АҲЛИ СУННА ВАЛ ЖАМОА ТАЪРИФИ ВА МАҚСАДИ
22

Ҳар бир мўъмин мусулмон аҳли сунна вал жамоада бўлишга ва уни жуда яхши ўрганиб, шу эътиқодда собит турмоғи лозим. Аҳли сунна вал жамоа — пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобаларнинг йўлларида юрадиган ҳамда қиёмат кунигача уларга эргашган мусулмонлар жамоаси деганидир. Аҳли сунна вал жамоа эътиқод бобида суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳабдир.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби уламолари доимо мусулмонлар оммасига соф ислом ақидасини етказишга ҳаракат қилиб келдилар. Бу зотлар барча мўъмин-мусулмонлар эътиқод қилиши лозим бўлган масалалар муфассал баён қилинган кўплаб китоблар ёздилар. Аҳли сунна вал жамоа – Ислом тарихининг барча даврларида мусулмонларнинг катта қисми тутган йўлдир. Улар Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ушлаган ва саҳобалар, тобеъинлар, тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомларидан иборат дин пешволари йўлига эргашган жамоадир. Суннат ва жамоат аҳли ким дейилса, илмда пешво саҳобалар ва уларнинг йўлини тутган зотлар дейилади.
Имом Муслим Ибни Сирин раҳимаҳуллоҳдан ривоят қиладилар: Аҳли суннат вал жамоани ташкил қилган саҳобалардан тобеъинлар илм ўргандилар, улардан эса мужтаҳид олимлар дин илмини қабул қилиб олдилар.
Иккинчи ҳижрий асрда баъзи илм аҳли муташобеҳ оятларнинг зоҳирига “ёпишиб”, Аллоҳ таолонинг исми сифатларини исботлашда муболаға қилиб, “тажсим” (Аллоҳ таолога жисм нисбат бериш)га ўтдилар. Бунинг муқобилида мўътазила фирқаси чиқиб, Аллоҳ таолони нолойиқ сифатлардан поклаймиз, деб муболаға қилдилар ва оят-ҳадисларда собит бўлган сифатларни йўққа чиқардилар. Ўша пайтда бўлган Аҳмад ибн Ҳанбал ва бошқа аҳли суннат вакиллари (раҳимаҳумуллоҳ) уларга раддия билдирганлар. Ўзларидан аввалги саҳобийлар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларнинг йўлини тутиб, муташобиҳ оятлар ҳақида: “Аллоҳ таолонинг сифатлари ояти карималарда қандай бўлса шундай имон келтирамиз, таъвилига киришмаймиз”, – дедилар. Мўътазила ва мушаббиҳаларнинг бидъатлари юзага чиқиб, уларнинг сўзлари тарқалгандан кейин бир қанча уламолар чиқиб Аҳли сунна вал жамоанинг эътиқодини каломий ҳужжатлар ва усулий далиллар билан қувватладилар. Бу ишини Имом Абул Ҳасан Ашъарий, Имом Абу Мансур Мотуридий каби зотлар Аҳли суннанинг эътиқодини баён қилиш, шубҳаларни даф қилиш, нақлий ва ақлий далиллар келтириш билан чиройли адо этдилар.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам бизга турли фирқалар кўпайган пайтда мусулмонларни катта жамоасини лозим тутишни ўргатиб, шундай дейдилар:
«فَإِذَا رَأَيْتُمُ اخْتِلَافًا فَعَلَيْكُمْ بِالسَّوَادِ الْأَعْظَمِ»
яъни: “Агар ихтилофни кўрсангиз, катта қора (жамоа)ни лозим тутинг” (Имом Ибн Можа ривояти).
Демак, ҳозирги кунда катта жамоат – эътиқодда Имом Мотуридий ва Имом Ашъарий мазҳаблари ҳамда фиқҳда тўрт мўътабар (Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалий) мазҳабларга эргашганлардир. Мана шулар Аҳли сунна вал жамоани ташкил этади. Аҳли суннат ичида булардан бошқа эътиқодий ва фиқҳий мазҳаблар мавжуд эмас.
Аҳли сунна вал жамоанинг асосий мақсади, мумин-мусулмонлар орасида бирдамликни сақлаш, тафриқачиликга барҳам бериш ва ўтган буюк зотларни йўлини маҳкам ушлашга даъват этишдан иборатдир. Бу борада Қуръони карим оятларида ва пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида кўплаб далиллар келган.
وَمَنْ يُشَاقِقِ الرَّسُولَ مِنْ بَعْدِ مَا تَبَيَّنَ لَهُ الْهُدَى وَيَتَّبِعْ غَيْرَ سَبِيلِ الْمُؤْمِنِينَ نُوَلِّهِ مَا تَوَلَّى وَنُصْلِهِ جَهَنَّمَ وَسَاءَتْ مَصِيرًا
«Ким ўзига ҳидоят аён бўлгандан кейин Росулуллоҳга хилоф қилса1 ва мўъминлар йўлидан бошқа йўлга юрса2, бурилган нарсасига буриб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон қайтар жой бўлди». (Нисо 115-оят) [i]
فَإِنَّهُ مَنْ يَعِشْ مِنْكُمْ بَعْدِى فَسَيَرَى اخْتِلاَفًا كَثِيرًا فَعَلَيْكُمْ بِسُنَّتِى وَسُنَّةِ الْخُلَفَاءِ الْمَهْدِيِّينَ الرَّاشِدِينَ تَمَسَّكُوا بِهَا وَعَضُّوا عَلَيْهَا بِالنَّوَاجِذ
Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида шундай деганлар: «Сизлардан Ким мендан кейин яшаса кўп ихтилофларни кўрадилар. Бас, сизлар менинг суннатимни ва мендан кейинги рошид халифаларни суннатини маҳкам тутинглар. Уларни маҳкам ушлаб, тиш билан тишлагандек тутинглар». (Имом Байҳақий, имом Абу Довуд ривоят қилган) “Ашрафут тавзиҳ”да бундай дейилади: “Ушбу ҳадисда Расулу акрам соллоллоҳу алайҳи васаллам ўз суннатлари билан биргаликда хулафои рошидинларнинг ҳам суннатларини лозим тутишга амр қилганлар. Бундан хулафои рошидинларнинг суннатлари ҳам ҳақнинг меъёр ва андозаси эканлиги маълум бўлади. Анваршоҳ Кашмирий “Хулафои рошидинларнинг мақоми ташриъ билан иждиҳод орасидадир. Ташриъ пайғамбарларнинг мақоми, иждиҳод мужтаҳид имомларнинг ишидир. Хулафои рошидинларнинг мақоми ташриъдан пастроқ, мужтаҳидликдан эса юқори мақомдир”, деганлар. Ана шу ҳадисга биноан тўрт имомга эргашувчиларнинг номи “Аҳли сунна вал жамоа” бўлди. Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламнинг тутган йўллари “суннат”, саҳобаларнинг иттифоқ билан тутган йўллари эса “жамоат”дир. Демак, суннат ҳамда жамоатни тан олувчилар “Аҳли сунна вал-жамоа” дейилар экан.
عَنْ أَبِى ذَرٍّ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- :« مَنْ فَارَقَ الْجَمَاعَةَ شِبْرًا فَقَدْ خَلَعَ رِبْقَةَ الإِسْلاَمِ مِنْ عُنُقِهِ »
Абу Зарр р.а.дан ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: «Ким жамоатни бир қарич ажралса, батаҳқиқ бўйнидан ислом бўйинбоғини ечган бўлади».
Демак, юқоридаги гаплардан кўриниб турибдики, Аҳли сунна вал жамоанинг аҳамияти шундаки – унинг биринчи навбатда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи васалламнинг, саҳобаи киромларнинг ва ўтган улуғ мужтаҳид олимларнинг йўлини маҳкам тутишликдир.
1. Бу суннатнинг ҳужжатлигига далил
2. Бу ижмонинг ҳужжатлигига далил
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” ислом билим юрти ўқитувчиси
