Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиздир!
69

Ҳеч кимга сир эмаски, ер юзи бўйлаб кейинги йилларда турли омиллар сабаб қурғоқчилик тобора ортиб бормоқда. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда ёзилмоқда, ҳисоботлар қилинмоқда, оммавий ахборот воситаларида бу борада кўрсатувлар тайёрланмоқда, йириқ ташкилотлар бу муаммони олдини олиш бўйича чора тадбирлар кўрмоқда. Жумладан, юртимизда ҳам бу глобал муаммони олдини олиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бу муаммо умумбашарнинг муаммоси экан, ҳар бир инсон бу борада қайғуриши керак, қўлидан келган барча ишни қилмоғи матлубдир. Ёзувчи ўз қалами билан, амалдорлар куч қуввати, салоҳияти билан, бойлар ўз маблағи билан, оддий инсонлар ҳам бир оғиз сўз билан бўлса ҳам ўзларининг ҳиссаларини қўшиши керак. Сувни ҳам Аллоҳ таоло томонидан берилган омонат деб билиб, келажак авлодларга етиб бориши тўғрисида ҳар ким қайғурмоғи керак.
Инсониятнинг Аллоҳ неъматларига, хусусан сувга бўлган эътиборсизлиги, исрофгарчилиги, ношукрлиги оқибатида катта муаммолар келиб чиқмоқда. Ҳозирги пайтда жами 470 миллиондан зиёд киши сув тақчиллиги кескинлашган минтақаларда, 2,4 миллиард киши эса, сув тозалаш қурилмалари ва дренаж тизими орзулигича қолаётган ўлкаларда яшайди. Сифатли ичимлик суви етишмаслигидан жаҳонда йилига миллионлаб киши касалланиб, нобуд бўлаётир. Муаммо кўлами шунга етиб келдики, сув туфайли мамлакатлар ўртасида катта можаролар келиб чиқяпти, сув бошида турган айрим юртлар сув этагида бўлган ўлкаларга сув бермаслик учун турли найрангларни ўйлаб топишяпти, бундан ўзларининг ғаразлари йўлида фойдаланишни кўзлашяпти.
Улкан-улкан саҳро ва чўллар сув йўқлиги туфайли обод бўлмай ётибди. Бир ўлкада сув тошиб, одамлар қочгани жой тополмай қийналса, бошқа бир ўлкада жонзотлар бир ҳовуч ичимлик сувига зор.
Афсуски, сувни исроф қилиш етмаганидек, айрим жоҳил кимсалар томонидан сув ҳавзаларига, ариқ, канал ва сув шохобчаларига турли чиқиндилар ташланмоқда. Уларни ифлослантириш шу даражага етдики, ҳатто баъзи хонадонлар оқава-нажосат сувларини ҳаётимиз манбаи анҳорларга, каналларга оқизмоқдалар. Бу на динимиз кўрсатмаларига ва на инсоний қонун-қоидаларга тўғри келади. Бундай гуноҳ ишлардан тезда қайтиб, дарҳол тавба қилиб, хатоларимизни ислоҳ қилишимиз зарур бўлади.
Шу ўринда ўтмишга бир назар солсак. Кекса ёшдаги ва ўрта ёшли кишиларимиз яхши билишадики, бундан 15-20 йил олдинги зилолдек сув тўлиб-тошиб оққан дарёларнинг сувлари бугунга келиб қуриб қолаётгани ачинарли ҳол албатта. Бу ҳолатлар ақли соғлом, юртни келажаги учун қайғурадиган ҳар бир кишини мазкур масалага жиддий ёндашишга мажбур қилади.
Сув – бу ҳаёт. Шу боис ҳам ота-боболаримиз унинг ҳар бир томчисини авайлаб, тежамкорлик билан фойдаланишга ҳаракат қилиш, сувнинг ҳар бир томчисидан самарали, оқилона ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик тўғрисида келажак авлодларга уқтириб келишган. Сувга қараб супурмагин, сувга тупурмагин, исроф қилмагин, оғир гуноҳ бўлади каби инсонни сувга бўлган ҳурматини ифода этадиган оқилона, айни пайтда, келажакни кўзлаб айтилган бу сўзлар замирида улкан ҳикматлар ва ўзбекона юксак одоб намунасини кўришимиз мумкин.
Бугунги кунда кишиларимиз орасида Аллоҳ таоло ўзларига ато этган турли неъматлар қатори сувни ҳам исроф қилаётгани, бу бебаҳо неъматга хўжасизларча бепарво муносабатда бўлаётганларнинг ҳам борлиги ачинарли ҳол. Ҳаётимиз учун энг зарур неъмат бўлган сув исрофи ҳаммасидан ошиб тушяпти. Сувнинг исроф бўлишига йўл қўймай, уни тежаб-тергаб ишлатайлик. Азиз фарзандларимизга ҳам сувни исроф қилмасликни ўргатайлик. Бир дона носоз жўмракдан томчилаётган сув бир соатда қанча бўлишини яхши тасаввур қиламиз. Сувни исроф қилмаслик барчамизнинг бурч ва вазифамиз эканлигини асло унутмайлик. Ҳозир жаҳонда ичимлик суви муаммоси энг биринчи даражали ташвишлардан бўлиб турибди. Бугунги кунда дунёда бир миллиарддан ортиқ киши ёки жами аҳолининг олтидан бир қисми тоза ичимлик сувига муҳтож.
Аллоҳ таоло Ўз калом шарифида кўп ўринларда бу масалага бандаларини эътиборини қаратган. Жумладан, “Биз осмондан баракотли сув – ёмғир ёғдириб, унинг ёрдамида боғ-роғларни ва ўриб олинувчи дон-дунларни ҳамда тизилган (мевали) новдалари бўлган баланд хурмоларни ундириб ўстирдик. Бандаларга ризқ бўлсин учун (мана шундай қилдик). Яна у сув ёрдамида ўлик шаҳарни – ерни тирилтирдик. (Ўликларнинг ўз қабрларидан қайта тирилиб) чиқишлари ҳам мана шундай бўлур” (Қоф сураси 9-11-оятлар).
Инсониятнинг қанчалик ақл-заковати кучли бўлмасин, техника воситалари қанчалик ривожланмасин барибир йўқдан бор қилиш имкониятидан маҳрум қилинган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда “Сизларнинг ризқларингиз осмонда” деб марҳамат қилган. Бу ояти каримани шундай тушунишимиз керакки, заминимизнинг бир қисми қуруқлиқ қолган қисми сув билан ўралган бўлсада, агар осмондан ёмғир тушмайдиган бўлса инсоният қийин ҳолатда қолади.
Бугунги кунда барча инсонлар аввало тоза сув ичиш, бунда меъёрга эътибор бериш, шу йўл билан саломатликларини муҳофаза этишнинг нақадар долзарблигини чуқур ҳис этишлари лозим. Барчамиз динимиз кўрсатмаларига амал қилиб, Аллоҳ таолонинг раҳмати ва инсонларга ато этган тансиқ неъматини тоза сақлаш, тежаб ишлатиш, истеъмолда меъёрларга риоя қилишда ҳамиша бошқаларга ибрат бўлиб келишган ва шундай бўлиб қолишлари зарур.
Машҳур океанолог Жак Ив Кусто “Ер – ҳаммамизнинг умумий уйимиз, сув эса танамизнинг қони”, деган эди. Биламизки, томирдаги қон бузилса, организм касалликка чалиниб, оғир аҳволга тушади. Шундай экан, сувга ҳам жон каби эътибор қаратиб, ҳар томчисини муқаддас билиш ва буни фарзандларимизга ҳам ўргатиш барчамизнинг бурчимиздир.
Ў. Маҳмудов
“Хожа Бухорий” номли ислом билим юрти илмий бўлим мудири
