АХЛОҚИМИЗ ГЎЗАЛ БЎЛСИН!
20

Одоб — миллатимиз кўрки, ҳаётимизнинг мағзидир
Бу дунёга келган инсонлар бир-бири билан муомала қилмасдан иложи йўқ. Одамларнинг бир-бири билан қиладиган муомалалари худди меҳмонга қиладиган муомаладек ширин ва мулойим бўлиши шарт, зеро барчамиз бу дунёда вақтинчалик меҳмонмиз.
Бу тўғрида Оиша онамизга қилган панду-насиҳатларида Пайғамбаримиз (с.а.в.) бундай деган эканлар: «Эй Оиша, ўзингга юмшоқликни лозим тутгин, қўполлик ва ундан пайдо бўладиган ёмонликлардан сақлан, чунки юмшоқлик аралашган ҳар бир нарса ҳуснлик бўлур ва юмшоқлик аралашмаган нарсанинг айблари кўриниб қолур».
Дарҳақиқат, юмшоқ, ширин сўзли кишини барча яхши кўради, қўпол кишидан эса ўзини четга олади. Пайғамбаримиз (с.а.в.) умматларини кўркам хулқли бўлишга чақириб шундай деганлар: «Қиёмат кунида мўъмин банданинг барча амаллари тарозуга қўйилганда энг тош босадиган амали яхши хулқдир, Аллоҳ таоло шармсиз, беҳаё сўз қилувчиларни ўзига дўст тутмас».
Ҳадисда келтирилишича: «Одамларга аралашмаган, уларнинг озорларига сабр қилмаган мўъминдан, одамларга аралашган, уларнинг озорларига сабр қилган мўъмин афзалроқдур». Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир куни саҳобаларидан: «Хўш, кимни энг кучли дам деб ўйлайсизлар?»-деб, сўрадилар. Саҳобалар: «рақибини тезлик билан енгадиган, йиқитадиган киши энг кучли полвон бўлади», деб жавоб бердилар. Шунда у зот (с.а.в.): « Йўқ, ундай эмас, жаҳли чиққанда ғазабини ичига юта оладиган киши энг кучли полвондир», дедилар. Шу сабабдан Аллоҳ таоло ҳам ғазабини ичига юта оладиган кишиларни Ўз китобида мақтаган: «У тақводор зотлар яхши-ёмон кунларда инфоқ-эҳсон қиладиган, ғазабларини ичига ютадиган, одамларнинг (хато-камчиликларини) авф этадиган кишилардир. Аллоҳ таоло бундай яхшилик қилувчиларни севади». (Оли-Имрон сураси, 134-оят).
Aбу Aбдуллоҳ Бaлxий: «Нaфснинг одоби илмнинг одобидaн кўпроқ, илмнинг одоби илмнинг ўзидaн кaттaроқ», дегaнлaр.
Aбдуллоҳ ибн Муборaк aйтaдилaр: «Aгaр менгa, бир кишидa aввaлгилaру оxиргилaрнинг илми бор, деб сифaтлaшсa-ю, ундa одоб бўлмaсa, у билaн учрaшмaгaнимгa aфсуслaнмaймaн, aгaр бир киши ҳaқидa нaфс одоби бор деб эшитсaм, унгa йўлиқишни орзу қилaмaн, учрaшмaсaм aфсуслaнaмaн». (“Бўстонул орифин”. Aбу Лaйс Сaмaрқaндий)
Ҳикоя қилишларича, улуғлардан бирининг хизматкори хўжайинига таом келтираётиб, оёғи чалишиб, йиқилади ва қўлидаги таом тўкилиб, гиламни булғайди. Хўжайин ғазабга тўлади, шунда хизматкор: «Эй тақсирим, Аллоҳ таолонинг сўзини эсланг», дейди. Аллоҳ нима деган?- сўрайди, хўжайин. Аллоҳ таоло «Ғазабни ютувчилар»-деган дейди хизматкор. Шунда хўжайин, «Майли мен ҳам ғазабимни ичимга ютдим», дейди. Аллоҳ таоло яна: «Яхшилик қилувчиларни Аллоҳ севади», деган дейди хизматкор. Шунда хўжайин: «Аллоҳ таоло учун сени озод қилдим», деб хизматкорни қулликдан озод қилади ҳамда минг динор ҳадя беради.
Шу кичик ҳикоядан Аллоҳ жала ва аълонинг ахлоқ-одобга чақирган бир ояти кишининг икки дунёсини ҳам обод қилиши мумкинлигини гувоҳи бўламиз. Бир оятга амал қилган хизматкор қул Аллоҳнинг раҳматига эришиб, иккинчи тарафдан мустақиллик, ҳурлик саодатига эришди.
Абдулла Авлоний аҳлоқ — бу хулқлар мажмуасидир, аммо яхши хулқ ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Уларнинг шаклланиши учун маълум бир шароит, тарбия кераклигини айтади. Ва тарбиянинг бола камолотида тутган ўрни тўғрисида шундай дейди:
Темирчининг боласи тарбият топса бўлар олим,
Бузилса хулқи, Луқмон ўғли бўлса ҳам, бўлғуси золим!
Юқоридаги фикрлардан келиб чиқиб, одоб — миллатимиз кўрки, ҳаётимизнинг мағзидир деган хулосага келиш мумкин.
Шундай экан, аждодларимиз бизларга омонат қилиб қолдирган бу юксак маънавий мерос – одоб-ахлоқни келажак авлодга покиза ҳолда қолдириш учун масъуллигимизни унутмаслигимиз керак.
Ўткир ҒУЗАРОВ,
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти мудири
