Фарзанд — Аллоҳ берган улуғ неъматидир!

40

Фарзанд Яратган томонидан берилган улуғ неъматдир. Ота-она бу неъматнинг шукронасини болага гўзал тарбия, чиройли одоб ва комил инсон қилиб етиштиришлик билан адо қилади. Чунки бола эру хотиннинг ўртасидаги никоҳ ришталарини мустаҳкамловчи асосий воситадир. Шунингдек, фарзанд оила қувончи ва келажак учун интилишдир.

Фарзандлар тарбияси каби ўта муҳим вазифани бажариш ота – оналардан, жамиятдан улкан масъулият ва фидокорликни талаб этади. Ўсиб келаётган авлодни Ватанга, юртга, жамиятга, оилага содиқ фарзанд этиб тарбиялаш, юрт равнақи, ҳимояси йўлида онгли қарор қабул қилишга қодирлик руҳида балоғатга етказиш бугуннинг энг долзарб муаммоси ва талабидир. Фарзандлар давлат ва миллат истиқболини белгилайди. Буюк келажакни эса фақат билимли, ҳам маънан ҳам жисман соғлом фарзандлар билангина қуриш мумкин. Албатта, ота-она ёшлик чоғларида уларни кўриб кўзлари қувонса,  катта бўлганларида эса уларнинг ёрдамларидан баҳраманд бўлиб, оиласи, халқи ва Ватани учун манфаат келтирадиган инсонлар қаторидан жой олиши учун ота-оналарнинг фарзандлари олдидаги бурчлари борлигини доимо ёдда тутиши  лозим.

Фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб, илму маърифатга қизиқтириб, унга кўниктириб боришимиз лозим. Зеро, фарзандларимизда ўз иқтидорларига кўра  илму фаннинг қайси соҳасига бўлса ҳам қизиқиш пайдо қилолсак, ўқиб-ўрганиб маълумот ҳосил қилишларида сайъ-ҳаракат қилсак албатта, келажагимиз давомчилари бўлган фарзандларимизнинг ўзимиздан ҳам бахтлироқ яшашларига сабабчи бўламиз. Шунда  Аллоҳ таолонинг ҳузурида ўз бурчларимизни адо этган бўламиз, ҳамда дунёю охиратда бахт-саодатга эга бўламиз. Шунингдек, давлатимиз томонидан фарзандларимизга яратилаётган шароитлардан ҳам оқилона фойдаланишларида ўз маслаҳатларимизни бериб боришимиз лозимдир.

 

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари