Болаларингизни тарбия қилинглар, уларнинг одобини чиройли қилинглар
11

Ҳар бир давлат, жамият ўз мамлакатининг равнақи, ривожланишини биринчи навбатда табиий заҳиралари, қазилма ва бошқа бойликлардагина эмас, балки халқнинг илмий салоҳияти, интеллектуал қобилияти, ёш авлоднинг билимга, ҳаётга бўлган муносабатида деб билади. Шу туфайли ўз давлати келажаги порлоқ, буюк бўлишини ният қилган давлатлар аввало ёшлар тарбиясига, уларнинг соғлом ўсишига доир барча чораларни кўрадилар. Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси давлат ва жамият ҳамда ота-она зимасига ўз фарзандларини, етим болаларни, ота- оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлганларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлашни юклайди.
Шунингдек, муқаддас ислом динимиз талимотларида ҳам фарзанднинг тарбияси ва унинг саломатлигига алоҳида аҳамият берилган. Пайғамбаримиз ўзларининг муборак ҳадисларида: “Болаларингизни тарбия қилинглар, уларнинг одобини чиройли қилинглар”, деб, инсонларга фарзандларининг таълим тарбиясига, унинг одобини, ахлоқини гўзал ҳолатда бўлишига алоҳида эътибор қаратиши лозимлигини ўргатмоқдалар.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолий раҳимаҳуллоҳ бундай деганлар: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.
XXI асрнинг муҳим хусусиятларидан бири инсонларнинг онги ва қалбини эгаллаш учун курашнинг кучайганидир. Бу таҳдидлар “Оммавий маданият”, экстремизм ва терроризм, турли мафкуравий хуружлар, лоқайдлик ва бепарволик каби салбий иллатлар кўринишида намоён бўлмоқда. Ҳар қандай касалликни даволашдан кўра унинг олдини олиш осонроқдир. Биз ҳам фарзандларимизни ватанга муҳаббат, бой тарихимизга, муқаддас динимизга садоқат руҳида тарбиялашни уларнинг гўдаклик чоғидан бошлашимиз керак.
Кези келганда, фарзандларимизнинг бирига айтилган насиҳат айни чоғда унинг ака-укаларига ҳам тегишли бўлиши, оиладагиларнинг барчасига бирдай таъсир қилишини назарга олган ҳолда иш тутишимиз ва фарзандларимизни илм олишга ва касб-ҳунар эгаллашларига ҳамдард ва ҳамфикр бўлишимиз кераклигини унутмаслигимиз керак. Уларни теварак атрофимизда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмай дахлдорлик руҳида тарбия беришимиз, келажакка катта ишонч билан боқишларига ўргатишимиз керак бўлади.
Буюк Ўзбекистонимизни, миллатимизни бир зум Имом Бухорийсиз, Берунийсиз, Хоразмий, Амир Темурсиз, Ибн Синосиз, Навоийсиз, Бобурсиз, Насафий, Термизий ва Фарғонийларсиз тасаввур қилиб бўладими? Йўқ албатта! Ўтмиши буюк юртнинг келажаги ҳам порлоқ, ўсиб келаётган ёшлар буюк боболарга муносиб авлод бўлиши, шубҳасиз.
Музаффар Қосимов,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти
маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари
