Ёшларда мафкуравий  иммунитетни  шакллантиришнинг аҳамияти

26

Фарзандлар  Аллоҳ  таоло бизга  берган улуғ неъматларидан бири, ҳаётимиз маъноси, қалбимиз қувончидир. Вазифамиз  уларни яхши тарбиялаш, ёмонликдан асрашдир. Уларнинг саодати биз бу вазифани қандай адо этишимизга боғлиқ. Бола тарбияни дастлаб оилада олади. Катталарнинг бутун ҳатти-ҳаракатларини худди суратга олгандек онгига жойлаб, улғайгач, уларни ҳаётига татбиқ этади. Ахлоқи ёмон болалар асосан муҳити  соғлом  бўлмаган  оиладан  чиқиши маълум.  Абдулла Авлоний  «Бугунги  ўғри, фирибгар ва хулқи ёмон  кимсалар  кеча тарбиясига  эътибор  берилмаган болалардир!» деган эди. Шунинг учун оилада фарзандларнинг тарбиясига алоҳида эътибор беришимиз лозимдир. Бу борада аждодларимиздан ўрнак олсак бўлади.  Чунки  улар  фарзанд тарбиясига, бир томондан,  ширин лутф  билан,  иккинчи томондан,  ибрат ва намуна билан,  учинчи томондан, танбеҳ ва насиҳат билан  ёндашишга,  халқимизга  хос,  ҳеч  қаерда  ёзилмаган  одоб,  ҳаё  қоидаларини  жорий  этишга, таъминлашга  ҳаракат  қилишган,  ўзларини  шунга  бурчли деб  билишган.

Оиладаги тарбиядан  ташқари,  болаларимизни  кўча –кўйда  юриш-туришларига ва  кимлар билан  алоқа  қилаётганига ҳам алоҳида  эътибор  беришимиз  керак.  Ёшларимизнинг миллий  ва  диний  кадриятларимизга  мутлоқа  зид,  зарарли  иллатларга  чалинишлари  бизнинг  бепарволигимиздан  бошланишини унутмайлик.  Келажагимиз  бўлган  болаларимиз  тарбиясига катта аҳамият  беришимиз,  уларнинг юксак  ахлоқий  қадриятлар,  миллий ва  диний  анъаналаримизга  содиқ  бўлишларига  ғайрат  қилишимиз  керак.  Фарзандларимизни тарбия қилишда шундай йўл тутайликки, улар бизга яқин дўстидек ишонсин. Шунда уларга насиҳат қилсак оғир олмайди.  Ҳазрати Али:  «Фарзанд билан етти ёшгача ўйна ва унга фикри қабул қилингани  ҳамда инобатга олинганини  билдириб қўй, бу услубнинг яхши самараси кўп», деганлар. Фарзандлар билан дўстларча муносабатда бўлиш уни ёмонлар билан дўстлашишдан, бузғунчи ахборотларга эргашишдан сақлайди. Кўп йиллик илмий кузатиш ва тадқиқотлар шуни кўрсатадики, инсон ўз умри давомида оладиган барча информациянинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврида олар экан.  Боланинг онги асосан 5-7 ёшда шаклланишини инобатга оладиган бўлсак, айнан ана шу даврда унинг қалбида оиладаги муҳит таъсирида маънавиятнинг илк куртаклари намоён бўла бошлайди.  Бундан келиб чиқадики,  демак, фарзандларимизнинг тарбияси  билан  ёшлигиданоқ   шуғулланишимиз лозим бўлади.

Маълумки, ўзбек халқи азалдан ўзининг болажонлиги, оилапарварлиги билан ажралиб туради. Албатта, фарзандга меҳр қўйиш, уларнинг қорнини тўқ, устини бут қилиш ўз йўли билан, лекин болаларимизни ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказиш биз учун доимо долзарб аҳамият касб этиб келган. Бу масалага эътибор бермаслик нафақат айрим ота-оналар, балки бутун жамият учун жуда қимматга тушишини ҳам кўпгина ҳаётий мисолларда кўриш мумкин.

Янги асрда ахборот тезлиги  тараққиётга ижобий таъсир кўрсатяпди. Айни чоғда қатор муаммоларни ҳам келтириб чиқаряпти. Интернет ва уяли телефон орқали ёшларга қилинаётган ҳужумлардан сақланиш энг  катта   муаммога  айланди.  Эҳтиёт  чоралари изланяпти, лекин бу ечим ва чоралар кўпи  фақат назарий, уларни амалда қўллаш қийин.  Булардан ташқари  турли  хил оқимлар  ва  «Оммавий маданият»  ниқоби остидаги ахлоқий бузуқлик ва зўравонликлар ёшларимизнинг маънавиятига таҳдид солиб турибди.  Бизлар  фарзандларимизни  ёшлик чоғидан бошлаб миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга  етказайлик.  Чунки  илмли  ва  юксак  маънавиятли  фарзандларимизда  бу  таҳдидларга  қарши  «мафкуравий иммунитет»  шаклланади.

Ёшларда мафкуравий  иммунитетни  шакллантиришнинг аҳамияти  муҳим  ижтимоий-маънавий зарурат  сифатида  ортиб  бормоқда.  Мафкуравий  имунитетни  шакллантириш-жамиятнинг энг муҳим вазифаси  ёшларнинг  миллий ҳис-туйғулар,  мақсад ва интилишлари,  маънавий-маърифий  ва  руҳий-ахлоқий  даражасига  бевосита  боғлиқ  бўлган  долзарб  ҳодисадир.  Бугунги дунёдаги  мураккаб  мафкуравий  вазият  ёшларимизда  ғоявий иммунитетни  тарбиялашни  фаоллаштиришни   талаб  қилади.  Келажак  авлоднинг «мафкуравий иммунитети»ни  шакллантиришда  ҳозирги даврда  жуда  кўплаб  ишлар  амалга  оширилмоқда.  Айниқса, бу  йўлда  таълим  тизимининг  ўрни ниҳоятда  каттадир. Ҳар  бир  ёш  авлодни  мафкуравий  иммунитетини  шакллантириш  учун  ҳам  уларга  таълим-тарбия  берувчи  устозларнинг,  ота-оналарнинг,  маҳалла  муҳитининг  хуллас,  жамики  ватанпарвар  инсонларнинг   ғоявий,  мафкуравий  тафаккурлари  юқори  бўлиши  талаб  этилади.

Бугун турли  хил  муаммолар  қаршисида  чорасиздек  туриб  қолмаслигимиз  ёки  воқеликдан  кўз  юмиб  олмаслигимиз  керак.  Уйимиз,  кўча-кўй, яшаб  турган  жамиятимиздаги  муҳит,   таълим-тарбия  масалалари-буларнинг барчаси  тарбия  омилларидир. Аммо  ҳозир  дунёнинг  ҳар  томонидан  ёшларга  махсус  йўналтирилган,  мақсадли    «тарбия  услублари»  ҳам  борлигини  унутмайлик.

Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг: «Инсон-фарзандига  чиройли  одобдан  кўра   яхшироқ  нарса қолдирмайди» деган сўзларига биноан,  фарзандларимизни   иймон-эътиқод,  дин-диёнат,  миллий тарбия, ахлоқ-одоб, юксак маънавият асосида вояга етказийлик.

 

Ў. Ғузаров

Хожа Бухорий номли ўрта махсус

ислом билим юрти мудири