ШУКР ҚИЛИШ ҲАМ БИР НЕЪМАТ!
33

Инсон зоти борки, яхшиликни тез унутади. Озчилик инсонларгина бундан мустасно, чунки бу Аллоҳнинг қонуни. Мана шу шукр қилувчилардан бўлиш эса У Зотнинг марҳамати бўлиб, бунга насибадор бўлиш улкан бахт саналади.
Инсоният бошига қандай бало келган бўлса, аксари ношукрлик сабабидан келиб чиққан. Бунга барчага маълум бўлган Мусо алайҳиссаломнинг қавми Бани Исроил халқидир. Бу халқни Аллоҳ Фиръавннинг зулмидан қутқарди, ваҳоланки Фиръавн Бани Исроилнинг ўғил фарзандларини тириклайин сўйиб, қизларини тирик қолдирар, ўзларини эса қул қилиб олган эди. Ана шундай буюк зулмдан Аллоҳ уларни қутқарди. Аммо улар бунинг шукронасига нима қилдилар, шукр ўрнига унутдилар, шукрни билмадилар.
Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломни қавмига қарата шундай деганини келтиради:
“Ва Роббингизнинг “Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр (ношукрлик) келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”, деб элон қилганини ҳам эсланг”. (Иброҳим сураси 7-оят).
Мусо алайҳиссалом қавмларига Аллоҳ таоло қасам ичиб таъкидлаган ҳақиқатни эслатмоқдалар:
“Қасамки, агар шукр қилсангиз, албатта, сизга зиёда қилурман. Агар куфр (ношукрлик) келтирсангиз, албатта, азобим шиддатлидир”.
Шукр бу неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларни айтиш ва ул неъматни Аллоҳнинг розилиги йўлида сарфлашдан иборатдир. Берилган неъматга шукр этиш инсоннинг тўғри йўлда – мустақим эканлигини кўрсатади. Шукр қилувчи инсон Аллоҳ таоло ўзини доим кузатиб туришини ҳис этади ва неъмат етганда намоён бўладиган манманлик, исроф ва шунга ўхшаш салбий ҳолатлардан холи бўлади. Натижада ўзига берилган неъматлардан фойдаланиб, яхши амалларни кўпайтиради.
Неъматга шукр қилмасликда эса унинг Аллоҳ томонидан берилишини тан олмаслик, унга ҳамду сано айтмаслик ва неъматни номаъқул йўлларда ишлатишдан иборатдир. Ато этилган неъматга шукр келтирмаслик уни берган зотга – Аллоҳга куфр келтиришдир. Бундай одамлар “Неъматни менга Аллоҳ берди”, демайди, балки унга ўз илмим, ҳаракатим ва усталигим туфайли эришдим, дейди. Шу сабабли, ўзларидаги моддий имкониятларни ҳаром-хариш, манманлик, шуҳратпарастлик ва шунга ўхшаш ёмон йўлларга ишлатадилар. Оқибатда қаттиқ ва аламли азобга учрайдилар.
Ҳолбуки, шукроналик банданинг ўзига фойда келтиради, холос. Аллоҳ таоло унга муҳтож эмас. Ким шукр қилса, ёки шукр келтирмаса ҳам Аллоҳнинг мулкидан бирор нарса кўпайиб ёки камайиб қолмас. Буни мўмин инсон инкор қилмайди. Шукр бу Аллоҳга итоат саналса, акси итоатсизлик ҳисобланади.
Юрт тинчлиги шукрга боғлиқ. Яхшиликлар аста-секин бўлаётсаю шукр ўрнига нолинса ёки айб қидирилса, натижаси ва оқибати яхшилик билан тугамайди. Нима бўлаётган бўлса шукр қилувчиларнинг шукри шарофати орқали бўлмоқда. Бундай неъматни холис мўмингина ҳис қила олади. Куфрга одатланган кимса эса бундан узоқдир. Айрим жоҳиллар шукрни нималигини билмай, шукр қилувчиларни “аллачи” ёки “ювош қўй”, дерлар. Шундай дейидиларда, чунки уларда Аллоҳга итоат ва бандасига раҳмат дейиш неъмати бўлмаса, нима дейсан киши. Инсоф ва тавфиқ фақат Аллоҳдан.
С.Муҳибуллаев, «Хожа Бухорий» ислом билим юрти ўқитувчиси
