ЁШЛАР КАМОЛОТИ – ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИ ДЕМАКДИР…
22

Барчамизга маълумки, фарзанд инсон ҳаётининг мазмуни, насл-насабини давом эттирувчиси, оиланинг мустаҳкам занжиридир. Ҳозирги вақтда азиз фарзандларимиз, айниқса, келажагимиз ва ўринбосаримиз бўлган ёшларни буюк аждодларимиз каби гўзал хулқ ва одобли, кенг қамровли билимли, дунё тамаддуни ривожига муносиб ҳисса қўша оладиган даражада камолотга эришишларини, юксак маънавий мезонлар билан уйғунлашган умуминсоний қадриятларни чуқур ҳурмат қилиш руҳида улғайишларини таъминлаш борасида барча бир тан, бир жон бўлиб ҳаракат қилиши энг муҳим ва энг долзарб вазифалари бири бўлиб ҳисобланади.
Ёшларнинг барча соҳада етакчи бўлишлари учун энг аввало, одоб—ахлоқли бўлишлари лозим. Чунки одоб охират неъматларига етказувчи асосий воситалардан бири ҳисобланади.
Қуръони каримда, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида ҳам одоб-ахлоқ масаласига алоҳида эътибор берилган.
Бу ҳақда Қуръони каримда шундай оят бор: “Ер юзида кибрланиб юрма! Чунки сен (оёқларинг билан) зинҳор ерни теша олмайсан ва узунликда тоғларга ета олмайсан” (Исро сураси 37 оят).
Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир ҳадисларида: “Болаларингизга одоб беринглар ва одобларини чиройли қилинглар”, — деб марҳамат қилганлар (Имом Муслим ривояти).
Ҳусни хулқ инсондаги барча фазилатларнинг энг олий ва афзалидир. Чунки ҳусни хулқ эгасидан доимо яхшилик кутилади: ўзига, оиласига, жамиятга, балки бутун атроф-муҳитга ундан фақат манфаат етади.
Фарзандларга чиройли одоб-ахлоқ ва мусулмончиликни ўргатиш нафл ибодатдан кўра афзал ва савоблироқдир. Яхши фарзанднинг садақаи жорияси, савобли ишлари ота-онасининг қабрини пурнур, руҳи покларини шод ва масрур қилади. Яхши хулқ-одоб белгилари ўн хил бўлади:
Биринчиси – хайрли ишларда одамлар билан зиддиятга бормаслик. Иккинчиси – ҳис-туйғу ва эҳтиросларга берилмаслик. Учинчиси–ўзгаларнинг камчиликларини қидирмаслик. Тўртинчиси – бировларнинг бахтсизлигига ҳамдард бўлиб, уни тўғри тушуниш. Бешинчиси – агар айбдор ўз айбига иқрор бўлса, уни авф этиш. Олтинчиси – муҳтожларга ёрдам кўрсатиш. Еттинчиси – кишилар тўғрисида ғамхўрлик қилиш. саккизинчиси – ўз нуқсонларини кўра билиш. Тўққизинчиси – одоб-ахлоқли бўлиш. Ўнинчиси – хушмуомала бўлиш.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ бир куни ёшлар тарбиясига эътиборни жалб қилиш мақсадида ҳамсуҳбатларига: “Экин пишиб етилгандан сўнг нима қилинади?, — деб савол бердилар. Улар: “Ҳосили йиғиб олинади”, — дейишди. Шунда Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ: “Эй, йигитлар! Шуни билингларки, гоҳида экин пишиб етилмасидан олдин унга офат (касаллик) етиши ҳам мумкин”, — деб кишининг ўспиринлик даврини қандай ўтказиши унинг келажакда ким бўлиб етишишида муҳим ўрин тутишига ишора қилдилар.
Ислом дини таълимотига кўра, фарзанд Аллоҳ таоло томонидан ато этилган улуғ неъмат саналиши билан бирга у ота-онага топширилган масъулияти жуда катта омонат ҳамдир. Уни ақлан ва жисмонан соғлом ҳолда парвариш қилиш, одоб-ахлоқ ва мусулмончиликка доир бошланғич маълумотларни ўргатиб бориш ҳар бир ота-онанинг вазифаларига киради. Оиладаги соғлом муҳит ва тўғри тарбия фарзанднинг кейинги оладиган билим ва касб-ҳунарлари учун асос ва пойдевор ҳисобланади. Фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга тайёрлаш ҳам ўзимизга боғлиқ. Уларни ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, кимлар билан ўртоқлашяпти, қайси кўчада юрибди, нималарга қизиқиш пайдо қиляпти деб қизиқмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.
Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Ёшликдек олтин даврни ғанимат билиб, илм-фан, касб-ҳунарни эгаллаш ҳамма нарсадан муҳим эканини ота-она, ўқитувчи ва устозлар тушунтиришлари айни муддаодир. Муқаддас динимиз кўрсатмалари бўйича, мўмин-мусулмонлар, имон-эътиқодли, инсонпарвар ва меҳнатсевар бўлишлари керак. Лекин оят ва ҳадисларда илм-маърифат билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг қадри исломда йўқдек нотўғри эътиқодга эга бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам бир илм. Уларни бир-биридан ажратиш жоиз эмас. Масалан, Одам алайҳиссаломга фаришталарнинг таъзим саждасини бажо келтиришларига нима сабаб бўлган? У зот фаришталардан қайси хислатлари билан афзаллик қилдилар? Ҳа, биз ҳозир дунёвий илм деб атайдиган илмлар билан Одам ато малоикалардан устунлик қилдилар. Мавжудот ва махлуқотларнинг номларини бирма-бир айтиб берганлари туфайли таъзимга сазовор бўлдилар.
Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор экан. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга алоҳида эътиборни жалб қилишга, бошқа ишларга, беҳуда ўйинларга вақтни бекор сарфламасликка ўргатиб бориш ҳар бир ота-она ва устозларнинг масъулиятли бурчларидан эканини чуқур англаб, унга амал қилишимиз лозимлиги маълум бўлади.
Аллоҳ таолодан барчаларимизни ҳидоят йўлида барқарор қилиб, залолат йўлларидан Ўз паноҳида асрашини, фарзандларимизни солиҳ зурриётлардан қилиб, элимиз, юртимизга манфаатли, содиқ кишилардан қилишини сўраб қоламиз.
Юқорида келтирилганлардан хулоса қилиб айтамизки, одоб, чиройли хулқ фарзандларимиз камоли сари қўйилган илк қадам ҳисобланар экан. Одоб ва ҳусни хулқ эгаси бўлган ёшларгина илм ва касб-ҳунарда юксак чўққиларга етиша оладилар. Аллоҳ таоло ёшларимизни ҳусни ҳулқ ва одоб ила зийнатласин.
ЎТКИР ҒУЗАРОВ
“Хожа Бухорий” ўрта махсус
ислом билим юрти мудири
