ШУКР ҚИЛИШЛИК САХОВАТПЕШАЛИК АЛОМАТИ
23

Сахийлик энг яхши инсоний хулқлардандир. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом яхшилик қилишда, сахийликда, инфоқ-эҳсон қилишда саховатлиларнинг саховатлиси эдилар. У зотдан бирон нарса сўралса, асло йўқ демасдилар.
Кимга мол — дунё берилган бўлса, уни кўпайтириб, босиб ётмасдан инфоқ — эҳсон, садақа йўлларига сарф қилиши керак. Сахийлик нажот топишнинг йўлларидандир. Аллоҳ таоло сахийликни инсонларнинг энг яхши фазилатларидан санаб, сахий кишиларга охиратда улкан ажр — савоблар бўлиши хабарини берган: “Аллоҳ йўлида молларини инфоқ-эҳсон қиладиган кишиларнинг мисоли худди ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқарган бир дона донга ўхшайди. (Яъни, қилинган бир яхшилик етти юз баробар бўлиб қайтишига ишора қилинмоқда). Аллоҳ ўзи хоҳлаган бандаларига бир неча баробар қилиб беради. Аллоҳ (фазли-карами) кенг, билгувчи зотдир» (Бақара сураси, 261-оят).
Ҳазрат Оиша розияллоҳу анҳо ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Сахийлик бир дарахтдир, унинг томирлари жаннатда, шохлари эса дунёга тушгандир. Ким унинг бир шохига осилса, уни жаннатга олиб боради. Бахиллик ҳам бир дарахт, томирлари дўзахда ва шохлари дунёга тушган. Ким унинг бир шохига осилса, уни дўзахга олиб боради”.
Саховат, аллома Бадруддин Айнийнинг изоҳлашича, «Ҳақдорга тегишли нарсани бериш, ўз молидан ҳеч бир эвазсиз сарфлашдир. Бу энг улуғ чиройли хулқлардан бири. Бахиллик эса бунинг аксидир».
Сахийнинг Аллоҳга яқинлиги масофа маъносида эмас, балки Аллоҳнинг раҳмати ва савобига яқинлик маъносидадир. Зеро, Аллоҳ таоло макон ва замондан пок Зотдир.
Одамларга яқин бўлиши деганда, уларнинг муҳаббати, ҳурмати ва эъзози каби маънавий яқинлик кўзда тутилган. Мазкур ўринда ҳам макон жиҳатидан яқинлик мақсад қилинмаган.
Жаннатга яқинликдан мурод масофа бўлиши мумкин, бу жоиздир. Чунки киши ўз молидан Аллоҳ таоло розилиги учун лойиқ жойларга мўл-кўл сарф қилиш билан жаннат йўлини тутган ҳисобланади. Ҳадиси шарифларда жаннат атрофи қийинчилик ва машаққат, дўзах атрофи эса шаҳват ва маъсият пардалари билан ўралгани айтилади. Киши амали туфайли дўзахдан узоқ бўлиб, жаннатга яқин бўлади ёки аксинча.
Инсоннинг жаннатга яқинлашуви жаннат билан ўзи орасидаги пардаларни кўтариши демакдир. Хайрли амаллар, хусусан, Аллоҳ таоло ризоси йўлида қилинган сарф-харажатлар ана ўша пардаларни кўтаришини олимлар баён этганлар.
Хабарларда сахийлик ва сахийлар ҳақида шундай дейилган: “Сахий кишининг таоми шифодир, бахил одамнинг таоми касалликдир”, “Сахий кишининг хатоларини кечиринглар, чунки Аллоҳ таоло ҳар бир қоқилганида уни қўлидан тутиб туради”, “Хуфёна қилинган садақа Аллоҳнинг ғазабини сўндиради”.
Шу туфайли салафи солиҳлар ўзларининг садақаларини одамлар кўзидан яширишда муболаға қилганлар. Токи садақа бергувчининг кимлиги билинмасин. Баъзилари кўр камбағални, баъзилари ухлаб ётган фақирни қидирар, баъзилари эса фақирлар олиши учун улар ўтадиган йўлга садақаларини ташлаб қўйишар эди.
Яҳё ибн Муоз айтади: “Ҳар қандай одамнинг қалбида сахийга муҳаббат, бахилга нафрат бор”. Ҳасан Басрий: “Торлик, зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади”, деганлар.
Имом Ғаззолий айтади: “Бахиллик дунёга боғланишнинг меваси, сахийлик эса зуҳднинг, яъни дунёга қиймат бермаслик самарасидир. Сахийлик ҳақиқий тавҳид ва таваккулга эришиш натижасидир. Яъни садақа билан мол камайиб қолмаслигига, Аллоҳ таолонинг бирга ўн баробар қилиб қайтариш ваъдасига ва ризқни Аллоҳ таоло етказишига ишончдан сахийлик туғилади. Бахиллик шубҳадан туғилади. Сабабларга ёпишиб қолиш ва Аллоҳ таолонинг ризқ ҳақидаги ваъдасидан шубҳаланиш натижасидир”.
Сахийлик ва бахилликнинг бир неча даражалари бор. Сахийликнинг энг олий даражаси ўзининг мол-дунёга ҳожати бўлиб турса-да, қўлидаги ҳамма нарсани сахийлик билан бошқаларга тарқатиб юборишдир. Бахилликнинг энг юқори поғонаси эса кишининг молга ҳожати бўлатуриб, уни ўзига сарфлашда бахиллик қилишидир. Ҳазрати Али айтганларидай, “Бойлик эҳсон қилинса – иззат, беркитилса хорлик келтиради”.
Роббимиз ўз бандаларини доимо хайру саховатли бўлишга буюради. Сахийлик инсонга бахт-саодат келтирадиган ва ўзгаларнинг севимли кишисига айлантирадиган хислатдир. Меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилат ҳамдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади. Донолар айтганидек, “Ақлнинг қадри одоб билан, бойлик қадри саховат билан ошади”.
Музаффар Қосимов
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом
билим юрти маънавий -маърифий
ишлар бўйича мудир ўринбосари
