ЯХШИЛИК  ВА  ЁМОНЛИК

299

Яхшилик ва ёмонлик тушунчаси бир-бирига зид бўлсада, кўп холларда ёнма-ён қўлланилади. Вақти келганда яхшилик қилиш ҳам ёмонлик қилиш ҳам инсоннинг ўзига боғлиқ бўлади. Шундай фурсатлар бўладики, кимнингдир ҳаётига эзгулик, тотувлик олиб кириши мумкин бўлган бир ҳаракат қилиш ўрнига акси бажарилади. Биз ҳозирда оммавий ахборот воситаларида кузатиб бораётган хунрезликлар ортида қанча тақдирлар поймол этилмоқда. Аслида мана шу қабиҳ ишлар ўрнига кимнингдир уй қуришига кўмаклашиш, кимнингдир таълим олиши учун шароит қилиб бериш, кимнингдир бемор яқинига молиявий ёрдам кўрсатиш мумкин эди.

Қадриятлар, эзгулик ва инсонийлик тушунчаларини билмайдиган, ёт ғоялар ила дунё аҳолиси қалбига қўрқув солаётган гуруҳлар қабоҳат йўлларини танлашган. Уларнинг манзиллари сароб бўлиб, узоққа бора олмасликларини ўзлари ҳам яхши англайдилар. Улар қурол-яроғ ва турли ваҳшийлик йўлларига сарфлаётган маблағларини ўрнига ишлатиб кўплаб инсонларга яхшилик кўрсатиши мумкин эди.

Ҳаётда санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлардан бахраманд бўлиб юрганимиз Аллоҳнинг бизга меҳрибонлиги, марҳаматидандир. Шуни яхши англаган ҳар бир инсон ғанимат умри давомида баҳоли қудрат, имконият даражасида яхшилик қилишга шошилиши керак.

Юсуф Хос Хожиб ўзларининг “Қутадғу билиг” — “Саодатга йўлловчи билим” асарларида инсоний фазилатлар, одамларни яхшиликка, яхшилик билан ном қолдиришга, юксак ахлоқ ва одобга эга бўлишга чақиради:

Ўзим ўлсам яхши отим қолса бас,

Қолиб мангу отим тирик бўлса бас,

Фақат яхшилик қил, тила яхшилик

Номинг мангуликка яшаб юрса бас.

Яхшилик худо рози бўладиган ишдир. У меҳрибон Зот, бандаларига фақат яхшиликни истайди.

Ривоят қилишларича, Анушервон замонасида икки киши бор эди Улар Анушервон ташкил этган базмларда ҳозир бўлар эдилар. Шундай базмларнинг бирида улардан бири баланд овозда қуйидаги байтни ўқиди:

Яхшилигим қайтсин десанг сен,

Яхшилик қил, яхши ўй ўйла!

Иккинчиси эса қуйидаги байтни ўқиди:

Ёмонлик қайтмасин десанг,

Ёмон бўлма, ёмон ўй қилма!

Бу байтлар Анушервонга ёқиб қолди. У биринчи байтни ўқиган кишига минг дирҳам, иккинчи кишига эса беш юз дирҳам беришни тайинлади. Ҳозир бўлганлардан бири Анушервондан сўради:

-Эй одил амир, уларнинг байтлари битта маънога эга, нега тухфани икки хил бердингиз?

Анушервон шундай жавоб қайтарди:

-Чунки сўзлашувда тафовут катта. Биринчисининг сўзи бошдан-оёқ яхшилик ҳақида бўлди, иккинчисиники эса фақат ёмонликни эслатди. Яхши гап ҳам ёмоннинг оғзидан ёмон бўлиб чиқади, кимнинг юрагида яхшилик бўлса, доимо яхшиликни зикр қилади, ёмон кишилар эса ёмонликдан гапирадилар.

Ҳазрати Али: “Ўзингизга ва аҳлингизга яхшиликни таълим беринглар ва уларни одобли қилинглар”, деганлар.

Ҳар бир ота — она ёки устоз мураббий фарзандининг имон-эътиқоди, одоб — ахлоқи ва бошқа жиҳатларига мунтазам аҳамият бериши, унинг покиза қалбига яхшилик уруғларини қадамоғи лозим. Агар фарзандларга яхшилик ўргатилса, ота – онанинг юзини ёруғ қиладиган, оқил фарзанд бўлиб камол топади.

Мир Алишер Навоий ҳазратлари айтганларидек:

“Бу гулшан ичра йўқдур бақо гулига сабот,

Ажаб  саодат эрур яхшилик била чиқса от”

 

Ибрагимов Рахматулла

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси