Ёшлар онги ва қалбини мафкуравий хуружлардан сақлашда маърифий ва ғоявий кучнинг аҳамияти

13

Дарҳақиқат, XXI аср бошқа асрлардан ўзининг мураккаблиги, ахборот алмашинувининг ниҳоят даражада тезлашиши ва инсон онги ва қалбини эгаллашга қаратилган турли хил мафкуравий хуружларнинг кўпайиб кетиши билан ажралиб турибди. Бу турдаги зарарли ғоя ва мафкураларни тарқатишга ҳаракат қилаётган экстремистик руҳдаги оқимлар, миссионерлар ва “оммавий маданият” тарғиботчилари асосан ёш авлод онги ва қалбига ўзларининг пуч ғоя ва ақидаларини сингдиришга ҳаракат қилиши ниҳоятда хатарлидир. Чунки, ҳар бир жамиятда ёшлар асосий куч ва таянч қатлам ҳисобланади. Шунинг учун ёшларни диний ва миллий қадриятлардан маҳрум қилиш учун муттасил ҳаракат қилмоқдалар. Натижада, айрим ёшлар соф исломий таълимотдан етарли даражада маълумотга эга бўлмаганлиги учун уларнинг найрангларига алданиб қолмоқда.  Яна айрим ёшлар ғарб давлатларининг моддий тараққиёти гуёки уларнинг маданиятига асослангандек хаёл қилиб, кийинишда, ўзини тутишда, ҳатто фикрлашда динийлик ва миллийликка ёт ғояларни маъқул кўрмоқда. Бу ҳолатларнинг барчаси охир-оқибат ёш авлоднинг келажаги барбод бўлишига сабаб бўлади.

Ислом динида мусулмон киши ўз эътиқодига, ҳур ва озод яшашига рахна солувчи ҳар қандай ҳолатга қарши курашиши лозим эканлиги таъкидланади. Қуръони каримнинг Анфол сураси 60-оятида шундай дейилади:

     “Улар учун имконингиз борича (ҳарбий) куч ва отлиқ бўлинмаларни тайёрлаб қўйингиз! Бу билан Аллоҳнинг ва ўзингизнин душманингизни ва улардан ўзга сиз билмайдиган, лекин Аллоҳ биладиган (душман)ларни ҳам қўрқувга солган бўлурсиз. Аллоҳнинг йўлида нимани сарф қилсангиз, сизларга (унинг савоби) зулм қилинмаган ҳолингизда тўла-тўкис берилур”.

     Ушбу ояти кариманинг маъносини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ўша даврдаги ҳолатдан келиб чиқиб баён қилганлар. Масалан, “куч” деган сўзни “камон отиш” деб тафсир қилганликлари ҳақидаги ривоятни Имом Муслим “Саҳиҳ”ида зикр қилиб ўтган. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи васаллам): “Болаларингизга камон отишни, отда чопишни ҳамда сувда сузишни ўргатинглар”, деб марҳамат қилганлар. Чунки ўша даврда душманлардан ҳимояланиш учун энг афзал қурол чавандозлик ва мерганлик эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг каломига ҳар бир даврнинг шарт-шароитидан келиб чиқиб ёндошилса, унинг ҳар қандай замон билан ҳамнафас эканлигига амин бўламиз. Мафкуравий хуружлар авж олган ҳозирги даврда оятдаги “куч” деган сўзни маърифий ва ғоявий куч деб талқин қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Демак, ёшларниинг онги ва қалбини экстремистик руҳдаги оқимлар, миссионерлар ва “оммавий маданият” тарғиботчиларининг зарарли ғояларидан муқаддас ислом динидаги қадриятлар, таълим ва тарбия жараёнлари ва турли хил маънавий-маърифий усул ва воситалар ҳимоя қилиши мумкин. Биз бугун мураккаб вазиятда ғоявий таҳдидларга қарши, уларнинг бошида турган душманларга қарши замонавий “куч”, яъни маърифий ва ғоявий куч билан қуролланмоғимиз керак бўлади. Дарҳақиқат, маърифати юксак, соф исломий ғоя ва миллий қадриятларини маҳкам тутиб, унга оғишмай амал қиладиган ёшларни ҳеч қандай бузғунчи ғоя ва мафкуралар енга олмайди.

И. Валиев,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом

билим юрти ўқитувчиси