Тинчлик ва хотиржамлик — Аллоҳнинг неъматидир
49

Муқаддас Ислом дини ўз номи билан тинчлик динидир. Унинг таълимотидаги асосий даъват инсонларни тинчликка чақириш, Ер юзида осойишта ҳаёт ўрнатиш, кишиларни бир-бирига меҳр-мурувватли бўлишга, дини, миллати, ирқидан қатъий назар, ўзаро иззат-ҳурмат кўрсатишга чорлашдир. Қуръони каримнинг Бақара сураси 208-оятида Аллоҳ таоло инсониятни ёппасига тинчликни қарор топтириш ишига киришишга буюрган. Тафсир китобларида келтиришича, оятдаги биргина “коффатан” сўзи бир жиҳатдан барча инсонлар бирлашган ҳолда тинчлик йўлини тутишлари лозимлигини билдирса, бошқа жиҳатдан тинчликни барқарорлаштириш учун қайси йўл билан бўлса ҳам ҳисса қўшиш зарурлигини билдиради.
Инсоният яшаш давомида эзгу мақсадларга етиш учун доимо изланади ва ҳаракатда бўлади. Эзгу мақсадли инсон орзу-умидини амалга ошириши учун энг катта таянч тинчлик ва осойишталик муҳитидир. Одатда, тинчлик сўзи кишини безовта қилмасликни, ҳолатларнинг тинч ва осойишта, уруш-жанжалсизлигини, ҳаёт ва турмуш тизимининг бир меъёрда бўлишлигини ифода этади.
Оилада тинчлик ва осойишталик ҳукм сурса, оила бардавом ва мустаҳкам бўлади. Эл-юртда тинчлик ва осойишталик давом этса, мамлакат тараққиёти, фаровонлиги, юрт аҳлининг турмуши обод бўлади. Буларни акс эттирувчи муқаддас қадриятларимиз, миллий урф-одат ва расм-русумларимиз, динимиз бевосита хотиржамлик силсиласига узвий боғлиқдир. Халқимиз тинчлик ва осойишталикни истаб кундалик ҳаётида қатор диний ва миллий фазилатларни амалга оширади. Жумладан: Улар кўришганида салом беради. Бу бир-бирларига тинчлик, омонлик тилаш рамзидир. Дуо қилса, Яратгандан хонадонларимизни тинч, юртимизни обод қилгин деб юзига фотиҳа тортади.
Ҳар бир яхшилик, эзгулик устида тинчлик бўлсин дея, келажак учун яхши ниятлар қилади. Тўй-тантаналарда тўйлар бўлаверсин дейди, чунки тўй тинч ва фаровон кунлар боис ўтадиган тантанадир.
Оилада янги меҳмон туғилса, гўдакка узоқ умр, баланд мартаба, унинг бахтига тинчлик, икки дунё обрўси ва бахт-саодат берсин деб илтижо қиладилар.
Бир сўз билан айтганда, инсониятга, дов-дарахтга, чорва-молга, қурт-қумурсқага ҳаводек зарур бўлаётган тинчлик-хотиржамлик, осойишталикдан ҳам зиёда, мўътабар неъмат йўқ.
Муқаддас динимиз дастури бўлмиш Қуръон оятларида тинчлик-осойишталикка катта эътибор қаратилади, хусусан, Исро сурасининг 83-оятида тинчлик-осойишталик неъмати учун шукр қилиш тўғрисида Аллоҳнинг кўрсатмаси келган.
Тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликнинг қадрига етиб, шукрини адо этишлари, балки унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим. Зеро, тинчлик ва хотиржамликнинг улуғ неъматлиги доимо кундалик хайриятларимизнинг бошида зикр қилинади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Эй, Парвардигор! Дунё ва охиратда тинч ва омонда қилгин” деб қилинган дуодан кўра афзалроқ дуо йўқдир”, деб энг аввало инсон дунё ва охиратда тинч-омон бўлишлигини сўраб, дуо қилишлиги зарурлиги тўғрисида кўрсатма берганлар.
Айнан шу мазмунни Анас разияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “(Эй, Анас!) Аллоҳ таолодан дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишликни сўрагин. Зеро, сенга дунё ва охиратда тинч ва омонда бўлишлик берилса, нажот топибсан” дедилар (Имом Термизий ривояти).
Пайғамбаримиз бошқа бир муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Икки неъмат борки, кўпгина инсонлар бу неъматлардан бебаҳрадурлар. Булар тинчлик ва саломатликдир” деб тинчликнинг нақадар бебаҳо неъмат эканлигини билдирганлар.
Тинчликни, oзoдликни вa миллий истиқлoлни oрзу қилиб aзиз жoнлaрини фидо қилиб қанчадан-қанча аждодларимиз ўтиб кетдилар. Бугун дунёнинг кўплаб бурчакларида тинчликни, осойишта тонгни орзу қилиб яшаётганлар ҳам кўп. Бизлар тинч ва осойишта диёримизда мавжуд тинчлик неъматининг қадрига етиб, уни янада мустаҳкам бўлишига ўзимизнинг ҳиссамизни қўшиб яшашимиз зарур.
Ўткир ҒУЗАРОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
