Ижтимоий тармоқлардаги фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?

18

Бугунги шиддат билан ривожланиб бораётган кунни илғор технологияларсиз тасаввур этиш ўта мушкул. Улар ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Бутунжаҳон ўргимчак тўри деб аталадиган интернетнинг имкониятлари, бугунги тараққиётнинг тезлигига тезлик, кучига куч бағишлаётгани исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Бугунги кунда ана шу буюк ихтиронинг имкониятларидан баҳраманд бўлмаган инсон топилмаса керак. Бироқ, башариятга наф келтириши кўзланган ушбу воситадан ўз ғаразли мақсадларини амалга ошириш, одамларни залолат ва қабоҳатга ундаш, уларни тўғри йўлдан адаштириш мақсадида фойдаланувчилар ҳам йўқ эмас. Интернетдан нимани ахтарсангиз, топасиз. Фақат топилган нарса тўғри, ишончли ва энг муҳими зарарсиз эканини билиш учун инсонгга онг ва тафаккур керак.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, ҳозирда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги барча диний таълим муассасалари ва масжидларнинг расмий диний-маърифий сайтлари, фейсбук ва телеграм каналлари, шунингдек, uz. доменидаги расмий исломий сайтлар фаолият олиб бормоқда. Улардан барча шаръий масалаларга асосли ва аниқ жавоб топиш мумкин. Бошқа норасмий сайт ва каналларга ҳеч қандай муҳтожлик йўқ.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло бандалари ичида энг лойиқларини пайғамбар этиб сайлади ва ўша пайғамбарларга фаришта Жаброил (алайҳиссалом) воситасида дин ҳукмларини ўргатди. Сўнгра пайғамбарлар бу ҳукмларни одамларга етказдилар. Одамлар зиммасидаги амаллар жами саккиз қисмга бўлинади: Биринчиси – фарз. Иккинчиси – вожиб. Учинчиси – суннат. Тўртинчиси – мустаҳаб. Бешинчиси – мубоҳ. Олтинчиси – ҳаром. Еттинчиси – макруҳ. Саккизинчиси – мустакраҳ. Ушбу саккиз қисм амалнинг баъзиларини бажариш шарт, баъзиларини бажармаслик шарт. Яна айримларини қилиш-қилмаслик ихтиёрий. Баъзи кишилар мана шу амаллар қолиб, баъзи бир “фалоний”, “пистоний” номли мутаассибларнинг гапларига ишониб, чалғиб юрибдилар. Ундан кўра ҳалол ва ҳаромни фарқлаб, поклик (таҳорат, ғусл ва ҳ.к) қандай бўлиши, Аллоҳ таоло ёқтирадиган намоз, рўза, закот, ҳаж, ростгўйлик, омонатни адо қилиш, ота-онага яхшилик кўрсатиш, силаи раҳм қилиш, аҳдга вафо, Аллоҳ таолонинг динига ихлос, У Зотнинг неъматига шукр қилиш, қазосига рози бўлиш ҳақида қайғурганлари афзал эмасми? Қиёматда Аллоҳнинг ҳузурига қандай борамиз. Фалончи ундай деди, пистончи бундай деди каби миш-миш ва уйдирмалар зарардан бошқа нарса эмаску. Бинобарин, ҳадисларда шундай ривоят қилинади: “Албатта, Аллоҳ таоло сизларнинг суратларингизга ҳам, мол-давлатингизга ҳам қарамайди, балки қалбингизга ва амалларингизга қарайди” (Имом Муслим ривояти).    Шу ўринда ўзларига “фалоний”, “пистоний” деб ном қўйиб олган  мутаассиб гуруҳларга тегишли интернет сайтларини фарқлаб олиш ҳамда бундан огоҳ бўлиш мақсадида, уларга тааллуқли бўлган саҳифаларнинг ўзига хос хусусиятларини келтирамиз:

  • улар саҳифаларида ва гуруҳларида ўзларини ягона тўғри йўлда юрувчилар деб ҳисоблаб, ўзларига эргашмаганларни кофир санашади;
  • иймон келтирмаган ёки бошқа динга эътиқод қиладиган ҳар қандай кишини душман деб айтишади;
  • ўзларининг жиноятчи тўдабошиларидан бошқа олимларни қоралаб, уларни ҳақоратлашади ва ёмонотлиқ қилишади;
  • давлат ҳокимиятига нисбатдан норозилик кайфиятини уйғотиш ва мавжуд камчиликларни бўрттириб кўрсатиш орқали одамларни ваҳимага солишади;
  • халқ билан гўёки яқинлигини билдириш мақсадида уларнинг қийинчилиги ва ташвишларига “шерик” қилиб кўрсатишади, аслида эса уларнинг диний туйғуларидан усталик билан фойдаланишади;
  • ихтилоф чиқарадиган масалаларни ўз саҳифалари орқали ёритиб, одамларга ўз қарашлари тўғрилигига ишонч ҳосил қилишга уринишади.

Хўш, бундай фитна ва хатолардан омонда бўлиш учун нима қилиш керак?

Биринчидан, Аллоҳ таолонинг кузатиб турганини, У зот ҳамма нарсадан воқиф эканини доим ҳис қилиб туриш лозим.

Иккинчидан, интернетга муайян вақтларда, ўз олдига муайян вазифа ва аниқ мақсадни қўйган ҳолда киришиш керак.

Учинчидан, ўзи айтаётган, эшитаётган, нақл қилаётган ва ўқиётган нарсалар ҳақида ишончли илмга эга бўлиш лозим. (Чунки интернет шундай маконки, унда тўғри келган одам сохта исм остида тўғри келган нарсани ёзиши мумкин).

Тўртинчидан, бирон хабар ё воқеадан хабардор бўлса, уни чуқурроқ ўрганиш ва таҳлил қилиш лозим. Нисо сурасининг 83-ояти тафсирида шундай дейилади: “Баъзи кишилар бирор хабарни эшитишлари билан ҳамма ёққа тарқатишга шошиладилар. Бундан мусулмонларга фойда борми, зарар борми ўйлаб ўтирмайдилар. Мазкур хабарни тарқатиш мусулмонлар учун яхшими ёки тарқатмаслик яхшими-ўйлаб кўрмайдилар. Оқибатда душманлар «совуқ уруш» (қуролсиз уруш) деб номланган қабоҳатни ишга солиб, турли-туман ёлғонларни тўқиб чиқарадилар. Мусулмонлар ичида ғулғула, келишмовчилик тарқатадилар. Руҳий, маънавий қувватларини синдирадилар. Агар мусулмонлар ўз динларига амал қилсалар, бундай лақмалик, нодонлик қилмас эдилар. Эшитган гапларини дарҳол ёймас эдилар. Чунки, Ислом ҳукми бўйича, эшитган гапини тарқатавериш мумкин эмас” (“Тафсири ҳилол“ иккинчи нашр 1- жуз 587-бет. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф).

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Бўлар – бўлмас гаплар билан умримизни бесамар ўтказмайлик! Аллоҳ таолога тақво қилайлик! Тақво қилишнинг фазилатлари ва фойдалари жуда ҳам бисёрдир, Қуръони каримда уларнинг бир қанчалари зикр этиб ўтилган. Жумладан:: “Эй, имон келтирганлар! Агар Аллоҳдан қўрқсангиз, сизлар учун (ҳақ билан ноҳақликни) ажрим этувчи (ёрдам)ни берур ва гуноҳларингиздан ўтиб, сизларни мағфират қилур. Аллоҳ улкан фазл соҳибидир (Анфол сураси, 29-оят).

Тақводор бандага ҳар қандай танг ҳолатдан чиқиш йўллари осон қилиб қўйилади, унга ризқ эшиклари ҳам ланг очилади. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай дейилган: “Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини  (пайдо)  қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур (Талоқ сураси, 2-3-оятлар).

Тақво туфайли осмонлару ердан баракотлар ёғилиб, халқлар фаровон ҳаёт кечиришларига муяссар бўладилар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик” (Аъроф сураси, 96-оят). Бу оятда катта ибрат бордир. Аллоҳ таоло бандаларидан жуда кўп ва оғир нарсани талаб қилмади. Имон келтириб, ширк ва гуноҳлардан ўзларини тийсалар, бас. Шу ишлари эвазига еру осмондан баракот ато этаман, деб ваъда қилмоқда. Бу шарт ва мукофот ваъдаси то қиёматгача дунёга келиб кетувчи барча бандаларга ҳам тегишлидир.

Фотиҳа сурасида бундай мазмунда оят бор: “Сенгагина ибодат қиламиз ва Сендангина ёрдам сўраймиз” (4-оят). “Ийяка наъбуду” “фақат Сенинг айтганингни қиламиз”, маъносини англатади. Бу эса банда тарафидан Аллоҳга берилган улкан ваъдадир. Аллоҳ таоло барчамизни ушбу ваъданинг устидан чиқадиганлардан қилсин.

 

Азамат УСМОНОВ