Либосга оид одоблар

13

Албатта ислом дини покликга, гўзалликга тарғиб қиладиган диндур. Ислом дини мукаммал шариат бўлгач, унда барча нарсанинг одоби ва маданияти муфассал тарзда баён қилиб берилган. Шу жумладан динимиз таълимотида кийиниш маданиятининг ҳам ўзига хос одоблари мавжуд. Либос бу – Аллоҳнинг Ўз бандаларига ато этган тенгсиз неъматларидан бири десак муболаға қилмаган бўламиз. Чунки у инсонни аввало гуноҳдан сақлайди, иссиқ-совуқдан сақлайди, авратларини беркитади ва кишига зийнат бўлиб хизмат қилади.

Аллоҳ таоло муборак каломида шундай марҳамат қилади: «Эй Одам болалари, дарҳақиқат, Биз сизларга авратларингизни беркитадиган либосни ҳам, ясан-тусан либосини ҳам нозил қилдик. (Ҳаммасидан) яхшироқ либос тақво либосидир» (Аъроф сураси: 26-оят).

Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло инсонларга авратларини беркитадиган ҳамда уларга зийнат бўладиган ҳар турли либосларни яратиб бергани, уларга бу нарсаларни бичиш, тикиш ва тайёрлаш учун имкон берганини «нозил қилдик» деган сўз билан эслатар экан, авратларни мазкур либослар ила тўсишга амр этмоқда.

Аврат ўринлари эркакларда киндикдан тиззагача бўлган жойни ўз ичига олади. Демак, мазкур жойларни беркитиш вожибдир. Имом Аҳмад ўзларининг «Муснад» номли ҳадис тўпламларида ривоят қилишларича, Жарҳад исмли саҳобий сонини очиб турган пайтда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг ёнидан ўтиб қолдилар ва «Эй Жарҳад, сонингни ёп!. Зеро, сон авратдир», деганлар.

Мазкур ҳадиси шарифни ҳужжат қилиб аксар уламолар, жумладан, Ҳанафий мазҳаби уламолари сон авратдир, дейдилар. Шундай экан, киши энг камида ўзгаларга баданининг мазкур жойларини очиқ ҳолда кўрсатмаслиги лозим. Акс ҳолда гуноҳкор бўлади.

Кийиниш одоби борасида қисқача малумот бериб ўтсак.

  1. Либос инсоннинг терисини кўрсатадиган даражада юпқа ва шаффоф бўлмаслиги лозим.
  2. Тор бўлмаслиги, Аврат ерларининг шаклини кўрсатиб қўядиган даражада бўлмаслиги керак.
  3. Эркак киши кийинишда ўзини аёлларга ўхшатиб олмаслиги ёки аксинча, аёл эркакча кийинмаслиги лозим. Имом Бухорий ўзларининг «Саҳиҳ» тўпламларида қуйдаги ҳадисни келтирганлар: Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилган: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (кийинишда) ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва эркакларга ўхшаб кийинадиган аёлларни лаънатладилар». дедилар
  4. Кийим олишда ҳаддан ошмаслик, одамлардан ажралиб туриш учун ўта қиммат либосни харид қилмаслик лозим. Имом Аҳмад ўз «Муснад»ларида келган ҳадисда шундай дейилади

Абдуллоҳ ибн Умар разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: «Кимки, дунёда шуҳрат либосини кийса, Қиёмат кунида Аллоҳ унга хорлик либосини кийгазади».

  1. Эркакларга тилла тақинчоқлар ва ипак либосларни киймаслиги. Имом Абу Довуд ўзларининг «Сунан» номли ҳадис тўпламларида келагн ҳадис ҳам бунга далил бўлади.

Али разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ипак матони олиб ўнг томонларига қўйдилар, тиллани олиб чап томонларига қўйдилар. Сўнг: «Мана бу икки нарса умматимнинг эркакларига ҳаромдир!», дедилар.

  1. Либос кийишда ўнг томондан кийиш суннатдир. Оиша онамиз разияллоҳу анҳо айтадилар: «Набий алайҳиссаломга покланишда (яъни, таҳорат ва ювинишларда), соч тарашда ва оёқ кийим кийишда ўнг томондан бошлаш ёқар эди» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу ҳадисда фақат поябзал кийиш зикр қилинган бўлсада, ҳадисда тилга олинган суннат бўлмиш ўнг томондан бошлаш бошқа турдаги либосларни кийишга ҳам тааллуқли ҳисобланади.

  1. Оқ рангдаги либосларнинг афзаллиги. Абдуллоҳ ибн Аббос разияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: Набий алайҳиссалом шундай деганлар: «Кийимларингиздан оқ ранглисини кийинглар, зеро, у либосларингизнинг энг яхшисидир. Ва маййитларингизни ҳам унга (яъни оқ рангли матога) кафанланг!» (Абу Довуд ривояти).
  2. Кийимларни пок тутиш лозимлиги. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Муддассир сурасида Набий алайҳиссаломга қарата ва у киши орқали бутун инсониятга хитоб қилар экан: «Кийимларингни пок тут!», деган. Демак, либос покизалиги мусулмон кишининг ҳаётида ниҳоятда муҳим ўрин тутади.
  3. Инсоннинг устида яъни либосида Аллоҳ неъматининг асари кўриниб туриши. Абул Аҳвас номли саҳобий ўз отасидан ривоят қилади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурларига паст (эскириб кетган, увада) кийимларда келдим. Шунда у киши менга «Сенинг мол-давлатинг борми?», дедилар. Мен: «Бор!», дедим. «Нималаринг бор?», сўрадилар яна Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Мен: «Аллоҳ менга туя, қўй ва отлар ҳамда қуллар ато қилган», дедим. Буни эшитгач, Набий алайҳиссалом: «Аллоҳ сенга мол-дунё ато қилган бўлса, Унинг сенга берган неъмати ва икромининг асари кўриниб турсин!», дедилар (Абу Довуд ривояти).

Бир куни Абу Ҳанифа ҳамсуҳбатларидан бирининг устида эскириб, увадаси чиққан кийимларга кўзи тушди. Одамлар тарқалиб, мажлисда фақат Абу Ҳанифа-ю ҳалиги кишининг ёлғиз ўзи қолгач, Имом унга юзланиб, деди:

— Анави жойнамозни кўтаргин-да, тагидагини ол.

Киши жойнамозни кўтарди, қараса, тагида минг дирҳам пул бор эди.

— Уни олиб, уст-бошингни тартибга келтир, — деди Абу Ҳанифа.

Шунда, — мен ўзимга тўқман,- деди ҳалиги киши,- Аллоҳ менга бойлик, мўлчилик ато қилган. Бу пулларингизга эҳтиёжим йўқ.

Бу сўзларни эшитгач, Абу Ҳанифа ҳалиги кишига:

— Аллоҳ таоло сенга бойлик ва фаровонлик неъматини ато қилган экан, қани у берган неъматларнинг асари?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: «Албатта Аллоҳ Ўз бандасининг устида унга берган неъматининг асарини кўришни севади», — деган сўзлари сенга етиб келмаганми? Ҳамонки, бой экансан, ўзингни тартибга келтириб, уст-бошингга қараб юришинг даркор. Токи, ўз яқинларингни ғамга ботирмагайсан,-  дея насиҳат қилди.

Демак банда Аллоҳ берган мол-мулкга яраша масалан бой бўлса бойликга яраша кийиниши кийинганда ҳам муътадил бўлишлиги лозим. Бой киши кийиниши керак экан деб жуда қиммат кийимларни кийиб исрофгарчиликга йўл қўймаслик лозим бўлади. Бугунги кунда кийимга нисбатан шаҳват жуда ҳам юқори чўққига чиқди десак муболаға бўлмайди. Тўйларда байрамларда тадбирларда туғилган кунларда кийинишликда айни исрофгарчиликга йўл қўйилмоқда. Аллоҳ ҳар бир бандага берган нарсасини ҳисоб китобини қилади жумладан кийимга кетган сарф харажатларни ҳам сўроғи бўлади. Кийинишликдаги энг ачинарли ҳолат аёлларнинг эркакларга ўхшаб кийинишлари ва эркакларнинг аёлларга ўхшаб кийинишликлари нафақат Аллоҳнинг балки бандаларнинг ҳам ғазабига сабаб бўлмоқда. Кимларнинг авлодлари эканлигимизни ва фарзандларимизга ҳар бир қиладиган ишимизда ўрнак бўлаётганимизни унутмаслигимиз лозим.

Аллоҳ таолодан барчамизни тақво либоси ила зийнатлашини, хато-ю камчиликларимизни эса ўзининг сатри ила беркитишини сўраб қоламиз.

Абдуғани Бозоров,

“Хожа Бухорий” ўрта махсус

 ислом билим юрти ўқитувчиси