Мусулмон ёлғон гапирмайди

46

Инсонлар учун энг ёмон сифатлардан бири ёлғончиликдир. Ёлғон сўзлаш, одамларни алдаш барча разолатнинг боши, у киши ҳурмати ва обрўсини тўкади. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ёлғончи, йўлдан озган ва адашганларни: “Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” деб, баён қилган (Ғофир сураси, 28-оят).

Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликларга сабаб бўлади. Ёлғон гувоҳлик бериш кишиларнинг жабру жафо тортиши, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлишига олиб келади. Шунинг учун ҳам ёлғон гувоҳлик беришни Аллоҳ таолога ширк келтириш каби катта гуноҳлар қаторида зикр қилинган.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).

Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган.

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб қолмоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мунофиқнинг белгиси учтадир: гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади, (унга) омонат топширилса, омонатга хиёнат қилади” (Муттафақун алайҳ).

Қайс ибн Абу Ҳозимдан ривоят қилинади: Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг: “Ёлғондан эҳтиёт бўлинглар, ёлғон албатта имондан четлатувчидир” — деганини эшитдим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким бир гўдак болага, мана буни ол, деса-ю, ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади”, дедилар (Имом Муслим ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

Фарзанд тарбиясида ота-она ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади.

Ҳазил-мутойибаларда ҳақиқатга зид гаплар билан кишиларни кулдириш каби ишлар ҳам ёлғоннинг айни ўзидир. Бу ҳақда ҳадисда шундай келгандир: Баҳз ибн Ҳаким отасидан, у эса бобосидан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Одамларни кулдириш учун ёлғон гапирадиган киши ҳолига вой, ҳолига вой бўлсин”, дедилар (Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилишган).

динимизнинг мазкур кўрсатмалирига жиддий эътибор берайлик! Шариатимизни ўрганиб, ҳаётимизга татбиқ қилайлик! минг афсуски, ҳозирда кўча-куйда, бозорда, уловда, маъракаларда, қаерда бўлманг эътиборсизлик билан гапирилаётган ёлғонга дуч келиб турамиз.

Баъзилар ёлғон эшитишга ва гапиришга шунчалар кўникиб кетишганки, гапираётган киши ҳам, эшитаётган ҳам, ёлғонлигини била туриб бир-бирини бу гуноҳдан қайтаришга ҳаракат қилмайди, гўёки худди шундай бўлиши керакдек, одатий ҳолга айланган.

Ёлғончилар кўпаяверса жамиятга тегадиган зарар унданда улкан бўлади. Одамлар орасида бир-бирига ишонч йўқолади, ваъдага вафосизлик, хиёнат, туҳмат, ёлғон гувоҳлик бериш оддий ҳолга айланади. Оилаларда ва жамиятда бир-бирига ишончсизлик ортса, аҳиллик йўқолади. Бу нарсалар келгуси авлодларга ҳам таъсир кўрсатмай қолмайди ва маънавий қашшоқликка олиб боради.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти

маънавий-маърифий ишлар бўйича мудир ўринбосари