Бузуқ ғояларга алданиб қолманг!
16

Қилаётган ишлари ислом динининг ҳеч бир тамойилларига тўғри келмаса ҳам ўзларининг барча жиноятларини дин ниқоби остида амалга ошириб келаётган террористик ташкилотлар ислом номи билан фаолият олиб борган ўтмишдаги диний оқимлар ва ташкилотлардан кўра хатарлироқ ва ёвузроқ бўлиб чиқди. Бунинг сабабларидан биттаси бу бузғунчи ташкилотларнинг вужудга келиши оммавий ахборот воситалари фаоллашган, айниқса, интернет тармоғи кириб бормаган бирорта хонадон қолмаётган бир вақтга тўғри келганидир.
Уларнинг дин ниқоби остида янграётган ғайриинсоний даъволари ва бузуқ ғояларига алданиб, уларга бориб қўшилаётган, бориб қўшилмаган бўлса-да, уларга моддий-маънавий кўмак бераётган ва уларга нисбатан хайрихоҳ бўлган мусулмонлар, айниқса, айрим ёшларнинг онгидаги бўшлиқ ва диний саводсизлик, диний илмлари саёзларининг эса сохта салафийликнинг радикал ғоялари билан заҳарланганликлари экстремистик оқимларга жуда ҳам қўл келмоқда. Бу хайрихоҳликлар жаҳолат ва ёвузликнинг, зулм ва ваҳшийликнинг авж олишига йўл очмоқда.
Аллоҳ таоло ўз оятларида мусулмонларни ҳамжиҳатликка ва иттифоқ бўлишга чақиради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадисларидан бирида: “Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир Аллоҳ қайтарган нарсадан ҳижратда (узоқда) бўлган одамдир” ва “Мўмин-одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир”, дея бизларга қандай мўмин-мусулмон бўлишимиз кераклигини уқтириб кетганлар.
Ораларида уламолар ва аҳли донишларнинг йўқлиги ушбу бузғунчи тўдаларнинг тасарруфотларига таъсир қилгани учун ҳам улар эсипаст ва енгилтак, ишларнинг келажаги ва оқибатларига, ҳақ сўзни эълон қилиш ёки Аллоҳга таваккал қилиш даъвоси билан мусулмонларнинг бошларига ғам-ташвиш ва фалокат олиб келишларига назар солмайдиган бўлиб қолганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам исломдаги дастлабки бузғунчи оқимлардан бўлмиш хорижийлар хусусида шундай деганлар: “Сизларнинг орангизда ибодатли ва (ибодатда) ғайратли бир қавм пайдо бўлади. Ҳатто одамлар уларга маҳлиё бўлиб қоладилар ва улар ўзларига бино қўядилар. Улар диндан ўқнинг камондан чиқишидек тез чиқадилар”. Мазкур ҳадиси шарифни яхшилаб тааммул қиладиган бўлсак, биз ўзини диндор қилиб кўрсатаётган, жарангдор шиорларни кўтариб юраётган, ўзининг сўзамоллиги билан ҳамманинг оғзини ланг очиб қўяётган ҳар қандай кишига эргашиб кетавермаслигимиз, аксинча, динимизни кимдан ва қаердан ўрганишимиз кераклигини обдон ўйлашимиз лозимлигини англаб етамиз. Зеро, ўтмиш улуғларимиздан бири бўлмиш Муҳаммад ибн Сирин раҳимаҳуллоҳ: “Албатта, бу илм диндур. Шундай экан, динингизни кимдан ўрганаётганингизга қаранг”, деганлар.
Замонамизда мавжуд турли оқимларнинг хатоларидан яна бири улар Ислом динини тушунмасдан балки уни бузиб талқин қилишидир. Чунки улар бирор кўзга кўринган олим ва шайхдан таълим олишмаган. Улар ўзларининг тарқоқ маълумотларини турли хил китоблардан тўплашган. Улар тўплаган маълумотларнинг баъзиси ишончли манбалардан олинган бўлсада, лекин улар ўша маълумотни тўғри англашмаган, қолган маълумотларини эса ишончли бўлмаган кишилардан йиғишган. Оқибатда уларнинг ҳузурида “илм” деб номлаб бўлмайдиган маълумотлар тўпланган. Улар ўша маълумотларни ўзларининг ҳавойи нафсларига мос тарзда амалга оширишда қўллаб, хоҳлаган кишисини дин номи билан ўлдира бошлашди. Ваҳоланки, бу иш диндан эмасдир. Дин бу каби ишлардан покдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам биз учун ислом динини худди нурафшон йўл каби баён қилиб берганлар. Ундан фақатгина ҳалокатга йўл олган кишигина юз ўгиради, халос. Бу диннинг асоси раҳмат ҳисобланади.
Бу борада Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Раҳмдилларга Роҳман раҳм қилади”, деган маънодаги ҳадиси шарифни айтганлар. Бу ҳадиси шарифни толиби илм биринчи бўлиб ўрганиши ва қолган илмларни унга кўра ўрганиши даркор. Чунки бинонинг асоси яхши бўлса, бино ҳам яхши бўлади. Агар асос яхши бўлмаса ҳар қандай пирамида ҳам қулаши тайиндир.
Агар ушбу бузғунчи гуруҳлар аъзолари ўзлари айтаётган каби Ислом дини кўрсатмаларига тўлиқ амал қилганларида эди улар ўзларидан бир неча минг марта илмда, тақвода, тажрибада олимроқ кишиларни сўзларига кирган бўлар эдилар. Лекин улар ҳар доимгидек қайсарлик, кибр ила ўзларидан бошқаларни сўзини қабул қилмасдан зулмат ботқоғига тобора чуқуррроқ шўнғиб бормоқдалар. Агар уларда озгинагина ақл бўлганида уларга дунёда кўзга кўринган уламолар томонидан билдирилган далиллар ўзлари даъво қилаётган сохта ғоялардан кўра минг чандон тўғрилигини тушуниб етган бўлар эдилар. Афсуски улар ўзлари ижро қилаётган ролларидан воз кечишни истамадилар. Чунки уларнинг асл мақсадлари Исломни ўзлари даъво қилаётган турли-туман бидъат хурофотлардан тозалаш ва ислом давлатини қуриш эмас балки Ислом дини ҳеч бир қонунни эътиборга олмасдан барчага ашаддий зўравонлик билан таҳдид қилади деган ғояни жаҳон аҳли оммасига сингдиришга уринмоқдир.
Хулоса ўрнида, барчамиз уларнинг макрларига учиб, жарангдор шиорларига алданиб қолмаслигимиз, фарзандларимизни худди кўз қорачиғимизни асрагандек уларнинг домига тушиб қолишларидан эҳтиётлашимиз энг бирламчи вазифамиз бўлмоғи лозимдир.
Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
