Ҳанафийлик – суннатга энг кўп амал қилувчи мазҳабдир
14

Бир кишининг илми уни Аллоҳ таоло ман этган нарсалардан қайтармаса, у одам катта таҳлика ичидадир. Имом Абу Ҳанифа
Абу Ҳанифа Ан-Нўъмон ибн Собит ал-Форсий Имом Аъзам номи билан танилганлар. Боболари асли Қобил аҳлидан бўлиб, диёрлари фатҳ бўлганда асир олиниб, сўнгра озод этилганлар. Абу Ҳанифа гарчи асирликдан озод этилган кишининг авлоди бўлсада, на унинг ўзи ва на отаси қулликда бўлмаган. Балки, асли ҳур бўлган. Форсий нисбатининг берилиши асрлар оша у зотнинг шарафларига шараф қўшди холос. Зеро, саҳобалардан сўнг ислом диёрида узоқ вақт илм майдонининг марказида турганларнинг аксар қисми ҳам мавлолардан эди. Қолаверса, Расулуллоҳ с.а.в.нинг айнан шулар ҳақида айтган башоратлари ҳам ўз тасдиғини топган эди: “Агар илм Сурайё юлдузида бўлганида уни форс ўғлонларидан бўлган кишилар олиб тушар эди”.
Абу Ҳанифа р.а. Кўфада 80- ҳижрий санада таваллуд топдилар. Шу ерда ўсиб -улғайиб ҳаётининг аксар қисмини шу шаҳарда таълим олиб, таълим бериб ўтказди.
Оталари Собит ибн Зуто ҳам ислом динида таваллуд топган. Ривоят қилинишича, у киши болалик вақтида отаси Зуто билан Али ибн Абу Толиб билан учрашган. Шунда Али р.а. унинг ўзи ва зурриётлари ҳақига барака тилаб дуо қилган.
Абу Ҳанифа соф исломий оилада улғайди. Ҳаётини тижоратчилик билан бошлади. Сўнгра ўз замонасининг фақиҳи Аш-Шаъбий ундаги заковат ва фикрлаш қобилияти кучлилигини кўргач, тижоратни ташламаган ҳолда уламоларнинг суҳбатида ҳозир бўлиб туришликни тавсия қилдилар. Шундан сўнг Имом Аъзам тижорат билан шуғулланиш билан бир пайтда илм олишга киришдилар.
Абу Ҳанифа р.а. ўз замонасидаги исломий маърифатни ўзлаштира билдилар. Қуръони каримни Осим қироати бўйича ёдладилар, ҳадис, наҳв ва адабиётлардан етарли даражада таҳсил олдилар. Шунингдек, калом илми ва дин асосларидан дарс ўқидилар. Эътиқод ва шунга боғлиқ масалаларда ихтилоф қилаётган фирқалар билан баҳс ва мунозара олиб бордилар. Сўнгра, фиқҳ илми билан шуғулланишга ўтдилар. Умрининг охиригача шу илм билан шуғулланишда давом этиб, бор тафаккурини шунга баҳшида этдилар. Фиқҳ илмини танлаганлари ҳақида у зотнинг ўзлари шундай деган эдилар: “Ҳар қачон фиқҳ билан машғул бўлганимда қалбимда унинг улуғлиги янада ортиб бораверади… Билдимки, фарзларни адо этиш, динни қоим қилиш ва ибодатни мукаммал бўлиши фақат фиқҳни билиш билан тўғри бўлади. Дунё ва охират талаби ҳам айнан фиқҳни билишдадир”.
Абу Ҳанифа р.а. 22 ёшларидан фатво беришни ўрганиш учун ўз асрининг улуғ машойихларидан Ҳаммод ибн Абу Сулаймоннинг хизматларида бўлиб, то шайхи вафот этгунича, яъни қирқ ёшигача ундан ажрамадилар. Абу Ҳанифа р.а. шайхи Ҳаммоднинг хизматида бўлган вақтларида ҳам кўп марта Аллоҳнинг байтига ҳаж зиёратига бориб, Макка ва Мадина шаҳарларидаги фуқаҳо ва муҳаддис уламолар билан учрашганлар. Улардан ҳадислар эшитиб, фиқҳий масалаларда улар билан музокара олиб борганлар, ўз навбатида уларнинг фиқҳий усулларидан бохабар бўлганлар.
Тобеинларни қаерда ва қачон илм олганларини синчиклаб ўрганар, хусусан фиқҳ ва ижтиҳодда алоҳида ўрин тутган саҳобалар билан алоқада бўлган тобеинларга эргашар эди. Бу хусусда Абу Ҳанифанинг ўзлари: “Умар р.а, Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.ва Ибн Аббос р.а.ларнинг фиқҳини ўзларининг асҳобларидан олганман”. деганлар
Абу Ҳанифа р.а. қирқ ёшида Кўфа масжидида шайхи Ҳаммоднинг ўрнини эгалладилар. Шогирдлари билан янги фатволар ва турли масалалар устида музокара олиб борар эдилар. Ўхшаш мисолларни бир-бирига кучли мантиқ ва ўта закий ақл билан қиёслар эдилар ва шу тариқа ҳанафий мазҳабининг фиқҳий усулига асос солинди.
Абу Ҳанифа р.а. юксак даражада динга ва ибодатга берилган, кундузлари рўзадор, кечалари бедор, Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни мудом тиловат қилишликни ўзларига одат қилиб олган, ўттиз йил давомида тунни намоз ўқиб бедор ўтказган буюк зот эдилар.
Охират азобидан қўрқиб кўп йиғлар эдилар. Ҳатто, қўни қўшнилари унинг кўп йиғлашидан унга раҳмлари келар эди. Ўта ҳаёли, барча гўзал одобларни ўзида мужассам этган, хусусан шайхларига нисбатан одоб сақлаган шогирд, ота-онасига меҳрибонлик кўрсатган, ҳар намозда уларнинг ҳақларига дуо қилиб, номларидан садақалар қилган фарзанд эдилар.
Абу Ҳанифа ўта парҳезкор эди. Айтар эдики: “Агар банда ҳаёти давомида Аллоҳ таолога ибодат қилиб, ҳатто манабу устунга ўхшаб қуриб қақшасада аммо қорнига кираётган нарса ҳалолми ёки ҳаром эканлигини билмаса унинг ибодати қабул бўлмайди”. Шунинг учун ҳам шубҳа аралашган нарсалардан ўзини сақлар эди. Агар бирор молда шубҳа борлигини гумон қилса уни фақир ва муҳтожларга тарқатиб юборар эди. Дарҳақиқат, бир куни тижоратдаги шериги айби бор кўйлакни айбини айтмай сотиб юборгани учун бор молининг ҳаммасини садақа қилиб юборган.
Абу Ҳанифа р.а. одамлар билан бўладиган тижорий муомалада жуда ҳам буюк омонат эгаси эди. Ҳатто кўпчилик у кишини тижорат соҳасида Абу Бакр Сиддиқ р.а.га ўхшатишар эди. У зот уламолар орасида қандай юксак мақомда бўлса, тижоратчилар орасида ҳам энг содиқ тижоратчининг комил тимсоли эди. У зот ҳақида замондоши Малийҳ ибн Вакийъ шундай деган: “Абу Ҳанифа р.а. буюк омонат эгаси эди. Аллоҳга қасамки, буюк қалбли инсон эди. Аллоҳнинг розилигини ҳамма нарсадан ҳам юқори қўяр эди. Агар Аллоҳ йўлида бошига қилич келса ҳам ҳақиқатдан қайтмас эди”.
Олийжаноблик ва саховатпешалик у кишининг энг кўзга кўринган хулқларидан эди. Тақводорлиги ва озгина фойда билан кифояланишларига қарамай тижоратлари кўп фойда келтирар ва даромадларининг аксарини машойихлар ва муҳаддисларнинг шарофати туфайли Аллоҳнинг фазлига сазовор бўлганини эътироф этган ҳолда уларга инфоқ қилар эди. Фузайл ибн Иёз айтади: “Абу Ҳанифа фиқҳ илмида машҳур фақиҳ киши эди. Молу давлати бисёр, атрофидаги кишиларга хайр-эҳсон улашиш одати ҳаммага маълум, кеча-ю кундуз илм олишга сабрли, тунлари қоим, кўп сукут сақлар, то ҳалол ёки ҳаром ҳақида савол берилмагунча гапирмас эди”.
Абу Ҳанифа р.а. ташқи кўриниши гўзал қиёфада бўлишига жуда ҳам катта эътибор қаратар эди. У кишини одамлар қандай яхши сифатлар билан зикр қилсалар, ўша сифатларга эга бўлишга ҳаракат қилар эди. Кийим бошига аҳамият берар, ҳушбўй суришни ҳуш кўрар, чиройли ҳайъатда юрар эди. Ўзига яқин бўлганларни ҳам мана шунга ундар ва Расулуллоҳ с.а.в.нинг: إن الله يحب أن يرى أثر نعمته على عبده
яъни: “Албатта, Аллоҳ таоло бандасига берган неъматининг асарини унда кўришни яхши кўради”, деган ҳадисларини эслатар эди.
Бошидан кечирган синовлари ва вафоти:
Абу Ҳанифа р.а. турли кучлар ўртасидаги зиддиятлар ва ихтилофлар авжига чиққан даврда яшади. Уммавийлар ва Аббосийлар давлатини кўрди. Атрофда содир бўлаётган воқеаларга чалғимай, ҳар қандай ҳолатда ҳам у ўз мавқесида турди. Бирор марта ҳам хорижийларга қўшилиб давлатга қарши чиққан ёки қўзғолончилар тарафида бўлиб ҳукуматга қарши бош кўтарган эмас. Уммавийларнинг Кўфадаги волийси Умар ибн Ҳубайра Абу Ҳанифани ўзи билан бирга ишлашини талаб қилганда, бош тортгани учун зиндонда азобланган. Сўнгра у ердан Маккага қочиб боради ва 130-136 ҳ. йиллар давомида Маккада қўним топиб, у ерда Ибн Аббос р.а.дан мерос бўлиб қолган усулда фиқҳ ва ҳадис фанлари билан танишади.
Давлатни бошқариш Аббосийларнинг қўлига ўтгач яна Куфага қайтиб келади. Уларга содиқ эканлигини эълон қилади ва Кўфа масжидидаги дарс ҳалақасига қатнашни давом эттиради. Абу Ҳанифа р.а. Аббосийлар давлатига нисбатан яхши муносабатда давом этиб борар эди, бироқ Халифа Мансурнинг Пайғамбар а.с.нинг оилаларига нисбатан, яъни Али р.а.нинг баъзи авлодларига нисбатан салбий муносабатда бўлиши Абу Ҳанифанинг халифани бу ишини танқид қилишига сабаб бўлди. Халифанинг атрофида Абу Ҳанифага ҳасад қиладиган кимсалар кўп эди. Улар халифанинг кўнглида Абу Ҳанифага нисбатан нафрат уйғотишга ҳаракат қилишар эди. Кунларнинг бирида халифа Мансур Абу Ҳанифа р.а.га унинг халифага нисбатан ихлосини синаш учун қозилик мансабини таклиф қилади. Абу Ҳанифа р.а. гуноҳкор бўлишдан қочиб қозилик мансабини қабул қила олмаслигини айтиб узр сўрайди. Чунки, у қозилик мансаби жуда оғир эканлигини, уни тўғри адо этишга қурби етмаслигини яхши билар эди. Айнан мана шу эътирози Абу Ҳанифанинг ўта оғир синовларга дучор бўлишига сабаб бўлди. Чунки, халифа Мансур учун Абу Ҳанифадан унинг танқидлари учун ўч олишга фурсат пайдо бўлди. Абу Ҳанифа р.а. бир қанча муддат зиндонга ташланиб, азобланди. Сўнгра, фақат фатво бериш ҳуқуқи билан зиндондан озод этилди. Аммо, у келган масалаларга фатво бермай қўйди. Шундан сўнг, яна зиндонга ташланди. Кейинчалик зиндондан чиқарилди ва уй қамоғига ҳукм қилинди. Унинг олдига одамлар келиши ва фатво бериши ман қилиб қўйилди. Энг ишончли ривоятларга кўра Абу Ҳанифа р.а.нинг ҳаёти то умрининг охиригача шу ҳолатда давом этди. Баъзи ривоятларда у кишини зиндонда заҳарлаб ўлдирилган, дейилган. У 150 ҳ. санада вафот этган.
Абу Ҳанифа р.а. жасадини Хайзарон деган жойга дафн қилишларини васият қилган эди. Уни ўша ерга олиб боришади. Жаноза намозида қатнашганларнинг адади эллик мингдан зиёд бўлганлиги айтилган. Жаноза намозини халифа Мансурнинг ўзи ўқиди. У Абу Ҳанифанинг нақадар буюк дин ва тақво соҳиби эканлигига иқрор бўлиб: сизнинг ҳаётингиз ва ўлимингиз учун энди мени ким маъзур тутади, деб надомат чекди. Аллоҳ таоло У зотни Ўз раҳматига олсин.
Аҳли сунна ва жамоа таълимотига эргашувчи тўрт мазҳаб – ҳанафийлик, моликийлик, шофеъийлик ва ҳанбалийликнинг ҳар бирининг асосини Қуръони карим ва ҳадиси шариф ташкил қилиши ҳеч кимга сир эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари ҳар бир мазҳаб фиқҳида асосий манбалардан бири ҳисобланади. Мазҳаб имомлари ҳамда уларга эргашган издошларидан ҳеч бири ҳадиси шарифдан ташқарига чиқмаган. Ҳадиси шариф турганда, ўз раъйлари ва фикрларини илгари сурмаган. Бу ҳанафий мазҳабида яққол ўз ифодасини топган, десак хато бўлмайди. Бироқ, афсуски, Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ ўз шогирдлари билан бирга ҳанафийлик мазҳабини таъсис қила бошлаган даврдан буён то ҳозирги кунимизгача ушбу мазҳаб аҳлига “аҳли раъй” деган тамға босилиб келади. Бу, асосан, салбий маънода ишлатилади. Яъни, дин ва мазҳаб душманлари: “Ушбу мазҳаб вакиллари ўз фикрларини оят ва ҳадисдан устун қўядилар; улар ҳадис турганда, уни олмасдан, ўз раъй-фикрларига эргашадилар; ҳадисни олмасдан Имоми Аъзамнинг гапини оладилар”, деганга ўхшаш бўҳтонни айтиб келадилар.
Ибн Ҳажар ал-Ҳайтамий раҳимаҳуллоҳ ўзининг Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг маноқиблари тўғрисида ёзилган “Ал-Хайрот ал-ҳисон” рисоласида бундай деган: “Билгинки, уламоларнинг Абу Ҳанифа ва унинг шогирдларини “асҳоби раъй” дейишларидан мақсад, уларни камситиш, уларни ўз раъйларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан ва у зотнинг саҳобаларининг гапларидан устун қўяди, деб нисбатлаш эмаслигини тушунмоғинг лозим! Чунки, улар бундан холидирлар!”
Ҳақиқат шуки, бизнинг ҳанафий мазҳабида бошқа мазҳабларга нисбатан ҳадисга эргашиш ортиқроқдир, ҳаммадан кўра бу мазҳаб соҳиблари ҳадислар маъносини чуқурроқ ва мукаммалроқ тушуниб етадилар. Ҳанафийликнинг асосий манбаси Қуръони каримдир. Ундан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари энг асосий манба ҳисобланади. Ҳатто, ҳанафий мазҳабида заиф ҳадис сохталик эҳтимоли бўлган қуруқ қиёсдан устун қўйилган.
Ҳанафийлик мазҳабида заиф ҳадис турганда қиёсга, раъйга ўрин йўқ, заиф ҳадисга амал қилинади. Бу ҳанафий мазҳабининг бошқа мазҳаблардан кўра устунлигини кўрсатади. Улар қанчалик ҳадисга амал қилишни даъво қилсалар ҳам, бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаса, унга амал қилмасдан ўз раъй-фикрларига кўра қиёс қилиб ҳукм чиқарадилар. Ҳанафийликда эса ундоқ эмас. Бирор бир масалага заиф ҳадисдан бошқа далил бўлмаган тақдирда, заиф ҳадисга амал қилинади, раъй-фикрга суяниб қиёс қилинмайди. Хуллас, ҳанафийликда заиф ҳадис барча турлари билан мужтаҳиднинг ёки бирор бир фақиҳнинг гапидан устун ҳисобланади.
Имоми Аъзам Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳ: “Аллоҳдан ва унинг Расулидан келган нарсаларни бош-у кўз устига қабул қиламиз! Саҳобадан келган нарсаларнинг эса энг яхшисини танлаб эргашамиз! Уларнинг гапларидан ташқари чиқмаймиз!” деган сўзларини барча маноқиб китобларда кўришимиз мумкин.
Манбалар асосида Сирожиддин ЖАҲОНОВ тайёрлади
“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти ўқитувчиси
