Аёл ва эркакнинг либоси ўзларига хос ва мос бўлсин

30

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам аёл билан эркакни бир-биридан ажралиб туришларини талаб қилганлар. Бу нарсага амал қилиш учун доимо таълим тарбия беришга ҳаракат қилганлар. Мисол учун Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларнинг эркакка ўхшаганларини ва эркакларнинг аёлга ўхшаганларини лаънатлаганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда аёл кишининг кийимини кийган эркакни ва эркак кишининг кийимини кийган аёлни Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлаганликлари айтилган.

Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам бу каби маънавий қайтаришлар билан бир қаторда амалий қайтаришлар ҳам қилганлар. У зот кийиниш ва қиёфа билан боғлиқ ман қилишларга риоя қилмаганларга мажбурий чоралар кўриб, масаланинг муҳимлигини ва аҳамиятини кўрсатишга ҳаракат қилганлар. Жумладан, аёлларга ўхшаган эркакларни ва эркакларга ўхшаган аёлларни ишора қилиб «…буларни уйларингиздан ҳайдаб чиқаринглар”, деганлар.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам фалончини, Умар ҳам фалончини Мадинадан сургун қилдилар деб исмини билдирмасдан бу ман этишга бўйсунмаганларга берилган жазолардан мисол келтиради.

Шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, ўзини бошқа жинс вакилига ўхшатиш фақатгина либос ва бўянишда ишлатиладиган нарсалардагина эмас балки гаплашиш ва юриш-туришда ҳам бўлмаслиги керак.

Ибн Ҳажар шундай дейди: «Либосларнинг шакли ҳар бир ўлканинг одатига кўра ўзгаради. Бир жойдаги либосда аёл билан эркакнинг кийиниши бир хил бўлиши мумкин. Фақат ҳолат ва вазиятга қараб аёллар ўраниш билан ажралиб турадилар».

Аёл ва эркак ўзларига хос ва мос оёқ кийимлар кийишлари керак. Мисол учун эркакларга оид оёқ кийимни кийган аёл ҳақида сўралганда Оиша розияллоҳу анҳо  Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам эркакларга ўхшаб кийинган аёлларни лаънатлаганлар деб жавоб қилган.

Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ҳозирги вақтда дунёда кучайиб бораётган турли маънавий таҳдидларнинг олдини олиш, “оммавий маданият”нинг зарарли таъсиридан фарзандларимизнинг тафаккурини ҳимоя қилишнинг долзарблиги ортиб бормоқда. Биз учун ахлоқий жиҳатдан номаъқул, миллий қадрият ва қарашларимизга ёт бўлган, лекин ҳозирги вақтда ҳаётимизга кириб бораётган мана шундай кўринишларни бамисоли юқумли касаллик деб қабул қилишимиз лозим. Ва айни шу асосда бундай хуружларни ўта хавфли ҳолат эканини англашимиз зарур.

 

Қодиров Омон,

“Хожа Бухорий”  ўрта махсус

ислом билим юрти ўқитувчиси