САХИЙЛИК – ИНСОНИЙЛИК  МЕЗОНИДИР

32

Аллоҳ таоло карами кенг, саховати чексиз Зотдир. У ўз хазинасидан бандаларига ҳар қанча инъом қилса ҳам, ундан ҳеч бир нарса камайиб қолмайди. Роббимиз бандаларини доимо саховатли бўлишга буюради. Аллоҳ таоло муҳсин бандаларини севишини баён этиб, “Оли Имрон” сурасининг 134-оятида: “Улар (тақводорлар) фаровонлик ва танглик кунларида ҳам хайр-cадақа қиладиган, ғазабларини ютадиган, одамларни (хато ва камчиликларини) кечирадиганлардир. Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севар”, деб марҳамат қилган бўлса, шу суранинг 92 – оятида шундай марҳамат қилади:  “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизгача, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Ниманики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билувчидир”.

Мўъмин банда саховат билан ризқим камайиб қолмайди, балки барака киради, деб ишонган ҳолда саховат кўрсатиши шарт.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним измида бўлган Зотга қасам, садақа билан мол камаймайди”, деганлар (Имом Термизий).

Қолаверса, саховатнинг фазилати унинг кўп ёки озлиги билан белгиланмайди. Бой садақа қилган юз минг сўм пулнинг савоби билан камбағал берган минг сўм пулнинг савоби бир хил бўлиши мумкин. Чунки ҳар иккиси ўз имкониятидан келиб чиқяпти. Эҳсоннинг савоби ихлос-эътиқодга кўрадир.

Ҳазрат Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: “Бизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилиб айтдилар: “Эй инсонлар! Ўлишингиздан олдин Аллоҳга тавба қилингиз, машғул бўлиб қолишдан олдин яхши амалларни қилишга шошилинглар, сизларнинг ва Раббиларингизнинг орасидаги нарсани (яъни, мағфиратни) у зотни кўп зикр қилиш билан ўзларингизга васила қилинглар! Ошкор ва пинҳон садақа беришни кўпайтиринглар, шунда сизлар ризқланасизлар, музаффар бўласизлар ва қувватланасизлар” (Ибн Можа ривояти).

Биз яхши билишимиз керакки, саховат дунёда ҳам барака келтиради, охиратда ҳам улкан ажрларга сабаб бўлади. Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахтдир, унинг томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”. дедилар.

Саховатпеша бўлиш энг олий фазилатдир. Зеро, банданинг ризқига барака кириши, зиён-заҳматлардан омонда бўлиши ва ризқининг ҳамда умрининг зиёда бўлишида айнан унинг ўрни беқиёс. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: “Эй одам боласи, эҳсон қил! Шунда Мен ҳам сенга эҳсон қиламан”, – деб марҳамат қилган.

Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан энг афзал садақа ҳақида сўрашди. Шунда у зот: “Муҳтожга махфий қилинганидир”, – дедилар ва қуйидаги оятни ўқидилар: “Садақаларингизни ошкора берсангиз, қандоқ ҳам яхши. Агар камбағалларга пинҳона берсангиз, ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир”(Бақара сураси, 271 — оят).

Хайру саховат инсонлар ўртасида меҳр-муҳаббат ва оқибат ришталарини боғлашга, ўзаро ҳурмат ва тотувлик алоқаларини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Қилинадиган хайру эҳсоннинг кўпи ва озида чегара йўқ. Бор борича, йўқ ҳолича эҳсон қилса, унинг ҳимматига яраша Яратган ўз хазинасидан ажр-мукофот ато этади.

Тотувликнинг асосий омилларидан бири сахийликдир. Кимгадир мурувват кўрсатиш, шу йўл билан савоб олиш инсонийликнинг бош мезонларидандир. Ҳақиқий обрў учун бойлик асос бўлолмайди. Аксинча, инсоннинг мартабасини сахийлик улуғ қилади, охиратда юқори даражага етишига сабаб бўлади. Аллоҳ таоло бундай инсонларнинг гуноҳларини кечиши ҳадисда айтилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларидан бирида айтилади: “Кимки бир мўминни шу дунёдаги бирор ташвишидан халос этса, Аллоҳ уни охиратдаги ташвишларидан халос этади. Кимки бечораҳол кишига ёрдам берса, Аллоҳ унга икки дунёда ёрдам беради. Кимки бир мўминнинг айбини ёпса, Аллоҳ унинг икки дунёдаги айбларини ёпади. Банда бировнинг ёрдами учун ҳаракат қилар экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлаверади” (Имом Муслим ва Имом Аҳмад ривояти).

Одатда сахийликни кўпроқ бадавлат одамлардан кутамиз. Аслида, ҳар биримизнинг қурбимиз етганича, имконият даражасида саховат кўрсатишимиз — бизнинг инсоний бурчимиздир.

Ўткир Ғузаров,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус Ислом билим юрти мудири