Миссионерлик ва прозелитизм
44

Миссионерлик ҳақида гап кетар экан, аввало ушбу тушунчанинг луғавий маъносини тушуниб олиш муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида қайд этиш лозим.
Ушбу сўз лотин тилидаги “missio” феълидан олинган бўлиб, “юбориш”, “вазифа топшириш”, миссионер эса «вазифани бажарувчи” деган маъноларни англатади. Миссионерлик эса белгиланган вазифаларни ҳал қилишга қаратилган назарий ва амалий фаолият мажмуини билдиради.
Умуман олганда, турли луғатлар ва манбаларда баён этилган таърифлар бир-бирига жуда яқин ва ўхшаш бўлиб, уларга таянган ҳолда қуйидаги хулосани чиқариш мумкин: миссионерлик — бир динга эътиқод қилувчи халқлар орасида бошқа бир динни тарғиб қилишни англатади.
Прозелитизм — бу тўғридан-тўғри бирон бир динга ишонган фуқарони ўз динидан воз кечишга ва ўзга динни қабул қилишга мажбур қилишдан иборатдир.
Миссионерларнинг бугунги кундаги фаолияти ҳеч бир минтақа, ҳеч бир давлат бундай таҳдиддан ҳоли эмаслигини кўрсатади. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун эса миссионерликнинг моҳиятини тўғри ва чуқурроқ англаш, уни бартараф этиш йўлида мақсадли, тизимли ва тадрижий фаолият олиб бориш зарур бўлади.
XI аср бошларида миссионерлик ва прозелитизм ғояси тинчлик ва барқарорлик, миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенгликка бевосита таҳдид кўрсатаётган хатарли ғоялардан бирига айланмоқда. Дин, эътиқод масаласи инсоният ҳаётида доимий муҳим аҳамият касб этади. Аммо ундаги муаммо шундан иборатки, дин тарғиботи ижобий ёки салбий мақсадларга қаратилиб, маълум бир диннинг ёйилиши, инсонларнинг онгига сингдирилишида миссионерлар алоҳида ўрин тутиши мумкин.
Миссионерликда маҳаллий тилларда христианликни тарғиб қилувчи адабиётларни чоп қилиш ва тарқатиш ҳам энг кўп қўлланиладиган усуллардан бири ҳисобланади. Кичик ҳажмдаги қўлланмалар жуда ҳам таъсирчан қилиб ёзилади ва одамларнинг эътиборини жалб қилиш учун чиройли суратларга бой бўлади. Уларда динни қабул қилиш очиқ-ойдин таклиф қилинмайди. Аммо адабиёт охирида қўшимча маълумот олиш учун ташкилот манзили ёки телефони келтириладики, рисолани ўқиган ва диний билми саёз бўлган инсон бу нарсага учиши мумкин. Масалан, «Иегово шоҳидлари» ташкилоти томонидан тарқатилган китобчаларнинг бирида шундай ёзилган: «Албатта, Иеҳово шоҳидларининг бутун таълимотини ушбу кичик китобда қамраб олишнинг иложи йўқ, лекин биз сизга қўшимча маълумотга эга бўлишингиз учун турар жойингизда истиқомат қилувчи Иеҳованинг шоҳидларига мурожаат қилишингизни таклиф этамиз”. Юзаки қараганда, бундай усул яхши натижа бермайдигандек туюлади. Аслидачи? Маълумотларга кўра, 200 дан ортиқ мамлакатда Тўлиқ Инжил христианларига қарашли 120 дан ортиқ Библия жамиятлари фаолият юритади. Ушбу оқимга кирган янги вакилларнинг ярмидан кўпи динни қабул қилишларини христиан адабиётлари таъсири билан боғлашлари эса юқоридаги услубнинг нечоғлик самарали эканини кўрсатади.
Дин миллий маънавиятнинг таркибий қисми, миллатни бирлаштириб турувчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Бир тилда гаплашадиган, умумий тарих ва ягона давлатга эга бўлган, аммо турли динларга ёки диний йўналишларга эътиқод қиладиган миллатлар ҳамон ички миллий бирликни таъминлай олмаётгани, кичкина бир сабаб қайта-қайта низоли вазиятлар ва фуқаролар урушининг келиб чиқишига замин яратаётгани ва мамлакатлар ўз тараққиётида ўнлаб йилларга орқада қолиб кетаётгани ҳам шундай хулоса чиқариш имконини беради. Шу сабабли учраган нотаниш шахсларни динни тарғиб қилишга бўлган интилишлари ҳақидаги қизиқишларига карши оилада курашсак ўзлигимизни, миллий қадриятларимизни, боболаримиздан меърос қолиб келаётган миллий байрамаларимизни ва энг асосийси «ўзбек” халқини келажигини буюк булишига катта ҳисса қўшган бўлардингиз.
Акбархон Асқаров
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
