр ҳам бундан мустасно эмас. Фикрсиз инсон бўлмаганидек, ғоя, мафкурасиз жамият ҳам бўлмайди. Ҳозирги пайтда мафкуравий  таҳдидларнинг турфа хил кўринишлари кўз ўнгимизда намоён  бўлмоқда. Маълумки, ҳаётда маълум бир тажрибага эга бўлган, аччиқ — чучукни кўрган кишиларнинг, яхшими — ёмонми дунёқарашини ўзгартириш жуда қийин. Мафкуравий таҳдидлар,энг аввало зарур ҳаётий тажрибага эга бўлмаган  ёшлар учун жуда хавфлидир.

Юксак  ғоялар  одамларни  олижаноб  мақсадлар  сари  етаклайди. Ғояси  етук, эътиқоди  бутун, қадриятлари  юксак  инсонгина  мардлик  намуналарини  кўрсата  олади.

Ватанимиз тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизни илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун уларга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, она тилига, ўз миллий сиймоларига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки, илмли, одобли, фаросатли одам ҳаётда ўзининг муносиб ўрнини топиб олади. Китоблардан ўрганилган маърифий илм қаторида оилада олинган ҳаёт илми ҳам уларга сув ва ҳаводек зарур.

Хулоса қилиб айтганда, Аллоҳ таоло бутун коинот ва ундаги барча нарсани одам боласи манфаати учун яратди. Бу неъматлардан оқилона фойдаланиб, ўзининг азиз ва мукаррамлигига муносиб яшаш ҳар бир инсоннинг бурчидир.

Музаффар Қосимов,

  “Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

   маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари