Инсоннинг жонига, молига, шаънига ноҳақ тажовуз қилиш оғир гуноҳдир

31

Ислом дини тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлашдир. Қуръони каримда бу ҳақда шундай баён этилган:  “Эй имон келтирганлар! Ёппасига итоатга киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз!…” (Бақара сураси, 208-оят).

Ушбу ояти каримадаги “коффатан” (яъни ёппасига) калимаси тафсир китобларида келтиришича, мана шу биргина сўз бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.

Афсуски, инсоният ўзига юклатилган бундай шарафли масъулиятни унутиши оқибатида, инсоният тарихида катта-ю кичик жиноятлар, кўплаб қон тўкишлар содир этилмоқда.

Кейинги вақтларда жамиятимизда ҳам одам ўлдириш, ўзгаларнинг молини ноҳақ йўллар билан ўзлаштириш, фирибгарлик, зўравонлик, ўз жонига қасд қилиш каби жиноятлар ва лоқайдлик каби салбий иллатлар тез-тез содир бўлиб турмоқда. Аждодлари дину диёнат, ахлоқу одоб, ор-номус, ҳалолу покликни ўзининг ғурури деб билган ўзбек халқининг авлодларидан мазкур жиноятларга қўл ураётганларнинг учраётгани ачинарли ҳолдир.

Динимизда инсоннинг жонига, молига, шаънига ноҳақ тажовуз қилиш оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақда Қуръони карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўплаб ҳадисларида баён этилган.

Аллоҳ таоло ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Мол (ва бойлик)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз! Шунингдек, била туриб, одамларнинг ҳақларидан бир қисмини гуноҳ йўли билан ейиш (ўзлаштириш) мақсадида уни ҳокимларга ҳавола этмангиз!” (Бақара сураси, 188-оят).

Молни ботил йўл билан ейиш деганда шариатда ҳаром қилинган барча йўллар назарда тутилади. Масалан, ўғрилик, талончилик, фирибгарлик, қиморбозлик, порахўрлик, судхўрлик шулар жумласидандир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу борада қуйидаги ҳадислар ворид бўлган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: “Мусулмон кишига ҳар бир мусулмон кишининг қони, моли ва обрўсини тўкиш ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Бошқа бир ҳадисда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу Ҳажжатул вадоъ ҳадисини ривоят қилиб жумладан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги сўзларини келтиради: “Мусулмон кишининг моли ўз биродарига фақат чин кўнгилдан рози бўлиб берсагина ҳалол бўлади” (Имом Байҳақий ривояти).

Содир этилаётган ҳар бир жиноятнинг негизида омонатга хиёнат қилиш ётибди десак, хато бўлмайди. Омонатнинг маъноси жуда ҳам кенг қамровли бўлиб, агар уни умумийлаштириб айтадиган бўлсак, омонат бу инсоннинг зиммасидаги Аллоҳ таолонинг ҳаққи, атрофини ўраб турган борлиқ мавжудотнинг ҳаққи ва ўз нафсининг ҳаққидир. Шундай экан, ўзгаларнинг молига, жонига тажовуз қилиш, моддийми, маънавийми қайси кўринишда бўлишидан қатъий назар бирор инсонга зарар етказиш, унинг тинчлиги ва омонлигига хавф солиш ўзгаларга нисбатан хиёнатдир. Қуръони каримда шундай мараҳамат қилинган: “Ўзларига хиёнат қилувчилар ҳақида тортишиб ўтирманг. Албатта, Аллоҳ хиёнатчи ва жиноятчи бўлган кимсани севмайди” (Нисо сураси, 107-оят).

Жиноятнинг яна бир тури бу лоқайдликдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Абу Саъид розияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни шундай деганларини эшитдим: “Қайси бирингиз мункар ишни кўрса қўли билан ўзгартирсин, агар қурби етмаса тили билан, агар унга ҳам қодир бўлмаса қалби билан ва у имоннинг энг заифидир” (Имом Муслим ривояти).

Хулоса ўрнида, жамиятимизда учраётган ҳар қандай жиноятчиликка қарши катта-ю кичик биргаликда курашмоғимиз лозимдир.  Аллоҳ таоло азиз юртимизни тинч, халқларимизни икки дунё саодатига мушарраф айласин.

Музаффар Қосимов,

“Хожа Бухорий”ўрта махсус  

 ислом билим юрти маънавий-маърифий

ишлар бўйича мудир ўринбосари